Ченнайдаги халқаро шахмат олимпиадасида 14-рақам остида ҳаракат қилган Ўзбекистон терма жамоасининг бош совринни қўлга киритиши жаҳон шахматида кучлар нисбати ва динамикаси ўзгарганини кўрсатиб берган эди. Бу сафарги мусобақа эса мамлакатимиз мезбонлигида ўтказилаётгани сабабли миллий терма жамоамизга юкланган масъулият кўлами ҳам, унга талаб ҳам ўзгарган.
Тактик устунликка эга биринчи жамоамиз мусобақани 3-рақам остида
бошлади. Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) таҳлилчиларининг Ўзбекистонни
асосий фаворитлар сирасига киритиши жамоанинг сўнгги йиллардаги барқарор
натижалари ҳамда тайёргарлик даражаси билан боғлиқ. Самарқандда старт олган
ушбу мусобақа жамоамиз учун Ченнайдаги ғалабанинг тасодифий эмаслигини амалда
тасдиқлаш ва профессионал маҳоратни амалий синовдан ўтказиш босқичидир.
15 сентябрь куни Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси
бошланди. Самарқанд халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” мажмуасида
олимпиаданинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон
Республикаси бош вазири Абдулла Арипов иштирок этиб, Президентимиз Шавкат
Мирзиёевнинг 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси иштирокчиларига йўллаган
табригини ўқиб эшиттирди.
27 сентябрга қадар давом этадиган мазкур мусобақа тарихда илк бор
Марказий Осиёда ўтказилмоқда. Мезбон сифатида Ўзбекистон бирваракайига учта
эркаклар терма жамоасини — жами 15 шахматчини баҳсларга туширди. Асосий жамоа
3-рақам остида сараланди ва яна медалларга даъвогарлар қаторидан жой олди.
Унинг таркибида 2022 йилда Ченнай олимпиадасида олтин медални қўлга киритган
тўрт шахматчи бор: Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев
ва Шамсиддин Воҳидов. Иккинчи ва учинчи жамоалар сафида эса ҳам тажрибали
гроссмейстерлар, ҳам янги авлод вакиллари дона суради.
Хўш, нега Ўзбекистонда учта жамоа бор? Одатда ҳар бир миллий федерация
олимпиадада битта жамоа билан қатнашади. Бироқ мезбонлар учун бу қоидадан
истисно кўзда тутилган. ФИДЕ қоидаларига кўра, мусобақани ташкил этувчи
федерация иккинчи —
Б жамоасини қўйиш ҳуқуқига эга. Агар иштирокчи жамоаларнинг умумий
сони тоқ бўлиб қолса, мезбонлар учинчи — C жамоасини ҳам қўшиши мумкин. Агар
учинчи таркиб биринчи турдаёқ ўйнаган бўлса, кейинчалик қайсидир жамоалар
мусобақадан чиқиб кетиши ёки қўшилишидан қатъи назар, у турнир охиригача
қолади.
Самарқанд олимпиадасида Ўзбекистон барча уч таркиб билан намоён бўлди.
Биринчи терма жамоа саралашда 3-рақамни олди (жамоанинг ўртача рейтинги
бўйича), Uzbekistan 2 — 31-ўринда, Uzbekistan 3 эса 55-ўринда қайд этилган.
Биринчи терма жамоанинг ўртача рейтинги — 2720. Сардор — ўзбек шахмати
афсонаси Рустам Қосимжонов.
— Кучли жамоалар жуда кўп: Польша, Германия, Сербия, Буюк Британия,
Франция, — дейди Рустам Қосимжонов тайёргарлик жараёни, доскалар тақсимоти,
рақиблар ва терма жамоанинг олтин медаль олиш имкониятлари ҳақида тўхталиб. —
Осиё жамоалари ичида одатдагидек Эрон жамоаси кучли. Туркиянинг таркиби ҳам
жуда ёш ва имкониятлари юқори. Анъанага кўра, Озарбайжон — кучли жамоа.
Олимпиадаларда одатда Арманистон ҳам жиддий рақиб ҳисобланади. Буларнинг
барчаси кучли учлик-тўртликка кирмайдиган жамоалар. Аммо уларнинг бари ниҳоятда
кучли. Бундан ташқари, асосий “оғир вазнлилар” бор. Бу тўртлик — Хитой, АҚШ,
Ҳиндистон ва Ўзбекистон. Аслида, турли одамлар уларни турлича тартибда
баҳолашади. Олимпиада ҳеч ким учун осон бўлмайди.
2022 йилги олимпиадада Ўзбекистонга тарихий олтинни келтирган
бешликдан Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев ва
Шамсиддин Воҳидов яна асосий таркибда баҳслашмоқда. Ўша жамоанинг бешинчи
аъзоси Жаҳонгир Воҳидов эндиликда Uzbekistan 2 таркибига киритилган, унинг
асосий бешликдаги ўрнини эса 19 ёшли Муҳиддин Мадаминов эгаллади. 2022 йилда
Ўзбекистон барча 11 турни жамоавий мағлубиятсиз якунлаган эди. Икки йил ўтиб,
деярли шу таркибдаги терма жамоа Будапешт олимпиадасининг бронза медалига
сазовор бўлди. Ўшанда Шамсиддин Воҳидов тўртинчи доскада қўшимча равишда
яккалик олтин медалини, Нодирбек Абдусатторов эса биринчи доскада кумуш медални
қўлга киритганди.
Жамоанинг ушбу муваффақиятлари замирида ҳар бир доска соҳибининг ўзига
хос ўйини, мукаммаллашиб бораётган тактикаси ва охирги йилларда эришган
индивидуал натижалари ётади. Бу натижалар ва ўсиш суръатини ҳар бир шахматчи
мисолида алоҳида кўриб чиқиш мумкин.
Жавоҳир Синдоров:
— Олимпия олтинидан
кейинги тўрт йил давомида Синдоров ёш терма жамоанинг навқирон истеъдодидан
жаҳон чемпионлигига расмий даъвогар даражасигача бўлган йўлни босиб ўтди. Тайёргарлиги,
халқаро турнирлардаги иштироки ҳамда мураббийлар билан ишлаши унинг тактик
ҳушёрлигини совуққон стратегик аниқлик билан тўлдиришга хизмат қилди. Ҳар бир
партияда чуқур назарий тайёргарликни психологик матонат билан бирлаштирган
шахматчи энг ҳаяжонли лаҳзаларда ҳам ўйин тизгинини ўз қўлида ушлаб туришни
ўрганди. Натижада шахсий характердаги бундай сифат ўзгариши уни оддий иқтидорли
гроссмейстердан замонавий шахмат элитаси сафида ҳар қандай чўққини забт этишга
қодир етакчига айлантирди.
У гроссмейстерлик унвонини 2018 йилдаёқ — 12 ёшида қўлга киритиб,
тарихдаги энг ёш гроссмейстерлардан бирига айланганди. Шунингдек, Синдоров 2019
ва 2021 йилларда икки карра Ўзбекистон чемпиони бўлган. Асосий юксалиш 2025
йилда юз берди. Синдоров Гоада ўтказилган ФИДЕ жаҳон кубоги финалида хитойлик
Вей Ини мағлуб этиб, бош совринни қўлга киритди ва турнир тарихидаги энг ёш
ғолиб бўлди. Ярим финалда эса у терма жамоадаги шериги Нодирбек Ёқуббоевдан
устун келганди.
Жаҳон кубогидаги ғалаба уни 2026 йилги номзодлар турнирига олиб чиқди.
У ерда Синдоров мусобақа тугашига бир тур қолгандаёқ 1-ўринни нақд қилди ва
амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукешга қарши жаҳон шахмат тожи учун ўйин
ўтказиш ҳуқуқига эга бўлди. Сентябрь ойига келиб, Синдоров ўз рейтингини 2778
га етказди ва дунёнинг энг кучли шахматчилари орасида 4-ўринни эгаллаб турибди.
Нодирбек Абдусатторов:
— 2021
йилнинг декабрида 17 ёшли Абдусатторов рапид бўйича жаҳон чемпиони бўлди.
Турнир давомида у, жумладан, Магнус Карлсенни мағлуб этди, биринчилик учун
курашда эса Карлсен, Фабиано Каруана ва Ян Непомнящийни ортда қолдирди. Чемпион
номи тай-брейкда аниқланди ва унда ҳамюртимиз Непомнящийдан устун келди.
Кейинги ёзда Абдусатторов Ченнайдаги олимпиадада ғалаба қозонган терма
жамоанинг биринчи доскасида ўйнади. У 11 та партиядан 8,5 очко жамғариб, 2803
кўрсаткичдаги перформанс қайд этди ва биринчи досканинг шахсий ҳисобида кумуш
медалга эга чиқди.
2024 йилда Будапештда ўтган олимпиадада ҳам у терма жамоа етакчиси
сифатида мусобақани бронза билан якунлашга ёрдам берди ва яна шахсий кумуш
медални олди. 2026 йил февралида Абдусатторов дунёнинг энг нуфузли
турнирларидан бири — Вейк-ан-Зеедаги Tata Steel Masters мусобақасида бош
совринни қўлга киритди. Кейинроқ у London Chess Classic супертурнири ва Prague International Chess Festival да ғолиб чиқди.
Нодирбек Ёқуббоев:
— Ёши 24 да
бўлишига қарамай, Ёқуббоев ҳозирги жамоанинг энг тажрибали вакилларидан бири. У 2016, 2018 ва 2020 йилларда Ўзбекистон чемпиони бўлган, 2025 йилнинг апрелида эса тўртинчи бор
мамлакат биринчилигида ғолиб чиқди. Сўнгги чемпионат финалида у Ортиқ Нигматовни таслим этганди.
2022 йилги олимпиадада Ёқуббоев иккинчи доскада дона суриб, 11 имкониятдан 8 очко тўплади (перформанс рейтинги 2759).
Жамоавий олтин билан бирга у ўз
доскасида шахсий бронза медални ҳам қўлга киритди.
Шахсий турнирлардаги энг
йирик натижаларидан бири 2025 йилги жаҳон кубогида қайд этилди. Ёқуббоев ярим финалгача етиб бориб, Синдоров билан тўқнашди. Классик партиялар дуранг билан якунланди, тай-брейкда эса
Синдоров устун келди. Учинчи ўрин учун баҳсда Ёқуббоев Андрей Есипенкога имкониятни бой
бериб, якунда 206 иштирокчи орасида 4-ўринни эгаллади.
Яқинда Тошкентда Ёқуббоев Эрон терма жамоаси етакчиси, дунёнинг топ 15 талигига кирувчи Амин Табатабаий билан баҳсда ғалаба қозонди. Онлайн рейтингда эса у супер гроссмейстерлик мезони бўлмиш 2700 га яқинлашиб қолди.
Шамсиддин Воҳидов:
— Воҳидов катта
саҳнада илк бор ўсмирлар шахматида порлаган: 2015 йилда у 14 ёшгача бўлганлар
ўртасида жаҳон чемпионлигига эришди. Орадан уч йил ўтиб, ўзбекистонлик
16 ёшли шахматчи рапид бўйича жаҳон чемпионатида Магнус Карлсенни доғда қолдирди.
2023 йилда у
шахсий фаолиятидаги энг
катта муваффақиятлардан бирига эришди: классик шахмат бўйича Осиё чемпиони бўлди. Олмаотадаги мусобақада Воҳидов 9 имкониятдан 7 очко жамғариб, энг яқин таъқибчиларини ярим очко ортда қолдирган ҳолда яккапешқадам бўлди. 2024 йилги олимпиада эса
унинг фаолиятидаги энг
ёрқин мусобақалардан бирига айланди. Воҳидов Ўзбекистонга жамоавий бронзани тақдим этиш билан бирга тўртинчи доскада шахсий олтин медални ҳам
қўлга киритди.
Муҳиддин Мадаминов:
— Мадаминов
— терма жамоа сафида катталар олимпиадасида қатнашмаган ягона шахматчи. У 2024
йилда гроссмейстерлик унвонини олган бўлса, кейинги икки мавсум ичида 2600 лик
довонга яқинлашиб келди. 2023 йилдаёқ 2431 рейтингга эга халқаро мастер бўлган
Мадаминов Осиё чемпионатида 9 партиядан 6 очко жамғариб, 8-ўринни эгаллаган
эди.
Энг улкан муваффақиятига у 2026 йил ёзида эришди. Мадаминов UzChess
Cup Masters мусобақасининг энг кучли гуруҳида зафар қучди. Тўққиз турдан сўнг у
Воҳидов билан 1-ўринни бўлишиб олди, сўнгра тай-брейкдаги ҳар иккала партияда
ҳам ғалаба қозонди. Турнирда Нодирбек Абдусатторов, Аржун Эригайси, Ян
Непомнящий, Шаҳриёр Мамедяров ва бошқа машҳур гроссмейстерлар ҳам баҳс олиб
борган эди. ФИДЕ бу ғалабани Мадаминов фаолиятидаги энг катта ютуқ деб атади.
Шунингдек, у жаҳон кубоги ва номзодлар турнирида Жавоҳир Синдоровнинг
секунданти (гроссмейстернинг партияларга тайёрланувчи ёрдамчиси ва таҳлилчиси)
сифатида ҳам ишлаган. Шу тариқа катталар олимпиадаси тажрибаси нуқтаи назаридан
энг ёш ва энг кам тажрибага эга бўлган жамоа аъзоси Самарқанддаги баҳсларга ўз
фаолиятидаги энг юқори спорт натижаси билан кириб келмоқда.
Иккинчи терма жамоа 2532 ўртача рейтингга эга ва саралашда 31-ўринни
эгаллаган. Жамоа сардори — Ўзбекистон штабидаги энг тажрибали мутахассислардан
бири бўлган украиналик гроссмейстер Павел Элянов. Украина терма жамоаси
таркибида у икки марта — 2004 ва 2010 йилларда шахмат олимпиадасида ғолиб
бўлган.
Учинчи терма жамоанинг ўртача рейтинги — 2424, саралаш рақами — 55.
Қозоғистонлик гроссмейстер Муртас Кажгалеев жамоа сардори сифатида қайд
этилган. Ушбу терма жамоанинг ҳар бирида халқаро ёки ўсмирлар ўртасидаги
мусобақаларда қўлга киритилган ютуқлар мавжуд.
Аёллар секциясида асосий фаворитлар доираси бир оз бошқачароқ. Биринчи
рақам остида амалдаги чемпион Ҳиндистон қайд этилган бўлса, ундан кейин Грузия,
Хитой, Қозоғистон ва АҚШ бормоқда. Шунингдек, Украина ва Озарбайжон терма
жамоаларига қарши баҳслар ҳам осон кечмайди.
Айниқса, Қозоғистон алоҳида эътиборга лойиқ. Ўтган олимпиадада жамоа
кумуш медалга эга чиқиб, аёллар турнири тарихидаги илк медалини қўлга киритган
эди. Ўшандан буён жамоанинг ёш етакчилари янада кучайди, шу боис, улардан
камида аввалги юқори натижани такрорлашни кутиш мумкин. Биринчи доскада
Бибисара Асаубаева, кейинги доскаларда эса Алуа Нурман, Меруерт Камалиденова,
Элназ Калиахмет ва Зарина Нургалиева баҳс олиб боради.
Бироқ 13-старт рақамига эга Ўзбекистон биринчи аёллар терма
жамоасининг ҳам муҳим ўринлар учун курашиш имконияти анча юқори. Жамоа сафидан
Афрўза Ҳамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова, Нилуфархон
Имомқўзиева ва Гулдона Каримова жой олган.
Биринчи аёллар терма жамоасига мамлакатнинг энг таниқли
шахматчиларидан бири, кўп йиллар давомида Ўзбекистон шарафини халқаро
мусобақаларда ҳимоя қилган Нафиса Мўминова сардор ҳисобланади.
— Илгари бундай шароитлар бўлмаган, айни пайтда қизларда тўлақонли
тайёргарлик кўриш учун барча имкониятлар ва қўллаб-қувватлов мавжуд, — дейди
Нафиса Мўминова. — Қизлар стипендия олмоқда, турнирлардаги иштироки,
мураббийлар ва жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис хизматлари тўлаб
бериляпти. Уларга фақат шахматга диққатни қаратиш қолди, холос. Бундан ташқари,
ташкилий ташвишларнинг барчаси уларнинг елкасидан олинди: турнирларга рўйхатдан
ўтиш, чипталар харид қилиш, йўналишларни режалаштириш, ташкилотчилар билан
музокаралар ўтказиш ва меҳмонхона топиш каби ишлар билан махсус ҳамроҳлик
гуруҳи шуғулланмоқда. Жамоа учун ўйнаганда масъулият анча юқори бўлади.
Олимпиадаларда мен биринчи доскаларда ўйнаганман ва етакчи сифатида буни доим
жуда теран ҳис қилганман. Асосийси, ўз тахтангни мустаҳкам ушлаб туриш.
Шахмат олимпиадаси — мазкур спорт туридаги энг муҳим жамоавий
мусобақа. У ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Ҳар бир жамоа тўрт асосий ва
бир захира ўйинчисидан иборат бўлади.
Вақт назорати дастлабки 40 та юриш учун 90 дақиқани ташкил этади,
шундан сўнг ўйинчига яна 30 дақиқа қўшиб берилади. Биринчи юришдан бошлаб ҳар
бир амалга оширилган юриш учун 30 сониядан қўшиб борилади. Матчдаги ғалаба учун
жамоага икки очко, дуранг учун бир очко берилади. 11 тур давомида энг кўп матч
очкоси жамғарган жамоа ғолиб деб топилади. Очколар тенг келиб қолган тақдирда
қўшимча кўрсаткичлар тизими ишга тушади — Бергер коэффициенти (рақиблар
тўплаган очколар миқдори) ҳамда жамоанинг ҳар бир аъзоси тўплаган индивидуал
очколар йиғиндиси ҳисобга олинади.
Бундан олдин Самарқанд рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпионати ҳамда
Grand Swiss турнирига мезбонлик қилган, бироқ олимпиада кўлами жиҳатидан ушбу
йирик мусобақалардан ҳам анча устун туради.
Дастлабки олти тур 16 сентябрдан 21 сентябрга қадар ҳар куни соат
15:00 да бошланади. 23 сентябрдан 26 сентябргача 7-турдан 10-тургача бўлган
баҳслар ўтказилади. Сўнгги, ҳал қилувчи 11-тур эса 27 сентябрь куни бўлиб ўтади
ва одатдагидан эртароқ — соат 11:00 да бошланади.
Айни кунларда Самарқанд ўзида бутунжаҳон шахмати энергиясини жамлаб,
глобал ақл-идрок марказига айланмоқда. Аллақачон бу ерда ногиронлиги бўлган
инсонлар ўртасидаги учинчи ФИДЕ олимпиадаси рекорд даражадаги 41 та жамоа иштирокида ўтказилмоқда. Асосий
олимпиада кунларида ФИДЕ конгресси ва сайлови, 24 сентябрда эса шахмат
таълимига бағишланган саммит ҳам ташкил этилади.
Азизбек ЮСУПОВ,
“Янги Ўзбекистон”
мухбири