Бугун бундай мисолларни мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди, таъбир жоиз бўлса, маҳалласи мисолида келтириш мумкин. Уларни ҳудудлар иқтисодиётини диверсификация қилиш, инвестицияларни жалб этиш, янги иш ўринлари очиш ва аҳоли даромадини оширишга қаратилган умумий мақсад бирлаштиради.

Табиийки, замонавий корхона ўз-ўзидан тараққиёт кафолати бўла олмайди. Унинг самараси, аввало, янги технологияларни ўзлаштирадиган муҳандис, технолог, иқтисодчи ва малакали мутахассислар салоҳиятига боғлиқ.

Яна бир гап. Қишлоқ ёшлари ўз-ўзидан замонавий мутахассисларга айланиб қолаётгани йўқ. Бунинг учун сифатли таълим, касб-ҳунар ўрганиш, олий маълумот олиш ва ишлаб чиқаришда тажриба орттириш имкониятлари институционал таъминланмоқда. Давлат яратаётган шарт-шароитлар ёшларнинг шахсий интилиши ва меҳнати билан уйғунлашгандагина кутилган натижани бермоқда.

Ана шу ўринда Конституциямизнинг ҳуқуқий мазмуни иқтисодий ислоҳотлар билан бевосита туташади. Асосий қонунимизнинг 50-моддасида ҳар кимнинг таълим олиш ҳуқуқи, 42-моддасида эса муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Мазкур кафолатларни ҳаётга татбиқ этиш ёшларнинг яшаш жойи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ўз қобилиятини рўёбга чиқариши учун зарур шарт-шароитларни кенгайтириш давлат зиммасида эканини ислоҳотлар кўрсатмоқда.

Мамлакат тараққиёти, илм-фан нуқтаи назаридан қараганда, инсон капиталига ­инвестиция киритиш сифатида баҳоланади. Шу билан бирга, малакали кадрлар тайёрлашнинг маънавий жиҳати ҳам муҳим. Конституцияда мустаҳкамланган инсон қадри, эркинлик, адолат ва Ватан келажаги олдидаги масъулият ғоялари ёшларнинг ҳуқуқий онгини шакллантириш билан бирга миллий ўзлигини англашига ҳам хизмат қилади. Ўз юртида билим олиб, касб эгаллаб, меҳнати билан жамиятга фойда келтираётган йигит-қизлар учун Ватанга муҳаббат фақат туйғу эмас, балки аниқ фуқаролик масъулиятига айланади. Ана шу уйғунлик миллий ғурур ва фахр-ифтихорнинг ҳаётий асосини мустаҳкамлайди.

Мамлакатимиздаги ҳудудий ривожланиш ва инвестиция сиёсатига шу нуқтаи назардан қаралса, унинг асосий иқтисодий вазифаларидан бири тараққиёт имкониятларини йирик шаҳарлар билан чекламай, чекка туман ва қишлоқларга ҳам етказиш экани англашилади. Бинобарин, мамлакат иқтисодий қудрати ишлаб чиқариш ҳажми баробарида аҳолининг таълим, меҳнат, тадбиркорлик ва муносиб турмуш имкониятларидан қай даражада фойдалана олиши билан ҳам баҳоланади.

Зеро, ижтимоий ривожланишга оид ислоҳотлар Конституциямизнинг 13- ва 14-моддаларида мустаҳкамланган тамойиллар билан уйғун. Хусусан, 13-моддада инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида ­эътироф этилган бўлса, 14-моддада давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлиги ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида амалга ошириши белгиланган. Демак, мамлакатда иқтисодиёт ўсишининг конституциявий мазмуни унинг инсон ҳаётига қандай таъсир кўрсатиши билан ҳам белгиланади.

Президентимиз илгари сурган “Инсон қадри учун” ғояси ва “Инсон — жамият — давлат” тамойилини ана шу ҳуқуқий асослар билан боғлиқ ҳолда англаш қийин эмас. Саноат корхонасида очилган иш ўрни, қишлоқдаги ёшларнинг касб-ҳунар эгаллаши, олий маълумот олиши, оиланинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши, шунингдек, тадбиркорлик ташаббусининг рўёбга чиқиши — буларнинг ҳар бири инсон қадри ва оиланинг фаровонлигига қаратилган сиёсатнинг амалий натижасини баҳолаш учун муҳим мезондир.

Бош қонунимизнинг ҳақиқий қудрати унинг олий юридик кучга эгалиги билан бирга халқ иродасини қай даражада ифода этиши, фуқаролар унда ўз ҳуқуқ ва манфаатларини кўра олиши ҳамда белгиланган кафолатларнинг ҳаётда таъминланиши билан ҳам эътиборли. Шу боис, Асосий қонунимизнинг халқчиллиги катта аҳамиятга эга.

2022 йил 20 июнь мамлакатимиз конституциявий ислоҳотлари тарихида муҳим сиёсий-ҳуқуқий босқич бўлди. Шу куни Президентимиз Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда Асосий қонунимизни жамият эҳтиёжлари, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролар манфаатларидан келиб чиқиб такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди. Учрашувда қайд этилганидек, 2022 йил 20 майда тузилган Конституциявий комиссияга дастлабки бир ойда фуқаролардан 48 минг 492 та таклиф келиб тушган. Давлатимиз раҳбари Конституцияга киритиладиган ўзгартишларни умумхалқ муҳокамасига қўйиш ва референдум орқали қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. Бу, шубҳасиз, конституциявий янгиланишларда фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган муҳим қадам бўлди.

2023 йил 30 апрелда ўтказилган умумхалқ референдумида Конституциямиз янги таҳрирда қабул қилинди. Президентимиз 2023 йил 8 май куни шу муносабат билан ўтказилган тадбирда юртдошларимиз референдумда “Бу — менинг Конституциям” деган ғурур билан овоз берганини таъкидлади.

Қонуний манфаатлар устувор

Президентимиз илгари сурган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя давлат бошқарувида янгича ёндашувни ифодалайди. Унга мувофиқ, давлат хизматчисининг лавозими жамият олдидаги масъулиятни, ваколати эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш мажбуриятини англатади.

Ушбу ёндашув Конституциямизнинг 2-моддасида ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган. Яъни давлат халқ иродасини ифода этади, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ҳамда фуқаролар олдида масъулдир. Ушбу конституциявий норма давлат ҳокимияти фаолиятини халқ манфаатлари ва жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлик билан бевосита боғлайди.

Давлат бошқарувининг самарадорлигини баҳолашда ҳам мазкур талаб устувор аҳамият касб этади. Идоралар фаолиятини қабул қилинган қарорлар, бажарилган топшириқлар ёки кўрсатилган хизматлар сони асосида баҳолаш етарли эмас. Фуқароларнинг вақти ва маблағи қанчалик тежалгани, маъмурий тўсиқлар камайгани, мурожаатлар қонуний ҳал этилгани ва хизматлардан фойдаланиш имконияти яхшилангани бошқарув натижадорлигининг муҳим кўрсаткичларидир.

Мамлакатимиз етакчиси ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари, Давлат хизматлари марказлари ва электрон давлат хизматлари тизими фуқаро билан давлат ўртасидаги муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган муҳим институционал ўзгаришлар бўлди. Ушбу механизмлар давлат хизматларидан фойдаланиш тартибини соддалаштириш, ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартириш ва мурожаатларни кўриб чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Давлат идоралари масъулияти фуқаролар мурожаатини кўриб чиқишда ҳам яққол намоён бўлади. Мурожаатга белгиланган муддатда жавоб бериш қонун талабидир. Бошқарув сифати эса муаммо сабаблари аниқлангани, ваколат доирасида асосли қарор қабул қилингани ва унинг ижроси таъминлангани билан белгиланади. Қарорларнинг қонунийлиги, очиқлиги ва тушунарли асослантирилиши фуқароларнинг давлат институтларига ишончини мустаҳкамлайди.

Фуқаро овози — тараққиёт омили

Халқ манфаатларига хизмат қиладиган давлат бошқарувининг ҳуқуқий асоси фуқароларнинг ҳокимиятни шакллантириш ва давлат қарорларига таъсир кўрсатиш имкониятлари билан белгиланади. Конституциямизнинг 7-моддасида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи экани мустаҳкамланган. Ушбу қоида давлат ҳокимияти халқ иродасига таяниши, Конституция ҳамда қонунларда белгиланган ваколатлар доирасида амалга оширилишини назарда тутади.

Халқ ҳокимиятчилиги сайловларда иштирок этиш билан чекланмайди. Фуқароларнинг қонун ижодкорлиги, жамоатчилик муҳокамалари, маҳаллий аҳамиятга молик қарорлар ва давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратида қатнашиши ҳам унинг муҳим таркибий қисмидир. Бундай иштирок аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжларини аниқлаш, қарорлар қабул қилишда турли манфаатларни ҳисобга олиш ва давлат сиёсати натижадорлигини оширишга хизмат қилади.

Президентимиз илгари сурган очиқлик ва ошкоралик сиёсати давлат билан жамият ўртасидаги муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган. Давлат органлари фаолияти ҳақида ахборот олиш имкониятини кенгайтириш, қарорлар лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйиш, фуқаролар мурожаатини ўрганиш ва аҳоли фикрини инобатга олиш ушбу сиёсатнинг амалий механизмларидир.

Конституциянинг 98-моддаси фуқароларнинг қонун ижодкорлигидаги иштирокини таъминловчи муҳим ҳуқуқий механизмни белгилайди. Унга мувофиқ, сайлов ҳуқуқига эга бўлган камида 100 минг фуқаро қонунчилик таклифларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқига эга. Бу имконият жамиятдаги долзарб муаммоларни қонунчилик даражасида кўриб чиқиш учун ҳуқуқий асос яратади.

Масалан, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган ортиқча маъмурий талаблар ёки фуқароларнинг муайян ҳуқуқларини амалга оширишдаги ҳуқуқий бўшлиқлар юзасидан қонунчилик таклифлари шакллантирилиши мумкин. Бундай таклифлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Халқ ҳокимиятчилигининг муҳим шарти — давлат ваколатларининг қонун билан чегараланиши. Конституциянинг 11-моддасида давлат ҳокимияти қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниш принципига асосланиши белгиланган. Ҳокимиятлар бўлиниши давлат органларининг ўз ваколати доирасида фаолият юритиши, ўзаро ҳуқуқий мувозанат ва масъулиятни таъминлашга қаратилган.

Мустақил суд ҳокимияти ушбу тизимнинг ажралмас қисмидир. Давлат органлари ёки мансабдор шахслар қарорлари юзасидан низо келиб чиққанда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари холис суд муҳокамаси орқали ҳимоя қилиниши ҳуқуқий давлатчиликнинг асосий мезонларидан. Конституциянинг 20-моддасида инсон билан давлат органлари ўртасидаги муносабатларда қонунчиликдаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши белгиланган.

Очиқлик, қонун устуворлиги ва мустақил суд тизимининг иқтисодий аҳамияти ҳам катта. Тадбиркор ва инвестор учун мулк ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши, шартномаларнинг бажарилиши, давлат қарорларининг ҳуқуқий барқарорлиги ҳамда низоларнинг адолатли ҳал этилиши узоқ муддатли фаолиятни режалаштиришда муҳим ўрин тутади. Давлат органлари қарорларининг очиқлиги ва ҳуқуқий жиҳатдан асослангани иқтисодий муносабатларда ноаниқликни камайтиради, инвестиция муҳитининг ишончлилигини оширади.

Ижтимоий давлат

Янги Ўзбекистоннинг ўзига хос халқчил сиёсати давлатнинг ижтимоийлашувида, инсон манфаатлари ва аҳоли фаровонлигини давлат фаолиятининг устувор йўналиши сифатида белгилашида намоён бўлмоқда. Асосий қонунимизнинг 1-моддасида Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани белгиланган. Ижтимоий давлат мақомининг конституциявий даражада мустаҳкамлангани аҳоли фаровонлигини таъминлашни давлатнинг доимий ҳуқуқий масъулиятига айлантирди.

Конституциямизнинг 46-моддасида ёшга доир, меҳнат қобилиятини йўқотганлик, ишсизлик ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолатларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи кафолатланган. Қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий ёрдам турларининг миқдори расман белгиланган энг кам истеъмол харажатидан оз бўлиши мумкин эмаслиги ҳам мустаҳкамланган. Ушбу талаб ижтимоий ҳимоянинг конституциявий мезонини белгилаб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашда давлат зиммасига аниқ мажбурият юклайди.

Давлатнинг ижтимоийлашуви аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш билан чекланмай, фуқароларнинг мустақил даромад топиш имкониятларини кенгайтиришни ҳам қамраб олади. Конституциянинг 43-моддасида давлатнинг бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, фуқароларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашга оид вазифалари белгиланган.

Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ушбу конституциявий вазифаларни амалга оширишнинг муҳим йўналишларидан. Ишсиз фуқарони касб-ҳунарга ўқитиш, ишга жойлашишига кўмаклашиш, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш ва даромад манбаларини шакллантириш ижтимоий ёрдамнинг узоқ муддатли самарасини оширишга хизмат қилади. Бунда асосий натижа ёрдам ажратилгани билан эмас, фуқаронинг барқарор бандликка эришгани ва оиланинг турмуш тарзи ошгани билан белгиланмоқда.

Ижтимоий давлатнинг халқчил моҳияти таълим, тиббиёт ва уй-жой соҳаларидаги конституциявий кафолатларда ҳам ўз ифодасини топган. Конституциянинг 47-моддасида уй-жойли бўлиш, 48-моддасида соғлиқни сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, 50-моддасида таълим олиш ҳуқуқлари мустаҳкамланган. Ушбу нормалар давлат ижтимоий сиёсатининг ҳуқуқий йўналишларини белгилаб, кўрсатиладиган хизматлар сифати ва улардан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга доир масъулиятни кучайтиради.

Шерзод ҚУРБОНОВ,

иқтисодий таҳлилчи