Солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларнинг шахсий ҳисобварақлари маълумотларини солиқ бошқармаларидан ҳудудий солиқ инспекцияларига ўтказиш жараёнида юзага келган техник носозлик туфайли айрим солиқ тўловчиларнинг банк ҳисобварақларига такрорий инкассо топшириқномалари юборилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, солиқ органлари томонидан такроран юборилган инкассо топшириқномаларини ижросиз қайтариш, шунингдек, айрим ҳолатларда ечиб олинган маблағларни бугунги кун якунига қадар солиқ тўловчиларнинг ҳисобрақамларига қайтариш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Маълум қилинишича, маблағлар автоматик тарзда қайтарилади ва бунинг учун солиқ тўловчилардан қўшимча мурожаат қилиш талаб этилмайди.
Шу билан бирга, тижорат банкларида ҳали ижро этилмаган инкассо топшириқномаларини ҳам қайтариб олиш таъминланиши билдирилди.
Солиқ қўмитаси юзага келган ноқулайликлар учун солиқ тўловчилардан узр сўради.