Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Telegram орқали 2023 йилдан буён гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласи билан шуғулланиб келган шахс қўлга олинган. У ижарада яшаган хонадонни нарко-омборга айлантириб, 200 килограммдан ортиқ прегабалин ҳамда 10 килограммдан зиёд тропикамид моддаларини сақлаб келган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, мазкур нарко-дўкон орқали йилига 800 килограммгача кучли таъсир қилувчи дори воситалари тарқатилган. Шунингдек, яширин нарко-лабораториялар прекурсор моддалар билан таъминлаб келингани айтилмоқда.
Тадбирлар давомида гуруҳнинг бошқа аъзолари ҳам ушланган. Улар орасида омборчи сифатида фаолият юритган шахснинг хонадони ва автомашинаси кўздан кечирилганда нарко-лаборатория жиҳозлари, шунингдек, бир неча килограмм кучли таъсир қилувчи моддалар топилган.
Шунингдек, гуруҳ таркибида «закладчик» сифатида ишлаган бир неча шахс 2000 дан ортиқ психотроп дори воситаларини тарқатаётган вақтда қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар қамоққа олинган.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги фуқаролардан ушбу жиноий гуруҳ фаолиятидан жабр кўрган бўлса, ички ишлар органларига мурожаат қилишни сўради. Қайд этилишича, мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.