Ҳар гал қишлоғимга борганимда у ердаги ўзгаришларга, одамларнинг турмуш тарзи, кайфиятига эътибор қаратаман. Шу мўъжаз қишлоғим қиёфаси йил сайин ўзгариб, қишлоқдошларимнинг яшаш шароити тобора яхшиланиб, турмуши фаровонлашиб бораётганидан, булар табиий равишда уларнинг кайфиятию руҳиятига ижобий таъсир кўрсатаётганидан ич-ичимдан қувонаман. Ким билан суҳбатлашмай гап-сўзларидан, юз ифодасидан ҳаётидан мамнунлиги, кўнгли хотиржамлиги сезилиб туради. Дарҳақиқат, рўзғори бут, оиласи тинч одамда ички хотиржамлик, ташқи босиқлик бўлади. Минг шукрки, сўнгги йилларда қишлоқдошларимнинг аксариятида ана шундай ҳолатни кузатмоқдаман. Худо кўрсатмасин, қандайдир ташвиши бор одам ҳаловатини йўқотади, сиз билан гаплашиб турадию хаёли бошқа томонда юради.
Ушбу сафарим асносида олдинлари унчалик аҳамият бермаганим айрим жиҳатлар эътиборимни тортди. Одатимга кўра эрта тонгда қишлоғимиз кўчаларини кездим. Бу пайтда тоғ этагидаги қишлоқ ҳавоси нақадар ёқимли, ҳузурбахш бўлади, мисоли қаймоқ, дейсиз. Ёлғиз ўзим оҳиста одимлайман. Уйларга разм соламан. Аксарияти замонавий усулда қурилган. Дарвозалар очиқ, ҳовли ичи кўриниб турибди. Ҳар бир дарвоза олдида турли русумдаги, жумладан, хорижий машиналар, иккита машина турган хонадонлар бор. Бир уй олдида иккита енгил автомобиль қаторида улкан юк машинаси ҳам турибди. Давлат рақамига эътибор бердим: хусусий. Шуларни мамнун ҳолда кузатиб борарканман, бир хонадондан бедананинг жарангдор овози эшитилди: битбилдиқ-битбилдиқ, вовақ... Оҳ, қандай ёқимли, нақадар ҳузурбахш! Бедананинг қўнғироқдай сайрашидан сархуш ҳолда йўл четидаги харсангга ўтирдим-да, денгиздай чайқалиб ётган сув омборига термилдим... Тизгинсиз хаёл болалик, ўсмирлик йилларимга етаклади...
Мен тенгиларнинг болалик ва ўсмирлигимиз шўро даврида ўтган. Бугун уларни ёшларга, хусусан, невараларимга гапириб берсам, улар “Бизга эртак айтяпсизми? Ундан кўра ўқувчилик пайтингизда қанақа телефон ишлатганингизни айтинг”, дейди. Мен куламанда, “Бизнинг мактаб давримиз у ёқда турсин талабалик йилларимизда ҳам бунақа телефонлар бўлмаган”, дейман. Улар ажабланади, ишонмайди. Ўтган асрнинг эллигинчи-олтмишинчи йилларида қишлоқларда электр бўлмаганини улар қаёқдан билсин. Керосин лампада дарс тайёрлаб, китоб ўқир эдик. Керосин олиш ҳам минг азоб, одамлар керосин сотадиган бочка олдида охири кўринмайдиган навбатда турар эди. Керосин сотувчи ўзи хон, кўланкаси майдон. Кимдир нимадир деб қўйса борми, қатор турган идишларни қаторасига тепар ва “йўқ керосин” деб бочкани қулфлаб, жуфтакни ростлаб қоларди. Кейин кўринг кексаю ёш унга ялинишини...
Ургут тамакига ихтисослашган район эди. Тамакининг инсон саломатлигига зарари ҳақида ёзишга юрак чидамайди. Эрта баҳорда сув оқиб турган жўякларда оёқяланг юриб тамаки кўчати қадаларди.
Бу ишни асосан аёллар ва болалар қиларди. Ревматизм ва бошқа касалликларнинг илдизи ана шу ерда эди. Кейин кун иссиғида ниҳолнинг тагини чопиш, бегона ўтдан тозалаш, етилгач, эрта тонгда баргини битталаб териш, сўнг оқшом бутун оила аъзолари қатор ўтириб беш метрлик ипга тизиш, уни қуритиш учун махсус ясалган “вагон” дейиладиган ёғоч сўриларга осиш, қуригандан сўнг буғхоналарга шилқиллатиб сув уриб, қуриган тамакини буғхона шифтига осиб, эшикни ёпиб суваб қўйиш, бир ҳафта-ўн кундан кейин очиб, намиққан баргларни пахта тойи каби тойлаш... Эҳе, бу жараёнларнинг қай бирини санаб чиқай. Тамакининг аччиқ ҳиди димоқни ачитар, одамлар чидаёлмай оғзи-бурнини қалин латта билан боғлаб олар эди.
Соғлиғи эвазига қилинган машаққатли меҳнатига яраша ҳақ олса кошки эди. Аксарият оилалар қўл учида кун кўрар, йил охирида ҳисоб-китоб қилиб “годовой” деб колхоз маълум миқдорда пул берарди. Бу пулни одамлар бола-чақасининг кийим-кечагига ишлатсинми, рўзғорига сарфласинми, тўй қилсинми... Боши-охирига етолмай гаранг бўлиб юрарди. Уйлар асосан бир уй ва бир даҳлиздан иборат бўларди. Ундан каттароқ уйлар камдан кам учрарди. Улар ҳам пахса деворли, томи лой сувоқли эди. Шиферли уй қурилиб қолса, ҳамма ҳавас билан қарарди, тунукали том эса одамларнинг тушига ҳам кирмаган.
Булар ҳам етмагандай сентябрнинг бошларидан пахтакор районларга пахта теримига олиб кетарди. Мактабларнинг олтинчи синфдан юқори барча синф ўқувчилари колхозчилар билан бир қаторда мавсум тугагунча юрарди пахта далаларида.
Энг ёмони “тамакисиз тирикчилик ўтмайди” деган тушунча одамлар онгига сингдирилган, улар шунга ишониб қолган, шу боис, соғлиғини ҳам ўйламай бола-бақраси билан тамакига “ёпишган” эди. Мустақил давлат бўлганимиздан кейин аста-секин тамаки экишга барҳам берилди. Қишлоқ аҳли асосан узумчилик ва боғдорчилик билан шуғулланмоқда. Рўзғори бадастир, тирикчилиги олдингидан ўн чандон яхши ўтаётир.
Адолат юзасидан айтишим керак, ўша пайтларда одамларда китоб, газета-журнал ўқишга қизиқиш бор эди. Идораларда, маҳалла ва мактабда кутубхона бўлар, улар яхшигина китоб фондига эга эди. Қиш кунлари баъзи хонадонларда йиғилиб китобхонлик қилинарди. Ўша йиллари нашр этилган халқ достонларини жам бўлиб ўқиш одат тусига кирган эди. Бунга телевизор йўқлиги ҳам сабаб бўлган деб ўйлайман. Телевизор 60-йилларнинг охирларида кириб келган, қишлоқ бўйича бир-иккита хонадонда бўлар, одамлар кечки овқатдан кейин ўша хонадонларга кинотеатрга боргандай йиғилиб, телевизор томоша қиларди. Гарчи китоб ўқишга иштиёқ бўлса-да, мактабни битириб, олий ўқув юртларига борадиганлар кам эди. Шу боис, қишлоғимизда ўша йиллари олий маълумотли киши йўқ эди. Техникум ёки билим юртини битирганлар қишлоқнинг обрўли одамлари ҳисобланарди. Бунинг сабаби менинг назаримда, фарзандини шаҳарга ўқишга юборишни одамларнинг моддий аҳволи тақозо қилмас, бунинг устига кўпчилик ота-оналар ўғилларини бағридан чиқаргиси келмас, мактабни битириши билан амаллаб уйлантириб қўяр ва у рўзғор ташвишлари билан андармон бўлиб қолар эди. Қизлар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. 60-йилларнинг ўрталарида қишлоғимиз ва ён-атрофдаги қишлоқлардан уч-тўрт йигит Тошкент ва бошқа шаҳарларда ўқишга кирди. Қовун қовундан ранг олади деганларидек, кейин уларга ҳавас қилиб институтларга кирадиганлар кўпайди.
“Хаёл оти бирла кезар” эканман
(А.Орипов), мустақилликка эришганимиздан кейин Самарқанд вилоятига раҳбарлик қилган ҳокимлар бир-бир кўз ўнгимдан ўта бошлади. Ўтган ўттиз беш йил давомида вилоятда бир неча марта ҳоким алмашди. Ҳозир ишлаб турган ҳоким ўн учинчиси. Бу ҳокимларнинг ҳар бири вилоятда маълум из қолдирган, албатта. Аммо халқ эслаб қолган, эслаганда ҳам яхши маънода ҳамон эслайдиган раҳбарлар кўп эмас. Оддий одамлар қалбидан жой олган ҳокимлардан бири, шубҳасиз, Шавкат Мирзиёев. У киши Самарқандда қисқа вақт ишлади (2001 йил сентябрдан 2003 йил декабргача). Шу қисқа фаолияти давомида вилоятда улкан ишларни амалга оширди. Қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқа соҳалардаги ишларни санаб ўтирмайман, улар барчага аён. Энг асосийси, одамларнинг дунёқараши ўзгарди, кўзи очилди. Ўзбекистон халқ шоири Барот Бойқобилов ўша йиллари бир суҳбатда бундай деган эди: “Шавкат Мирзиёев Самарқанд аҳолисини уйғотди”.
Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз бош вазири этиб тайинланган кезлари қишлоққа бордим. Қишлоқдошларим у кишининг фаолияти, вилоятда қандай тинимсиз ишлагани ҳақида тўлқинланиб гапирди. Саидқул деган поччам бўларди (Аллоҳ раҳмат қилсин). Воқеа-ҳодисаларга теран қарайдиган, таҳлил қиладиган, сергак, ҳушёр одам эди. Нафақат вилоят ва мамлакатимиз, жаҳондаги воқеаларни ҳам кузатиб борарди. Ўша суҳбатда у киши менга юзланиб бундай деди: “Ҳокимимизни олиб кетиб қолдиларингиз-да... Самарқанд халқини тўйдирган эди-да”. Бу гап ниҳоятда чуқур маъноли, ҳоким Шавкат Мирзиёев фаолиятига берилган энг тўғри, энг адолатли баҳо эди. У киши жавоб кутаётгандек менга қараб турарди. “Тўғри айтдингиз... Аммо бир вилоят аҳолисининг тўйиши етарли эмасда... Бутун мамлакат халқи тўймоғи керак”, дедим. Поччам бир зум сукут сақлади-да “Ҳа, тўғри... тўғри”, деди.
Кимдир чақирди. Хаёлим бўлинди.
Нонуштага уч-тўрт жиян жам бўлди. Турли мавзуларда суҳбатлашдик. Мамлакатимиз, вилоятимиз ва туманимизда бўлаётган бунёдкорлик ишлари, ақл бовар қилмас ўзгаришлар ҳақида бири қўйиб, иккинчиси ҳаяжон ила гапирди.
— Биргина Ургутимизни қаранг, — деди муаллимликдан пенсияга чиққан жияним. — Ўн йилда таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Эркин иқтисодий зонадаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сон-саноғи йўқ. Қанча давлатларга экспорт қилинмоқда. Демак, сифати юқори даражада, акс ҳолда хорижликлар олмасди, улар анойи эмас. Кўп қаватли уйларни айтмайсизми?! Кўриб кўз қувонади. Инсон қадри ҳамма нарсадан улуғ деган ғоя амалда ўз ифодасини топаётганига ёрқин мисол булар.
Бошқаси гапни илиб кетди:
— Ургутимизга поезд келди-я. Президентимизнинг умрлари узоқ бўлсин. Ким ўйлаган эди тоғли бир туманга поезд келади деб. Университет очилгани-чи? Санайверсак адоғи йўқ бу улуғвор ишларнинг.
Яқинда умрага бориб келган жияним соқолини силаб жим ўтирганди. Бу гаплардан илҳомланиб, суҳбатга аралашди:
— Ўтган ҳафта Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилдик. Муҳташам мачитда жума намозини ўқидик. Очиғи, мажмуани кўриб, оғзим очилиб қолди. Шунчалар маҳобатли, шунчалар гўзал, юксак дид билан барпо этилганки, ҳайратдан ёқа ушлайди одам. Бир неча чет элликлар ҳавас билан термилиб турганига гувоҳ бўлдик. Шундай беназир ишларга бош-қош бўлган давлатимиз раҳбарини Аллоҳ сийласин, бу хайрли, савоб ишларининг ажрини кўпайтириб берсин.
Мен қишлоқдошларимизнинг турмуши, ёшлар нима ишлар билан бандлиги каби масалалар билан қизиқдим. Улар бутун юртимиз, вилоят ва туманимиз сингари қишлоғимиздаги ўзгаришлар ҳақида, ёшларда илмга қизиқиш катта экани тўғрисида ғурурланиб айтиб беришди. Қишлоқдошларимиздан юзга яқин киши олий маълумотга эга. Айни пайтда ўнлаб ёшлар турли олий ўқув даргоҳларида таҳсил олмоқда экан. Туман марказида 8, Самарқанд шаҳрида 42, пойтахтимизда
6 нафар мингбулоқлик турли лавозимларда ишлаётганини фахрланиб айтишди. Улар ҳокимлик тизимида, банк-молия, қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, ҳуқуқ, туризм, иқтисодиёт, таълим, тиббиёт, тадбиркорлик соҳаларида фаолият юритади, дейишди. 1200 га яқин аҳолиси бўлган кичик бир қишлоқдан шунча олий маълумотли мутахассис чиқиши қувонарли, албатта. Бир вақтлар Абдулла Ориповнинг “Тилла балиқча”си каби дунёни ўз қишлоғидан иборат деб билган ота-боболаримизнинг фарзандлари, невараю эваралари шундай мартабаларга эришгани ва эришаётгани истиқлолимиз шарофати, айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли изчил ислоҳотлар самарасидир. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда ёшларнинг илм олиши, иқтидорини намоён этиши учун барча шароит яратилаётгани, давлат олий таълим муассасалари қаторида хусусий университетлар, кўплаб хорижий давлатлар етакчи университетларининг филиаллари очилгани туфайли ўғил-қизларимиз учун катта имкониятлар яратилди. Ота-оналар ва ёшлар улуғ маърифатпарвар боболаримизнинг “нажот илмда” деган ўгитларининг туб моҳиятини теран тушуниб етганини алоҳида қайд этмоқ жоиз.
Одамларнинг турмуш тарзи ўзгараётгани, уйларида шаҳарлардаги каби шароитлар қилинаётгани хусусида хурсанд бўлиб гапиришди. Ўзингиз яхши биласиз, илгари ҳаммом учун ҳам шаҳарга боришга тўғри келарди. Бунга ҳамманинг ҳам имконияти кўтармас эди. Бугун шаҳарга боришга эҳтиёж йўқ. Энг асосийси, “свет” ўчмайди. Электр бўлса сув ҳам бўлади, маиший шароитлар қилиш ҳам осон кечади. Тўғри, баъзан бир оз муддатга ўчади, аммо тез ёнади, олдингидай кунлаб ўчмайди. Мен кулдим: “Бундай ўчишлар пойтахтда ҳам бўлиб туради”.
Аввал 41-ўрта мактабнинг филиали сифатида очилган мактаб истиқлол йилларида ўрта мактаб мақомига эга бўлди. Илгари фарзандларимиз уч-тўрт километр йўл босиб, қўшни қишлоқдаги мактабга қатнар эди. Бугун ушбу 108-ўрта мактабга ҳамсоя қишлоқлардан ҳам болалар келиб ўқимоқда.
— Худога шукр қиламиз шундай кунларга етказгани учун, — деди ёши каттароқ жияним. — Қишлоғимизда машина олмаган хонадон деярли қолмади. — У бир оз тин олиб, сўзида давом этди. — Бир неча қишлоқдошларимиз ҳаж ва умра амалларини адо этиб келди. Бундай шароитлару имкониятларни ота-боболаримиз тасаввур ҳам қилган эмас. Энг муҳими, мамлакатимиз тинч, халқимиз осойишта ҳаёт кечирмоқда. Қишлоғимиз аҳли ҳам ўзаро аҳил-иноқ. Аҳиллик, ҳамжиҳатлик бор жойда барака бўлади. Бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кўтарилади, дейди халқимиз. Дунёнинг турли жойларида кечаётган воқеаларни кўриб, эшитиб турибмиз-ку. Бугун дунёдан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Ижтимоий тармоқлар дарҳол хабар беради. Илоҳим, юртимизга кўз тегмасин, халқимизни, давлатимиз раҳбарини Яратган Эгам доимо ўз паноҳида асрасин!
Қишлоғимда кўрганларим, эшитганларим кўнглимни кўтарди, қалбимга ғурур, ифтихор бахш этди. Маънили, маърифий суҳбатлардан дилим равшан тортди, ўзимни енгил ҳис қилдим. Булар Президентимизнинг янги Ўзбекистон руҳи ҳар бир маҳаллага, ҳар бир оилага кириб бориши керак деган даъватининг амалий натижалари эмасми?!
Мўъжазгина қишлоғимиздаги ўзгаришлар, қишлоқдошларим ҳаёти, турмуши, дунёқараши мисолида бутун мамлакатимизда амалга оширилаётган беқиёс, бетимсол ислоҳотлар самарасини кўрдим. Томчида қуёш акс этади. Шу “томчи” қишлоғимни Қуёш каби ярқираб турган жонажон Ўзбекистонимиз, дунёни ҳайратга солаётган янги Ўзбекистонимизнинг кичик бир кўзгусига ўхшатгим келди.
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муборак бўлсин, ота маконим, она қишлоғим, жонажон Ватаним — кун сайин гуллаб-яшнаётган, шиддат билан тараққий этаётган янги Ўзбекистоним!
Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист