Келаси йилдан тадбиркор ва давлат ўртасидаги низоларда ушбу принципни қўллаш таклиф этилмоқда. Менимча, буни оддий ҳуқуқий янгилик сифатида баҳолаб бўлмайди. Гап, аввало, давлат ва бизнес ўртасидаги муносабатларга бўлган ёндашувни ўзгартириш ҳақида кетмоқда.

Тадбиркор давлат назоратининг доимий объекти эмас. У янги иш ўрни яратади, инвестиция киритади, маҳсулот ва хизматлар таклиф қилади, солиқ тўлайди ва ўз маблағи билан таваккал қилади. Шунинг учун давлат органи билан тадбиркор ўртасида низо келиб чиққанда, тадбиркорга аввалдан шубҳа билан қараш эмас, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳурмат қилишдан келиб чиқиш муҳим.

Бу принципни “тадбиркор ҳар қандай ҳолатда ҳақ” деб тушуниш, албатта, нотўғри. Агар қонунбузарлик аниқ далиллар билан тасдиқланса, қонун белгиланган тартибда қўлланиши керак. Масала шундаки, тадбиркорни айбдор деб топиш ёки унинг ҳуқуқини чеклаш учун давлат органининг ўзи ўз қарорининг қонунийлиги ва асослилигини таъминлаши лозим.

Солиқ ҳуқуқидаги тажриба

Бу ғоя солиқ ҳуқуқи учун мутлақо янги эмас. Амалдаги Солиқ кодексининг 13-моддасида “Солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципи” белгиланган. Унга кўра, солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади.

Бу норманинг замирида жуда оддий, аммо муҳим ҳуқуқий мантиқ бор: давлат белгилаган қоида ноаниқ бўлса, унинг ноаниқлиги учун тадбиркор жавоб бермаслиги керак.

Солиқ интизоми масаласига бағишланган тадқиқотларимизда ҳам солиқ интизомини фақат солиқ тўловчининг давлат олдидаги мажбурияти сифатида баҳолаш бир томонлама ёндашув эканлиги асосланган. Кенг маънода солиқ интизоми солиқ тўловчиларнинг ўз мажбуриятларини бажариши билан бир қаторда, солиқ соҳасидаги ваколатли органлар ходимларининг ҳам қонун ҳужжатларида белгиланган нормаларга қатъий риоя этишини қамраб олиши лозим. Бу фикр бугунги ташаббус билан бевосита уйғун. Чунки ҳуқуқий давлатда қонунга риоя қилиш талаби бир томонлама бўлмайди. Тадбиркор қонунга риоя қилиши керак. Давлат органи ҳам қонунга риоя қилиши шарт.

Солиқ муносабатларига оид тадқиқотларимизда давлат ва солиқ тўловчи ўртасидаги муносабатларни ишончга асосланган ҳамкорлик модели (trust-based cooperation) асосида қуриш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган.

Жаҳон амалиёти ҳам солиқ органи ва солиқ тўловчи бир-бирини фақат “назорат қилувчи” ва “назорат қилинаётган” томон сифатида эмас, балки умумий қоидалар асосида ҳаракат қиладиган ҳамкорлар сифатида кўриши самаралироқ эканини кўрсатади. Тадқиқотимизда ҳам назорат ва текширувларни солиқ интизомини таъминлашнинг асосий воситаси сифатида кўришдан воз кечиш зарурлиги асосланган.

Шу маънода, бугун илгари сурилаётган “Тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси”ни назоратга асосланган ёндашувдан (control-based approach) ишончга асосланган ҳамкорликка (trust-based cooperation) ўтишнинг ҳуқуқий ифодаларидан бири сифатида баҳолаш мумкин.

Яъни, давлат тадбиркорни фақат текшириладиган субъект сифатида эмас, иқтисодий тараққиётнинг ҳамкори сифатида кўриши керак.

Бу ерда яна бир тушунча муҳим қонунчилик талабларига риоя қилиш (compliance). Тадбиркорнинг қонунга риоя қилиши фақат жазо қўрқувига эмас, қоидаларнинг аниқлиги, давлат органларига ишонч ва ҳуқуқий муҳитнинг барқарорлигига ҳам боғлиқ.

Агар тадбиркор давлат томонидан белгиланган қоидалар аниқ, тушунарли ва адолатли қўлланилишига ишонса, унинг қонунга риоя қилишга бўлган ички мотивацияси ҳам кучаяди.

“Биринчи хато учун огоҳлантириш” — шу ёндашувнинг давоми

Бугунги мулоқотда “Тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси” билан бир қаторда “Биринчи хато учун огоҳлантириш” қоидасининг жорий этилиши ҳам назарда тутилмоқда.

Менимча, бу икки ташаббусни бир-биридан ажратиб қарамаслик керак. Биринчиси низо келиб чиққанда тадбиркорнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиради. Иккинчиси — биринчи марта йўл қўйилган хатога давлатнинг муносабатини жазолашдан кўра, огоҳлантириш ва тушунтириш томон ўзгартиради.

Бу эса давлат бошқарувида жазолашга йўналтирилган ёндашувдан (punitive approach) профилактикага асосланган ёндашувга (preventive approach) ўтишни англатади.

Аслида, тадбиркорни қонунга риоя қилдиришнинг энг самарали усули ҳар доим ҳам жарима ёки жазо эмас. Аниқ қоидалар, тушунтириш, профилактика ва ишонч кўп ҳолларда анча самарали натижа беради.

Янги принцип тадбиркорга ҳуқуқ бериш билан бирга давлат органларининг масъулиятини ҳам оширади.

Тадбиркордан ҳужжат талаб қилинса унинг ҳуқуқий асоси бўлиши керак. Текширув ўтказилса унинг қонуний асоси бўлиши керак. Қарор қабул қилинса у асослантирилган бўлиши керак. Тадбиркорнинг ҳуқуқи чекланса бундай чеклов қонуний, зарур ва мутаносиб бўлиши керак.

Давлат органининг “менинг ваколатим бор” деган важи ўз-ўзидан етарли бўлмаслиги керак. Ваколат билан бирга уни қонун доирасида, адолатли ва асосланган тарзда амалга ошириш масъулияти ҳам мавжуд.

Солиқ муносабатларида бу масаланинг аҳамиятини амалиёт ҳам кўрсатади. Тадқиқотларимизда солиқ органлари қарорлари устидан берилган шикоятлар ва солиқ тўловчилар билан давлат органлари ўртасидаги зиддиятли вазиятлар таҳлил қилинган.

Шунинг учун давлат ва тадбиркор ўртасидаги муносабатларда ўзаро ишонч (mutual trust)ни шакллантириш масаласи фақат иқтисодий эмас, балки ҳуқуқий вазифа ҳамдир.

Ҳуқуқий аниқлик – тадбиркор учун муҳим кафолат

Тадбиркор учун энг муҳими қоидаларнинг аниқ ва барқарор бўлишидир.

Тадқиқотларимизда ҳам солиқ қонунчилигининг тез-тез ўзгариши, ҳуқуқий ахборотнинг етарли даражада етказилмаслиги ва солиқ тўловчиларни хабардор қилиш билан боғлиқ муаммолар алоҳида қайд этилган.

Шу сабабли тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси ҳуқуқий аниқлик (legal certainty) принципи билан ҳам узвий боғлиқ.

Тадбиркор давлат белгилаган қоидага ишониб ишлаши керак. Агар қоиданинг ўзи турлича талқин қилиниши мумкин бўлса, унинг оқибатини тадбиркорнинг зиммасига юклаш адолатдан эмас.

Солиқ кодексидаги солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси айнан шу ёндашувнинг муҳим ифодасидир.

Энди унинг мантиқий давоми сифатида “Тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси” давлат ва бизнес ўртасидаги муносабатларнинг кенгроқ соҳаларида ишонч ва адолатни мустаҳкамлаши мумкин.

Тадбиркор ўз бизнесини ривожлантириш ҳақида ўйлаши керак. Янги иш ўринлари яратиш, инвестиция киритиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги бозорларга чиқиш ҳақида ўйлаши керак.

У доимо “эртага қандай текширув бўлади?”, “давлат органи билан низо чиқса, ҳуқуқим қандай ҳимоя қилинади?” деган хавотир билан яшамаслиги лозим.

Унинг ишончи шундай бўлиши керак: “Қонун аниқ бўлса, мен унга амал қиламан. Агар низо келиб чиқса, давлат ҳам қонун доирасида ҳаракат қилади.”

Менимча, Президентимиз томонидан илгари сурилган “Тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси” ана шу ишончни ҳуқуқий кафолат даражасига кўтариш йўлидаги муҳим қадамдир.

Бу тадбиркорга берилган навбатдаги имтиёз эмас. Бу – давлатнинг тадбиркорга бўлган ишончини ва давлат органларининг ўз қарорлари учун ҳуқуқий масъулиятини кучайтиришга қаратилган муҳим ислоҳот.

Солиқ ҳуқуқида шаклланган “солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси”дан бугунги кенгроқ ташаббусгача бўлган мантиқ битта ҳақиқатни кўрсатади:

қонун аниқ бўлиши керак, давлат адолатли бўлиши керак, тадбиркор эса ўз ҳуқуқлари ҳимояланганига ишониб ишлаши керак.

Шундагина тадбиркорлик муҳитида ҳақиқий ишонч маданияти (culture of trust) шаклланади.

Ва бу, шубҳасиз, иқтисодий тараққиёт билан бир қаторда ҳуқуқий давлат қуриш йўлидаги муҳим қадам бўлади.

Эргашев Икром,
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси
Маъмурий-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири,
юридик фанлари доктори, профессор