Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда пойтахтда ноқонуний диний таълим бериш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.
Маълум қилинишича, 1992 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган шахс Янгиҳаёт туманидаги хонадонни ижарага олиб, моддий манфаатдорлик эвазига 2014–2021 йилларда туғилган 9 нафар вояга етмаган болага диний сабоқ бериб келган. Текширув жараёнида 49 та диний мазмундаги китоб, 24 та дафтар ва ноутбук ашёвий далил сифатида олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, болаларга мажбурий тарзда сабоқ берилган, айрим ҳолларда уларга тан жароҳатлари етказилган. Шунингдек, болалардан 6 нафари 2 ойдан 8 ойгача мактаб дарсларига бормаган, уйда сақланган ва ҳатто кўчага чиқишига рухсат берилмагани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодекси 229²-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Болаларнинг ота-оналарига нисбатан эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 47-моддаси асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Шунингдек, Янгиҳаёт туманида аниқланган яна бир ҳолатда мазкур талабанинг ўқитувчиси ҳам ижара хонадонда болаларга ноқонуний диний таълим бераётгани маълум бўлди. 1987 йилда туғилган ушбу шахс ва унинг турмуш ўртоғи томонидан 2009–2018 йилларда туғилган 5 нафар болага сабоқ берилган бўлиб, улар орасида Тожикистон фуқаросининг фарзанди ҳам бор.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича тегишли экспертизалар тайинланган ва терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.