Биз аввалига университет ва театрда ташкил этилган ижодий учрашувларда қатнашдик. Кейинги манзилимиз эса шаҳардаги ҳарбий қисм эди. Бу хабарни эшитишим биланоқ беихтиёр хурсанд бўлиб кетдим...

Ҳарбий шаҳарчадаги маданият саройига кириб борар эканмиз, бизни залда жам бўлган Ватан посбонлари ва хизматчилар ўринларидан турган ҳолда кутиб олди. Саҳна ўртасида меҳмонлар учун алоҳида жой ҳозирланиб турар, ҳарбий қисм бошлиғи қўярда-қўймай ҳаммамизни ўша ерга таклиф қилди.

Яхшилаб ўрнашиб олганимиздан кейин шерикларимиз навбати билан сўзга чиқа бошлади. Ватан, озодлик, истиқлол қадри ва шунга яқин мавзулар атрофида кечаётган гурунг бир хил маромда давом этяпти. Учинчи киши берилиб маъруза ўқиётганида “Қани, ўзи кимдир эшитяптими?” деган ўй билан секин залдагиларга назар ташлай бошладим ва тасодифан Беҳрўзни кўриб қолдим. Ҳа, бу аниқ ўша. Сира ўзгармабди. Фақат нигоҳлари янада теранлашган, бутун диққати билан минбардаги таниқли маданият вакилининг гапларига қулоқ осиб турибди. Елкасидаги юлдузлари эса йириклашибди. Мен охирги марта ҳарбий журналист сифатида бу ерга келганимда у лейтенант эди...

* * *

Декабрнинг аччиқ совуғи қўша-қўша кийимимиз ичидаги баданни тешиб ўтгудек эди. Марҳум қизиқчи Ҳожибой Тожибоев бир томнинг устидан иккинчи томга сакраб ўтаётган мушук куннинг совуқлигидан ўртада музлаб қолади деб мана шу қаҳратонни айтган бўлса керак. Бу ерда яшаётган маҳаллий аҳолига, бошқа вилоятлардан келиб хизмат қилаётган ҳарбийларимизга қорақалпоқча қилиб, “Раҳмет”, дегинг келади. Шубҳасиз, ёзи жазирама, қиши аёзли бу масканда уларни ягона нарса таянч нуқтаси каби тутиб туради: Ватан туйғуси...

Режа бўйича ҳарбий қисмларда жорий этилган ҳарбий психологлар фаолияти билан танишишимиз, улар ҳақида лавҳа ёки очерк тайёрлашимиз керак. Ҳарбий қисмнинг ҳарбий психологи лейтенант Беҳрўз Муродов бизни машғулот хонаси томон етаклади. Кирсак, хонада ҳарбий қисмнинг бир гуруҳ ишчи-хизматчилари ва ҳарбийлар ўтирибди. Кўриниб турганидек, улар ичидан кимдир ўз хоҳиши билан келган, яна кимдир эса истагидан ташқари. Буни қорақалпоқларга хос тарзда рўй-рост билдирганлари ҳам бўлди. “Нима, биз жиннимизми?” деб ўйлашган-да. Ҳарбий инсоншуносимиз эса бу нарсаларга парво ҳам қилмай, ўз ишига киришиб кетди. “Одам ҳам шундай бетаъсир бўладими-ей”, деб юборади киши.

Беҳрўз аввалига йиғилганларнинг исми ва исмлари тарихи билан қизиқди.

— Менинг исмим Муҳаббат. Отимни раҳматли бувим қўйган экан, — дея гап бошлади ўзи айтганидек Муҳаббат опа. — Бувимнинг айтишича, ота-онам бир-бирини яхши танимай, катталарнинг хоҳишига кўра турмуш қуришган. Мен туғилганимдан кейин улар ўртасида муҳаббат пайдо бўлсин деб исмимни шундай қўйишган.

Хонада енгил кулги кўтарилди ва қолганлар ҳам бирин-кетин исмлари тарихини сўзлаб берди. Шундан сўнг машғулот бошланди. Лейтенант Беҳрўз Муродов бугунги машғулотнинг номини айтди: “Мойчечак”. У қатнашувчиларга биттадан оқ қоғоз билан ручка тарқатиб чиқди. Психолог ўз ишининг устаси экани, қалб қўрида ҳалиям сақланиб қолган беғуборлик борлиги кимлардир истар-истамас машғулот шартларини бажаришга киришаётганида у ўзини худди ҳеч нарсани кўрмаётгандек, сезмаётгандек тутишида кўринарди. Биз эса хонанинг эшик томондаги бурчагида жимлик сақлаган ҳолда кузатиб ўтирибмиз.

— Қўлингиздаги оқ қоғозга мойчечакнинг расмини чизинг. Унинг гули саккиз банддан иборат бўлсин, — деди биринчи қадамни тушунтиришга киришган Беҳрўз. — Қани, чизган бўлсак, ҳаммамиз кўрсатамиз.

Эринибгина қоғоз кўтарган қўллар секин туширилди. Психолог ҳаммага қараб чиқди-да, улардан бир дақиқага кўзларини юмишларини илтимос қилди.

— Ана энди, — давом этди у, — мана шу саккизта банднинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида қилиб ўзимиз учун энг азиз ва қадрли бўлган нарсаларимизни ёзиб чиқамиз.

— Менинг азиз нарсаларим кўп-да, нима қилай? — иштирокчилар ичидан кимдир савол беради.

— Умумийлаштирсангиз ҳам бўлади, — Беҳрўз мулойимлик билан жавоб қайтарди.

Машғулотни диққат билан кузатишда давом этамиз. Ҳамма ёзиб бўлгач, кўзлар яна бир дақиқага юмилди. Қоғозга туширилган қадрлилар тасаввурда жонланди.

Беҳрўз машғулотнинг навбатдаги шартини айтганида, кўпчилик эътироз билдирди. У дедики:

— Мана шу саккизта банддан иккитасини ўчирамиз...

Иштирокчиларнинг эътирозида жон бор. Ахир бу бандлар ичига улар фарзандлари, ота-онаси, турмуш ўртоғи, соғлиғи, ғурури, севимли иши ва ҳар қандай вазиятда ҳам ҳар қандай йўл билан асраб қолишга арзигулик “бойлик”ларини ёзган эди.

— Мен булар ичидан ҳеч бирини ўчиролмайман, — дейди Жалғас оға.

— Илтимос, машғулот шарти шундай, ўчирамиз, — деди Беҳрўз босиқлик билан.

Бир иштирокчи титраган қўлидаги ручка билан иккита банддаги ёзувларни ўчирди-ю, шу оннинг ўзидаёқ улардан айрилгандек изиллаб йиғлаб юборди. Бошқаларнинг ҳам кўнгли бузилди. Машғулот шу зайлда қийинлашиб боряпти. Сокин хонада қўлдан тушиб кетган ручканинг партага ва полга текканидаги овози эшитилади, холос.

...Иштирокчиларда охирги иккита банд қолган. Бўлиб ҳам энг қадрли, суюмли ва азизлари. Беҳрўз эса совуққонлик билан уларни ҳам ўчириш кераклигини айтиб турибди. Қатнашувчиларнинг навбатдаги эътирозлари ҳам қаноатлантирилмади.

— Менинг ота-онам ўтиб кетган. Улар ҳозир шу тупроқда ётибди, — маҳзун оҳангда гапираётган бу аёлнинг исми Зулфия опа. — Шунинг учун бошда бандларнинг бирига “Ватан” деб ёзган эдим. Ватанни ўчириб бўлмайди, болам...

Шу пайтгача ўз касбининг устаси эканини кўрсатиб келган лейтенант Муродов бир лаҳза титраб кетди-ю, ҳиссиётга берилса, машғулот барбод бўлишини ўйлаб, ўзини йиғиб олди.

— Бундай ишни буюрмаган бўлардим, аммо машғулотнинг шарти шу, опа, — у ўта оғир ва босиқлик билан гапирарди. — Танловни ўзингизга қолдираман...

Бошда кўзи ёшланган опа яна диққат марказимизда. “Болаларимдан қандай воз кечаман ахир?”.

Қанчалик оғир бўлмасин, психолог айтган шартларнинг барчаси бажарилди. Иштирокчилар гўё чексиз коинотда ҳеч кимсиз, ҳеч нарсасиз, умидсиз ва яшашга бўлган истаксиз қолгандек эди гўё. Сўнг кўзлар сўнгги бор бир дақиқага юмилди ва тасаввурдаги мана шу ҳолат бутун вужуд билан ҳис қилина бошланди. Улар ўша лаҳзада ҳаёти давомидаги энг қўрқинчли ва азобли тасаввур билан юзма-юз келгандир, балки? Эҳтимол, шундай.

Машғулотнинг иккинчи босқичи бошланди. Энди улар бандлардаги ёзувларни иккитадан қайта тиклаб чиқишга киришди. Юзларидаги қувончни кўрсангиз! Йўқотган нарсаларини бир-бир топишяпти-да. Ниҳоят азизлар номи битилган тўтиё ёзувлар тўла-тўкис тикланди. Беҳрўз эса уларга қараб туриб:

— Ишонинг, сиз дунёдаги энг бахтли инсонсиз. Она Ватанингиз тафтини ҳис қилиб яшаяпсиз. Оилангиз, яқин инсонларингиз доимо ёнингизда, яхши кўрган ишингиз бор, соғлиғингизда муаммонгиз йўқ. Фақат буни юрак-юракдан ҳис қилишингиз керак эди. Уларни асранг, қадрига етинг. Минг афсуски, ҳаёт бугунги машғулотимиз эмас. Минг чиранмайлик, йўқотган нарсаларимиз қайтиб келмайди, — деди.

Машғулот аввалида иштирок этишни истамаган кишилар психологга энг биринчи бўлиб раҳмат айтди. Биз ҳам Беҳрўзга қорақалпоқча қилиб, “Раҳмет”, деган эдик ўшанда.

* * *

Мириқиб маъруза тинглаётган Беҳрўзга қарайман-у, ўша воқеалар хаёлимда қайта жонланади. Шу пайт сўз навбати менга келиб, минбарга таклиф қилиб қолишди. Ўшанда нималар ҳақида гапирганим ҳозир унчалик ёдимда йўқ, лекин Ватанни ўчириб бўлмасликка иймон келтирган ўша машғулот хотирамда умрбод сақланиб қолган.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир