Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати маълум қилди.
Шунингдек, Яккасарой туманидаги бизнес марказининг 11-қаватида жойлашган яна бир «Call-markaz»да 34 нафар шахс фаолият юритгани, уларнинг 3 нафари чет эл фуқаролари экани аниқланди.
Тергов маълумотларига кўра, колл-марказларда бошқарувчилар, ташкилотчилар, жамоа сардорлари ва операторлар ойига 70 фоизгача даромад ваъда қилинган сохта инвестиция таклифлари акс этган фишинг ҳаволаларини тайёрлаган. Улар Канада, Буюк Британия, Германия, Норвегия, Нидерландия, Дания ва бошқа давлатлар фуқароларига сохта рақамлар орқали қўнғироқ қилиб, трейдерлик ниқоби остида криптоактивларга инвестиция киритишга ундаган.
Ходимлар ишга қабул қилинишида махфийлик қоидаларига қатъий амал қилинган. Уларга тахаллуслардан фойдаланиш бўйича алоҳида йўриқнома берилган, бинога кириш эса махсус қўриқчилар назорати остида амалга оширилган.
Тезкор тадбирлар давомида жиноий фаолиятда фойдаланилган 136 та компьютер, 90 та монитор, 73 та процессор, 53 та моноблок, 320 та телефон аппарати, 128 та қаттиқ диск, 175 та хотира қурилмаси, 2 та сейф ва бошқа техник воситалар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти Тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аниқланишича, жиноий схемани чет эл фуқароси 1978 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси билан ҳамкорликда ташкил этган. Ҳозирда мазкур икки раҳбар ва колл-марказлар фаолиятининг асосий гумонланувчилари бўлган яна 8 нафар шахс қамоққа олинган.
Шунингдек, яна 10 нафар гумондорга нисбатан маъмурий қамоқ қўлланилган, қолган 111 нафар шахс билан тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Дастлабки суриштирувлар ушбу жиноий тармоқнинг Россия, Грузия, Украина ва Озарбайжонда ҳам колл-марказлари фаолият юритган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Келгусида ушбу давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда халқаро жиноий тармоқ фаолиятига барҳам бериш режалаштирилган.
Шу мақсадда Ички ишлар вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик бошқармаси ҳамда Интерпол Миллий марказий бюроси орқали Европа ва Шимолий Америка давлатларига тегишли сўровлар юборилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қайд этишича, мазкур операция нафақат битта жиноий гуруҳни фош этиш, балки минглаб инсонларнинг молиявий йўқотишларининг олдини олиш, Ўзбекистон ҳудудининг халқаро киберфирибгарлик марказига айланишига йўл қўймаслик ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим чора ҳисобланади.