Мактубнинг энг таъсирчан жиҳати шундаки, унда набиранинг содда саволи — “Нега Сиз доим узоқ сафарларга кетасиз?” деган мурожаат бутун бир халқ, миллат ва давлат келажаги билан боғлиқ катта ҳаётий ҳақиқатни очиб беради. Президентимиз бу саволга шунчаки сафарларнинг сабабини изоҳлаш билан чекланмайди. Аксинча, ўз зиммасидаги масъулиятнинг асл моҳиятини, давлат раҳбари бўлиш қандай улкан бурч ва фидойиликни талаб этишини тушунтиради.

Дарҳақиқат, давлат раҳбарининг фаолияти фақат расмий учрашувлар, давлат ташрифлари ёки сиёсий музокаралардан иборат эмас. Унинг ҳар бир қарори, ҳар бир ташаббуси, халқаро майдондаги ҳар бир учрашуви ортида миллионлаб инсонларнинг бугуни ва эртанги куни, оилаларнинг фаровонлиги, ёшларнинг таълим олиши, мамлакатнинг тинчлиги ва тараққиёти билан боғлиқ масъулият туради. Менимча, ушбу мактубнинг энг муҳим ғояси  давлатимиз раҳбарининг ўз халқидан, унинг дарду ташвишларидан, орзу-интилишларидан ҳеч қачон ажралмаслиги, аксинча, бутун фаолиятини халқ манфаатларига хизмат қилишга бағишлаши зарурлигидир. Чунки ҳақиқий раҳбарлик, аввало, мансаб ёки ваколат эмас, зиммасидаги масъулиятни қай даражада чуқур ҳис этиши, халқи тақдирига қанчалик дахлдор экани билан белгиланади.

Президентимиз мактубида ўзининг болалик хотираларига мурожаат қилиши ҳам бежиз эмас. Мен таълим соҳаси вакили сифатида ушбу мактубдаги энг теран ва таъсирчан жиҳатлардан бирини айнан таълим ва инсон қадри билан боғлиқ ҳолда кўраман. Бир пайтлар умрининг, таълим даврининг ярми пахта далаларида ўтган ўқувчи ёки талабанинг бугун яна мактаб партаси, университет аудиториясига қайтиши шунчаки ижтимоий ўзгариш эмас, балки инсон тақдирига муносабат тубдан ўзгарганини англатадиган тарихий ҳодисадир. Чунки пахта даласида болалик йилларини меҳнат билан ўтказишга мажбур бўлган авлод билан бугун илм масканларида билим олаётган, замонавий касбларни эгаллашга интилаётган ёш авлоднинг ҳаёт йўли ўртасида бутун бир даврнинг тафовути мужассам. Энг муҳими, бу ўзгариш фақат ўқувчи тақдирида эмас, устознинг ҳаётида ҳам намоён бўлади: у энди далада эмас, синфхонада, аудиторияда туриб, ўз билим ва тажрибасини ёш авлодга ўргатади, истеъдодларни кашф этади, келажак бунёдкорларини тарбиялайди.

Менимча, янги Ўзбекистон ислоҳотларининг асл мезонини ҳам айнан шу манзарада кўриш мумкин: кечаги машаққатли меҳнат ўрнини бугун илм эгаллаётгани, мажбурият ўрнини имконият, эҳтиёж ўрнини интилиш, даладаги меҳнат ўрнини аудиториядаги тафаккур банд этаётгани инсон қадри амалда улуғланаётганининг муҳим ифодасидир. Зеро, бир боланинг қўлидан кетмонни олиб, унга китоб тутқазиш фақат унинг бугунини эмас, бутун бир миллатнинг эртанги кунини ўзгартириш демакдир. Бугун ўша болаларнинг айримлари олим, профессор, муҳандис, шифокор, давлат ва жамият арбобларига айланган бўлса, бу ҳаётий ҳақиқатнинг ўзиёқ таълимга берилган эътибор қандай улкан ижтимоий самара келтиришини кўрсатади. Шу боис, Президентимиз мактубидаги болаларни пахта далаларидан мактабга қайтариш ҳақидаги хотиралар мен учун ўтмишни эслашдан кўра кўпроқ маънога эга: бу инсон болалиги, унинг илм олиш ҳуқуқи, орзу қилиш эркинлиги ва келажагини ўзи қуриш имконияти давлат сиёсатининг марказига қўйилганини англатадиган ҳаётий хулосадир.

Мактубнинг яна бир эътиборли жиҳати Ўзбекистоннинг ҳар бир фарзандига бирдек қаратилган меҳр ва ишонч туйғусидир. Президентимиз ўз набирасига мурожаат қилаётган бўлса-да, унинг фикрлари миллионлаб ўзбек болалари, барча миллат ва элат вакилларининг фарзандлари учун ҳам бирдек аҳамиятга эга. Айниқса, “Менинг ўз фикрларим юртимиздаги ҳар бир бобо ва ота, ҳар бир буви ва онанинг ўз азиз дилбандларига атаган юрак сўзларидир”, деган жумлалар мактубнинг умумхалқ миқёсидаги мазмунини янада теранлаштиради.

Бу ўринда юрт отасининг халқ олдидаги масъулияти фақат ёш авлод билан чекланмаслигини ҳам англаш лозим. Зеро, ҳар бир боланинг ортида оила, ота-она, унинг бахтли келажагини орзу қилаётган яқинлари бор. Оилаларнинг тинчлиги, фаровонлиги, ижтимоий ҳимояси, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечириши эса мамлакат тараққиётининг энг муҳим кўрсаткичидир. Давлатнинг қудрати ҳам, аввало, унда яшаётган инсонларнинг ҳаёт сифати, эртанги кунга ишончи ва ўз юртидан розилигида намоён бўлади.

Президентимизнинг хорижий сафарларга чиқиши, халқаро ҳамкорликни кенгайтириши, янги шериклик муносабатларини йўлга қўйиши ҳам айнан шу мақсадларга хизмат қилади. Бундай ташрифларнинг мазмун-моҳияти шундаки, мамлакатимизнинг халқаро нуфузи ва иқтисодий имкониятларини мустаҳкамлаш орқали юртимизда янги иш ўринлари яратиш, инвестиция жалб этиш, замонавий технологиялар олиб кириш, таълим ва илм-фан ривожига янги имкониятлар очиш кўзда тутилади. Демак, узоқ сафарлар ортида ҳам халқимизнинг бугуни ва келажаги, тинчлиги ва фаровонлиги ҳақидаги эзгу ниятлар мужассам.

Олий таълим соҳаси вакили сифатида мактубдаги илм-маърифат, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, замонавий технологиялар ва сунъий интеллектдан оқилона фойдаланиш ҳақидаги мулоҳазаларни алоҳида қайд этишни истардим. Бугунги глобаллашув ва рақамли тараққиёт даврида мамлакатнинг эртанги куни, энг аввало, билимли, мустақил фикрлайдиган, замонавий касб ва кўникмаларни эгаллаган ёшлар қўлида. Шу боис, таълим тизимининг барча бўғинларида ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларга замонавий билим бериш, илмий изланишларига кенг йўл очиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.

Айниқса, мамлакатимиз етакчисининг ёшларни буюк аждодларимиз — Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Маҳмудхўжа Беҳбудий каби улуғ зотларнинг муносиб ворислари бўлишга даъват этиши катта тарбиявий аҳамиятга эга. Бу даъват фақат тарихий мерос билан фахрланишга эмас, балки ана шу меросга муносиб бўлиш, илм-фан ва тафаккур орқали Ватан тараққиётига ҳисса қўшишга ундайди.

Мактубдаги вақт қадри, меҳнатсеварлик, сабр-тоқат, интизом, инсонийлик ва ватанпарварлик ҳақидаги насиҳатлар эса ёш авлод тарбиясининг муҳим мезонларини белгилаб беради. Айниқса, замонавий гаджетлар ва сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш, бироқ уларга қарам бўлиб қолмаслик ҳақидаги фикрлар бугунги авлод учун ниҳоятда долзарб. Чунки технологиялар инсоннинг билимини бойитиши, тафаккурини кенгайтириши ва имкониятларини ошириши керак, унинг мустақил фикрлаши ва изланишларига тўсиқ бўлмаслиги лозим.

Ушбу мактубни ўқиб, бир муҳим хулосага келиш мумкин: халқпарварлик бу — шунчаки чиройли шиор ёки сиёсий тушунча эмас. У ҳар бир инсоннинг ҳаётига бефарқ бўлмаслик, оилалар ташвишини ҳис этиш, болалар келажаги учун қайғуриш, ёшларнинг орзу ва мақсадларига имконият яратиш, кексалар дуосини олиш, жамиятдаги ҳар бир қатлам манфаатларини эътиборда тутиш демакдир.

Мамлакатимиз етакчисининг халқ билан ҳамнафас бўлиши, унинг дарду ташвишларини ўз дардидек қабул қилиши, ҳар бир фуқаронинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун интилиши жамиятда ишонч ва бирдамликни мустаҳкамлайдиган энг муҳим омиллардан. Чунки халқнинг розилиги, одамларнинг эртанги кунга ишончи, фарзандлари келажагига умид билан қараши ислоҳотларнинг энг олий натижасидир.

Президентимиз томонидан набираси тимсолида бутун халқимизнинг фарзандлари келажаги учун қайғуриб, халқимиз ва зиёлиларимизга қаратилган самимий мурожаат сифатида битилган ушбу мактубни жамиятимизнинг барча бўғинларида — мактаб, техникум, академик лицей ва олий таълим муассасаларида, шунингдек, ҳар бир оила ва маҳаллада кенг ўрганиш, мазмун-моҳиятини ёш авлод онгига сингдириш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, мактубда мужассам бўлган Ватанга садоқат, халқ тақдири учун дахлдорлик, инсон қадрини улуғлаш, илм-маърифатга интилиш, вақтни қадрлаш ва келажак авлод олдидаги масъулият каби умуминсоний қадриятлар бугунги куннинг муҳим маънавий-тарбиявий мезонларидир. Уни шунчаки мутолаа қилиш билан чекланмай, ҳар бир фикр ва ҳаётий хулосани чуқур мушоҳада этиш, кундалик фаолиятимиз билан боғлаш орқали жамиятимизнинг барча қатламлари, айниқса, ёшлар учун эртанги кун масъулиятини англашга хизмат қиладиган муҳим маънавий сабоқ сифатида қараш лозим.

Мактубни ўқиб, яна бир бор амин бўлдимки, Ватанга хизмат қилиш, энг аввало, унинг ҳар бир фуқароси тақдири учун қайғуриш, халқнинг бугунги ҳаёти ва эртанги истиқболини ўйлашдир. Зеро, давлатнинг энг катта бойлиги унинг халқи, энг улуғ мақсади эса шу халқнинг тинчлиги, фаровонлиги ва бахтли келажагидир.

Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори