Тошкент шаҳар ҳокимининг уй-жой коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари О. Муминов бошчилигида ўтказилган ўрганишлар натижасида ўтган иссиқлик мавсумида белгиланган меъёрий талаблар даражасида иситилмаган кўп қаватли уйлар танлаб олинди.

21 сентябрдан бошлаб мазкур уйларда Жаҳон банки мутахассислари кўмагида комплекс энергия аудити ўтказилади.

Аудит жараёнида уйларнинг ташқи деворлари, томи ва ертўласи, эшик ва деразалари, ички иситиш тизимлари ҳамда бошқа қисмлари текширилади. Шунингдек, махсус асбоблар ёрдамида иссиқлик қаердан ва қанча миқдорда йўқолаётгани аниқланади.

Мутахассислар ҳар бир уй бўйича иссиқлик йўқотишининг асосий сабабларини белгилаб, уларни бартараф этиш учун техник ечимлар ишлаб чиқади.

Аудит натижалари асосида Тошкентда кўп қаватли уйларни самарали иситиш методологияси ишлаб чиқилади. Унда уйларнинг техник ҳолати, энергия самарадорлиги ва иссиқлик йўқотиш даражаси ҳисобга олинади.

Янги методология асосида қайси уйларни модернизация қилиш зарурлиги, қаерда иссиқлик йўқотишларини камайтириш мумкинлиги ва энергия тежамкор технологияларни қаерда жорий этиш кераклиги аниқланади.

Бу эса келгусида кўп қаватли уйларда иссиқликни самарали сақлаш ва электр энергияси ҳамда табиий газдан оқилона фойдаланиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилашга хизмат қилади.