Ушбу саволларга Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Гафуров жавоб берди.

— Иссиқ ҳавога юрак-қон томир, нафас йўллари, қандли диабет каби сурункали касалликлари бор фуқаролар, шунингдек кексалар, ҳомиладорлар ва болалар нисбатан сезгир ҳисобланади. Шу боис, улар соғлиғини тиббий назоратга олиш, зарурат бўлганда шошилинч ёрдам кўрсатиш жуда муҳим. Айниқса, жазирамада сурункали хасталиклар хуруж қилишини эътиборга олсак, тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари зиммасидаги масъулият янада ортади.

Рақамларга тўхталсак, аномал иссиқ кузатилган сўнгги 4 кунда республика бўйича "103" хизматига жами 166 минг 726 та чақириқ келиб тушди. Барча мурожаатлар белгиланган тартибда қабул қилиниб, беморларга ўз вақтида тез тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Эътиборлиси, жазирамага қарамай, айни шу кунларда чақириқлар динамикаси барқарор сақланди. Масъул ташкилотлар томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларга аномал иссиқ ҳаво шароитида эҳтиёт чораларига амал қилиш юзасидан берилган зарур тавсиялар туфайли мурожаатлар сонида ундан аввалги 4 кун (9-12 июль)га нисбатан жиддий ўсиш кузатилмади.

Мутахассислар аҳолига куннинг энг иссиқ соатларида заруратсиз ташқарига чиқмаслик, етарли миқдорда сув ичиш, ёғли, қовурилган ва жуда шўр овқатларни чеклаб, енгил ҳазм бўладиган таомлар ҳамда сабзавотли салатлар истеъмол қилишни тавсия этади.