Мазкур қарорга мувофиқ, Солиқ қўмитаси ҳузурида ташкил этилган Солиқ олий мактаби солиқ соҳаси учун замонавий ва юқори малакали мутахассислар тайёрлайди.

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Олий мактабда ўқиш муддати камида 3 йил бўлган бакалавриат таълим йўналишларига талабалар қабул қилинади. 2027/2028 ўқув йилидан эса магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим босқичлари йўлга қўйилади.

Олий мактабда қуйидаги йўналишлар бўйича кадрлар тайёрланади:

  • солиқлар ва солиққа тортиш;
  • рақамли солиқ маъмурчилиги;
  • солиқ ҳуқуқи;
  • молиявий назорат.

Битирувчилар давлат намунасидаги диплом билан бир қаторда солиқ маслаҳатчиси ва аудиторлик малака сертификатларини олиш учун махсус ўқув курсларини тугатганлик ҳақида ҳужжат ҳам олади.

Шунингдек, ACCA, DipIFR, CAP/CIPA, CIA ва ACA каби халқаро сертификатларни қўлга киритган талабаларнинг ўқиш харажатлари Олий мактаб томонидан қоплаб берилади.

Қарор билан Олий мактаб таркибидаги Солиққа оид тадқиқотлар маркази фаолияти ҳам кенгайтирилмоқда. Марказда сунъий интеллект асосидаги рақамли солиқ маъмурчилиги инновацион лабораторияси ташкил этилади. Бу ерда солиқ ислоҳотларининг иқтисодиётга таъсири ўрганилиб, илмий тадқиқотлар ҳамда халқаро «ақл марказлари» билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

2026 йил 1 августдан бошлаб солиқ органлари ходимларининг ҳар уч йилда камида бир марта малака ошириши мажбурий тартибда йўлга қўйилади. Илк бор ишга қабул қилинган ходимлар учун эса 3 ойгача давом этадиган махсус мослашув (onboarding) курслари ташкил этилади.

Ёшларда солиқ маданиятини шакллантириш мақсадида ҳар йили мактаб ўқувчилари, коллеж ва техникум ўқувчилари ҳамда талабалар ўртасида «Солиқ билимдонлари» кўрик-танлови ўтказилади. Танловнинг республика босқичи ғолиблари хоҳишига кўра Солиқ олий мактабига имтиёзли йўлланма асосида қабул қилинади.