Дунё мамлакатлари ўртасида ҳамкорлик, очиқ мулоқот ва ўзаро тажриба алмашинуви тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётган бугунги глобаллашув ва жадал тараққиёт даврида янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига очилиши, хорижий давлатлар билан дўстона ва манфаатли муносабатларнинг кенгайиши мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрнини янада мустаҳкамламоқда.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Республика Маънавият ва маърифат марказининг бир гуруҳ ходимлари Японияда бўлиб қайтди. Бир неча кун мобайнида дунё Ўзбекистоннинг бой тарихи, бетакрор маданияти, иқтисодий салоҳияти ва улкан имкониятларига тобора кўп қизиқиш билдираётганига яна бир карра амин бўлдик. Сафар давомида Токио, Нагоя ва Хиросима шаҳарларида ўнлаб учрашув, тақдимот ва давра суҳбатлари ўтказилди. Хусусан, Япония Миллий парламент кутубхонаси, қатор нуфузли университетларга ташриф, расмий қабуллар, ватандошларимиз билан самимий мулоқотлар дастурдан ўрин олган эди.
Делегациямиз ушбу мамлакатда бўлиб турган кезларда Ўзбекистон — Япония ҳамкорлигининг яна бир ёрқин самараси бўй кўрсатди: Мустақиллик тўйи арафасида Президентимизнинг фармонига кўра “Sojitz” компанияси директори Масаёши Фужимото мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестор сифатида қўшган ҳиссаси, амалга оширган йирик лойиҳалари учун “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Бу икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг нафақат маънавий-маърифий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам қанчалик мустаҳкам эканининг яққол далилидир.
Жаноб Като нима дейди?
Бир пайтлар Япониянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси бўлган Фумихико Като билан мулоқотимиз узоқ давом этди. Чунки гаплашадиган, муҳокама қиладиган мавзуларимиз кўп экан. Айни пайтда Япония — Ўзбекистон жамияти раиси сифатида фаолият юритаётган жаноб Като Ватанимизга эътибори бўлакча эканини яшириб ўтирмади:
— Ҳозир Ўзбекистон қизиқиш билдираётган асосий йўналишлардан бири — таълим. Аввал хориждан келадиган сармоя тахминан 2-3 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, ҳозир у 40-50 миллиард доллар даражасига етди. Бу жуда муҳим кўрсаткич. Таълимни ҳам қамраб олган кўплаб соҳаларга чет эл сармояси жалб қилинмоқда. Ўқитиш соҳасида беш йил аввал Japan Digital University ташкил этилди. Университетда АТ ва япон тили ўқитилади. Ҳозир унда кўплаб ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олмоқда. Дастлабки битирувчиларнинг бир қисми эса япон компанияларига ишга жойлашди. Бу ташаббус муваффақиятли бўлгани учун энди Цукуба университети, Окаямадаги Киби халқаро университети ва Окаяма тижорат университети каби қатор олийгоҳлар Ўзбекистонда университет ташкил этиш ёки таълим бўйича ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Собиқ элчи навбатдаги яна бир эътирофини чин дилдан айтди.
— 2013-2016 йилларда Ўзбекистонда фавқулодда ва мухтор элчи сифатида фаолият юритганим учун мамлакатингизни жуда яхши биламан. Ўн йил аввал ўз юртимга қайтганимдан кейин кўплаб компания раҳбарлари ва дўстларим “Ўзбекистон бозорига кириш мумкинми?” деб сўраганда мен уларга “Шошманглар, бир оз кутиб туринглар”, деб айтганман. Бугун эса ўша палла келди. Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги қарийб ўн йиллик ислоҳотлар натижасини кўриб, бугун бутунлай бошқа фикрни айтяпман: “Тезроқ ҳаракат қилинг, Ўзбекистон бозорига киришга шошилинг”. Мен бу даъватимдан уялиб қолмаслигимга ишонаман, — деди Фумихико Като.
Маърифий дипломатия ютуқлари
Халқаро ҳамкорликнинг яна бир муҳим қирраси — хорижда яшаётган ватандошларимиз билан маънавий алоқани мустаҳкамлаш. Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйини юртимиздан минглаб километр узоқда яшаётган юртдошларимизга ҳам ҳис қилдириш, уларга Ватан нафасини етказиш мақсадида Нагояда “Мустақиллик кубоги” футбол мусобақаси ташкил этилди. Унда саккизта жамоа куч синашди. Бу оддий спорт тадбири эмас: у бир-бирига нотаниш, турли шаҳарларда яшаётган юртдошларимизни бир майдонда, битта байроқ остида бирлаштирди.
Сўнг ватандошларимиз бир пиёла чой устида, дастурхон атрофида жам бўлиб, миллий анъаналаримизни асраб-авайлаш, чет элда ҳам ўзликни йўқотмаслик намунасини кўрсатди. Ватандошларимизга ўзбек тилида чоп этилган китоблар тортиқ қилинганида, улар кўпроқ адабиётларга эҳтиёжи борлигини билдирди. Бу эса хорижда яшаётган юртдошларимизнинг она юрт билан боғлиқ асарларга нақадар чанқоқ эканини яққол кўрсатиб турибди.
Хиросима шаҳрида ташкил этилган маданият кечаси сафарнинг яна бир ёрқин саҳифаси бўлди. Унда таниқли санъаткорларнинг концерт дастури ватандошларимиз ва япон томошабинлари томонидан илиқ кутиб олинди. Бу Ўзбекистон маданиятини кенг жамоатчиликка танитишнинг яна бир самарали йўлидир.
— Бугунги байрам чиндан ҳам кўнгилларга қувонч бахш этди. Унутилмас лаҳзаларга бой ўтгани билан ёдимизда қолди, — дейди тадқиқотчи Нодира Турғунова. — Мустақиллик тўйи нафасини туйишга имконият яратиб бераётган мамлакатимиз раҳбарига, шунингдек, бизни йўқлаб келган ташкилотчиларга чин қалбдан миннатдорлик билдирамиз. Бугун биз нафақат маънавий ҳордиқ чиқардик, балки йиллар давомида юрагимиз тубида тўпланиб қолган юрт соғинчига ҳам малҳам топдик. Айниқса, “Тановар” куйланганида кўнгилда таърифи қийин, бошқача туйғу уйғонди — кўз олдимиздан болалик, бутун Ватан манзараси ўтгандек бўлди. Ахир биз айнан шундай улуғвор оҳанглар остида улғайган, шу қўшиқлар билан вояга етган авлодмиз. Ишонамизки, бундай учрашувлар давомли бўлиб, хорижда яшаётган ҳар бир юртдошимизнинг қалбига шу тариқа Ватан тафти кириб келаверади.
Шунингдек, Токионинг бутун дунёга машҳур Шибуя чорраҳасида махсус байрам акцияси ташкил этилди: йирик экранларда Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳақидаги роликлар намойиш этилди. Ҳар куни миллионлаб одам кесиб ўтадиган бу майдонда мамлакатимизнинг бугунги қиёфасини кўрсатиш, назаримизда, маърифий дипломатиянинг замонавий ва таъсирчан шаклларидан. Маърифий дипломатия фақат расмий давраларда эмас, айнан шундай — халқ қалбида ва кўчаларда ҳам яшайди.
Китоб — дўстликнинг бошланиши
Бугун янги тушунча пайдо бўлган: китоб дипломатияси. Бирор давлатга бориб, турли ташкилотлар вакиллари билан учрашувларда китоб совға қилиняпти. Зеро, китоб — дўстлик белгиси.
Президентимиз ташаббуси билан чоп этилган “Мустақиллик зафарномаси” китоб-альбоми мамлакатимизда туризм, иқтисодиёт, маданият ва таълим каби қатор муҳим соҳалардаги ислоҳотларнинг кўламини кўрсатиб беради. Япония парламентида китоб-альбом тақдимотини ўтказдик. Вақт ўтиши, вакиллар алмашиши мумкин, асар эса ишончли манба сифатида сақланиб қолади. Ишонамизки, бу асар ҳам Ўзбекистон ва Япония халқлари ўртасидаги ўзаро англашув ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Айнан шу нуқтаи назардан, Япония парламентидаги ушбу тақдимот, давра суҳбатлари ва институционал учрашувлар “маърифий дипломатия” тушунчасининг амалий намунасига айланди. Бунда китоб, таълим ва маданий мерос давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамловчи восита сифатида майдонга чиқди.
Тадбирда Япония Вакиллар палатаси аъзолари — Томоми Инада, Ясутака Накасоне ва Карэн Макишима, Япония — Ўзбекистон жамияти раиси Фумихико Като ҳамда таълим, маданият ва бизнес доиралар вакиллари қатнашди. Унда мамлакатимизда сўнгги 10 йилда Президентимиз томонидан иқтисодиёт, таълим, маҳалла ва туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида видеоролик ҳамда китоблар орқали ҳикоя қилинди.
— Ҳар қандай миллат учун ўз тарихини, ўз сўзини асраб қолиш келажакка қолдириладиган энг қимматли меросдир, — дейди Япония Миллий парламенти кутубхонаси бош директори ўринбосари Кито Жунко. — Биз қарийб 50 миллионга яқин материални рақамли шаклга ўтказиш, уларни асраб-авайлаш ва эркин, сўз-матнли қидирув олиб бориш имконини яратиш устида йиллар давомида ишлаб келамиз. Бироқ билимнинг ҳақиқий қиймати у фақат бир мамлакат деворлари ичида қолиб кетмай, чегаралар ошиб, бошқа халқларга ҳам етиб борганда намоён бўлади. Шу боис, биз рақамли контентни хориждаги кутубхоналарга ҳам улашиш тизимини йўлга қўйганмиз. Ўзбекистон делегацияси бизга тақдим этган “Мустақиллик зафарномаси”, “Темурбек”, “Буюклар ҳақида 100 та далил” китоблари кутубхонамиздан муносиб ўрин олади. Бундай китоблар шунчаки қоғоз ва ҳарфлар эмас, балки халқнинг қалби, тафаккури ва орзу-умидлари жамланмасидир. Япон китобхони қўлига ўзбек адибининг асарини олганида у орқали бутун бир маданиятни, бутун бир халқнинг руҳини ҳис қила олади. Мен ишонаманки, билим ва китоб орқали ўрнатилган бундай кўприклар узоқроқ умр кўради, чунки улар инсон қалбига бевосита йўл топади.
Билим — бирлаштирувчи куч
Японияга сафар нафақат расмий учрашувлар, балки икки халқ ўртасидаги маънавий яқинлашувнинг янги босқичи бўлди. Биз кунчиқар мамлакатга алоҳида мақсад — таълим-тарбия тизими, хусусан, уларнинг “токкацу” деб аталадиган мактаб маданияти ва маънавий-ахлоқий тарбия тажрибасини, шунингдек, миллий ёзма меросни рақамлаштириш борасидаги ютуқларини яқиндан ўрганиш учун ҳам бордик.
Япониянинг таълим тизими ва маданиятидаги диққатга сазовор жиҳати шундаки, у ёшларда бир вақтнинг ўзида мустақил фикрлаш, жамоавий масъулият, миллий ўзликни тарбиялайди. Бу ерда ҳеч нарса тасодифий эмас, ҳатто мактаб саёҳатларига ҳам ўқув дастурининг ажралмас қисми сифатида қаралади.
Каецу Ариаке лицейи халқаро таълим бўлими директори, чет эл университетлари бўйича маслаҳатчи Ҳидео Ямаданинг айтишича, япон мактабларида одатда тарбия ва интизомга жуда жиддий эътибор берилади. Масалан, дарслар тугагач, ўқувчилар, албатта, мактабни тозалайди. Бу ишлар навбатчилик асосида бажарилади ва бундай амалиёт бутун Япония бўйлаб қўлланади. Уларнинг тартибли саф тортишга одатлангани ҳам мактаб тарбиясининг муҳим хусусиятларидан.
Мактабларнинг алоҳида жиҳати шундаки, унда болалар билан суҳбат ва мулоқот жуда қадрланади. Шунингдек, бошқаларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш доим ёдда тутиладиган тамойил сифатида ўқув дастурига киритилган.
Японияда диққатга молик ҳар бир тажриба — Миллий парламент кутубхонасидаги 48,6 миллиондан ортиқ материални рақамлаштириш тизимидан тортиб, ўқувчиларни мустақилликка ўргатувчи мактаб маданиятигача — битта умумий ғояга хизмат қилади: билим инсонни ҳам, халқни ҳам бирлаштиради.
“Ўзбекистонлик талабаларнинг интилиши юқори эканига гувоҳ бўлдим”
Сафар давомида бўлиб ўтган учрашувлардан бири — Нагоя иқтисодиёт университети раҳбарияти билан мулоқот биз учун алоҳида аҳамиятли бўлди. Учрашувда мазкур университет айнан Ўзбекистоннинг саккизта олий ўқув юрти билан ҳамкорлик ўрнатгани, бу эса япон таълим тизими учун камдан-кам учрайдиган ҳодиса экани қайд этилди. Қўшма диплом дастурлари доирасида бу ерда ҳозир 27 ўзбек талаба таҳсил олмоқда. Университетнинг “Аввало, шахс, сўнг маҳорат” тамойили бизни алоҳида қизиқтирди. Шу сабабли қўшма маънавий-ахлоқий таълим дастурини йўлга қўйиш ҳамда бу борада меморандум имзолаш таклифи илгари сурилди.
Мазкур таълим муассасаси президенти Ҳаруо Сабури мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида бундай дейди:
— 2019 йилда жаноб Президент Шавкат Мирзиёев Нагоя университетига ташриф буюриб, фахрий докторлик унвонини олган куни мен у билан бевосита мулоқот қилиш шарафига муяссар бўлган эдим. Ўшанда у мамлакат келажагини таълимга алоҳида эътибор қаратиш орқали қуриш қатъий азму қарори эканини билдирди ҳамда Нагоя университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларга ҳар томонлама кўмаклашиш ваъдасини берди. Бу мени жуда тўлқинлантириб, Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истагини уйғотди. Айниқса, ўз нутқини айнан таълим масаласидан бошлаган ва маъруза давомида “таълим” сўзини тўққиз марта такрорлаган эди — мен нутқни диққат билан тинглаб, бу сўзни санаб бордим ва ҳайратда қолдим. Йиллар давомида ўзбекистонлик талабаларнинг интилиши юқори эканига гувоҳ бўлдим. Шу боис, бугун Нагоя иқтисодиёт университети Ўзбекистоннинг саккизта олий таълим муассасаси билан қўшма диплом дастурларини амалга оширмоқда. Ишончим комилки, бу ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва таълимий алоқаларни янги босқичга олиб чиқади.
Истиқболли режалар орқали ёруғ манзиллар сари
Келишувлар ва ўтказилган тадбирлар якунида илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унда Нагоя иқтисодиёт университети билан қўшма таълим дастури, Япониянинг “токкацу” тажрибасини танланган мактабларда пилот тажриба тариқасида татбиқ этиш, парламент кутубхонаси моделини миллий ёзма меросни рақамлаштиришда қўллаш, шунингдек, Япониядаги ватандош ёшлар билан алоқани янада ривожлантириш каби йўналишлар қамраб олинган.
Япониядаги Ўзбекистон туризми ва маданияти ассоциацияси асосчиси Акане Масаока ушбу соҳада йигирма йилдан буён фаолият юритади. Шу даврда кунчиқар юрт вакилларининг мамлакатимизга қизиқиши қандай ўсиб борганини ўрганиб келади.
— Ўтган йили Япониядан Ўзбекистонга 32 минг сайёҳ борди. Бу йил эса ушбу кўрсаткич икки баравар ошиши кутилмоқда ва бу тасодиф эмас, — дейди Акане Масаока. — Япониялик сайёҳлар учун Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа ҳудудларнинг меъморчилик обидалари ҳақиқий кашфиётдир. Уларнинг нафислиги, ранглар уйғунлиги ва узоқ тарихга эга экани бизнинг мамлакатдаги қадимий обидалар руҳини эслатади. Шу билан бирга, бутунлай ўзгача, шарқона нафосат билан йўғрилган. Миллий таомларингиз ҳам алоҳида ўрин тутади. Японияга қайтган сайёҳларимиз уларнинг таъми ҳақидаги эсдаликларини узоқ вақт гапириб юради. Энг муҳими, юртингизда сайёҳлар учун хавфсиз муҳит яратилган. Биз энди нафақат индивидуал сайёҳлар, балки махсус гуруҳ турларини, жумладан, гастрономик ва меъморий маршрутларни ҳам ташкил қила бошладик. Ишонаманки, хавфсизлик, меҳмондўстлик ва бой тарихий-маданий мерос — учови қўшилиб, Ўзбекистон Япония учун Марказий Осиёдаги энг севимли йўналишлар бўлиб қолишини таъминлайди.
* * *
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “таълим, таълим ва яна бир бор таълим” тамойили ушбу сафарнинг асосий мазмунини ташкил этди. Ҳар бир япон мутахассиси — университет раҳбаридан тортиб, мактаб ўқитувчисигача — бир овоздан ягона фикрни такрорлади: “Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар, талабаларнинг билимга чанқоқлиги ва ёшларнинг интилувчанлиги ёруғ истиқболдан дарак бермоқда”.
Отабек ҲАСАНОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари