— Улар анчадан буён жаҳон саҳнасига озод миллат сифатида чиқиш учун курашар эди. Улар ҳурриятга ҳақли равишда эришди деб айтсак бўлади. Биз-чи...
— Бу нима деганинг? Биз курашмадикми? Бир умр қуллик, қарамликка бош эгиб яшадикми? Унда Дукчи эшон қўзғолонининг мақсади нима эди? Чўлпоннинг “Кишан кийма, бўйин эгма, Ки сен ғам ҳур туғилғонсен!” деган ундови яроғ кўтариб турган сўз қиёфасидаги лашкар эмасми? Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон”и, Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидаларига мустабидлар тарафидан бизнинг миллат сифатида камситилишимизга нисбатан ошкора қаршилик руҳияти сингдирилмаганми?
— Далилларингизга эътирозим йўқ. Барибир, мен ҳали-бери мустақил бўлишимизга умид қилаётганим йўқ. Шунча пахтамиз, шунча қазилма бойликларимиз билан бизни бу империя чангалидан қўйиб юбормайди. Тағин шу қадар меҳнаткаш миллат бўлсак... Ишонмайман...
Ҳа, 1989 йилларда турмуш ўртоғим билан шу тарзда баҳслашар эканман, юртимизнинг қуллик исканжасидан халос бўлишини ҳарчанд истамайин, бу бахт ўша йилларда бизга насиб этишига чиндан ишонмас эдим.
Аммо Худойимнинг адолати бор-да. Халқ ичида айтиладиган “Қони тутди” деган гапни кўп эшитамиз. Тобора нафси ўпқон бўлиб бораётган мустабидларга юз йиллар давомида эрксизликка қарши ошкора ва пинҳона курашга чиққани боис, қамалган, сургун қилинган, отилган, осилган минглаб баҳодирларнинг, бир сўз билан ифодалаганда, жасорат элининг қони тутди. Империя ағдарилди ва биз мустақилликка эришдик.
Аслида, бу маълум ҳақиқатлар. Эҳтимол, шахсан ўзим шу гапларни турли давраларда, турли муносабатлар билан неча бор айтгандирман... Аммо яна ва яна такрорлагим келаверади. Айтган сайин маза қиламан. Кўнглим ўсиб, осмон қадар юксалиб оламан. Гўёки айтганим сайин “Мустақил миллатмиз” деган иқрор мустаҳкамланиб бораётгандек туюлади. Айтганим сайин бу сўзларнинг кучига куч қўшилаётгандек бўлади.
Шу қанот бергувчи туйғулар, шу иқрорлар оғушида, мана, истиқлолимизнинг 35 йиллик тантаналарига ҳам яқинлашиб келяпмиз. Бугун бу йилларни бир-бирига туташтирувчи йўллар ва бекатлар ҳақида ўйлар эканман, воқеа-ҳодисалар, қувончли ва ташвишли кунлар хотирам кенгликларида тиниқ торта боради.
2017 йил 8 март санаси. Турфа гуллар билан зийнатланган муҳташам кошонада бошланган табриклаш ва тақдирлаш маросимларидан кейин мамлакатимиз раҳбари бир неча соатлардан сўнг расмий ташриф билан Туркманистонга йўл олишини, бу биринчи расмий ташрифи эканини айтди. Оналарнинг дуосида бошқача хосият бўлади деди.
Байрам дастурхони атрофини тўлдириб ўтирган барча аёллар — ҳаммамиз юрак-юрагимиздан бу сафарнинг хайрли бўлишини тилаб дуо қилдик. Тилакларимга ботинимда тўпланиб ётган илтижоларим ҳам қўшилиб кетди. Гап шундаки, Туркманистон — менинг ўн саккиз ёшимгача яшаган тарихий ватаним. Бобо-бувиларим, ота-онамнинг қабрлари ўша тупроқда. Шу пайтгача борди-келдиларда хийлагина қийинчиликлар мавжудлиги виза олишим учун ҳам муаммолар туғдираётган эди. Бир неча йиллардан буён жигарларим дийдорига интиқ эдим. Кейинги кунларда Президентимизнинг қўшни давлатга ташрифининг ҳар бир дақиқасини назаримдан қочирмай, телевизор олдида томоша қилдим. Учрашувлар ва суҳбатларнинг дўстона руҳидан суюндим. Орадан кўп ўтмай, ортиқча машаққатларсиз виза олишга муваффақ бўлдим ҳамда ҳаётлару марҳумларни зиёрат қилиб, соғинч чўғларида ловиллаб ётган юрагимни совитиб келдим. Менимча, бундай кунни кутиб юрган ёлғиз мен эмасдим. Ота тупроққа бемалол бориб келган қанча-қанча одамлар шукрона айтди экан, ташриф ҳақига дуо қилди экан... Нафсиламрини айтганда, гап фақат бизнинг қувончимиздами? Асосийси, бир дарахтнинг новдалари бўлмиш икки давлат орасидаги масофалар қисқарганида, деворлар пасайганидадир. Айтаётган сўзларимиз бир-биримизга тушунарли ва ёқимли бўлганидадир...
Орадан ойлар ўтиб билдикки, узоқ-яқин қўшнилар орасини яқинлаштириш мамлакатимизда бошланаётган янги сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири экан. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Туркия... Ташриф ташрифларга уланар экан, ой-юлдузли байроғимиз шу давлатларнинг байроқлари билан гоҳ бизнинг юксакликларда, гоҳ уларнинг баландликларида ҳилпирар экан, маданиятларимиз бир-биридан ранг олар, иқтисодиётимиз биргаликда қудрат кашф эта борарди.
Осойишта отаётган тонгларни шукрона билан қаршилар эканмиз, пойдевори мустақилликда бўлган, истиқлол имконлари устида бунёд этилаётган бу дўстлик қиёфасига фақат борди-келдилар, шартномалар, меморандумлар деб эмас, балки элларимизни тинчлик бағрида асрайдиган мустаҳкам қўрғон деб қарай бошладик. Юрагимизга ёзилаётган туркман, қозоқ, қирғиз, тожик, озарбайжон, турк каби миллат номлари теранроққа кўчиб, овозлари томирларимизга туташди.
Дарвоқе, турк... Биз минг йиллардан буён туркий миллатмиз. Аммо мустақиллик арафаларида шу сўз олдида дунёда қандайдир бир қўрқув пайдо бўлгандек эди. Гўё шу сўз тез-тез тилга олинаверса, унинг моҳиятидаги қудрат кучайиб борадигандек, қай бир кимсалар “турк”, “Туркистон” сўзларини тилга олдирмасликка ҳаракат қиларди. Бу номларни айтишга юраги дов берганларга иложи борича тезроқ “миллатчи” деган қора ёрлиқ ёпиштириб, овозларини бўғзида бўғишга уринишарди ва кўп ҳолларда бунга эришардилар ҳам. Аммо истиқлол берган жасорат бу сўзни майдонлар ва анжуманларда баралла айтишга имкон берди. “Туркий давлатлар саммити”, “Туркий адабиёт дурдоналари”нинг юз жилдлиги... Илдизи бир бўлган миллатлар яшаётган мамлакатлар раҳбарлари бундай жараёнларда туғишган оға-инилардай бирга кўриниш берганида, биз каби зиёлиларнинг кўнгли нақадар тоғдек ўсганини тасаввур қиласизми? Айниқса, улар орасида Президентимиз борлиги ва бу жараёнларнинг шунчаки иштирокчиси эмас, балки ташаббускори ва ташкилотчиси экани қалбга шу қадар катта фахру ифтихор бахш этадики, буни ифодалашга, шоир тили билан айтганда, “Олмосдан тарозу, олтиндан тош оз”...
Кун кунларга уланиб, вақт олға илгарилар экан, ҳаётимизга руҳий осойишталик бўлиб кириб келаётган дўстлик фақат қардош ва қондошлар доирасидагина қолиб кетмади. Шарқу Ғарбнинг Хитой, Жанубий Корея, Япония, Олмония, Франция, Италия, АҚШ каби қатор довруқли давлатларида, уларнинг расмий ва норасмий доираларига турли шаклларда етиб борган юрагимиздаги меҳр, тилимиздаги сўз, қўлимиздаги амал ва дилимиздаги ниятлар ишонч уйғотди. Уларнинг ҳар кимга ҳам очилавермайдиган пўлат эшиклари Ўзбекистон учун очилди. Жаҳондаги ўзгаришларни ниҳоятда зийраклик билан кузатадиган, кўпни кўрган бу ҳудудларга Президентимиз ташрифи билан тинчликка ва фаровонликка туташ таклиф ҳамда ташаббуслар кириб борди. Мустақилликдан олдин қандайдир йўллар билан хорижга бориб қолган юртдошимиз ўзи ҳақида сўраганларга:
— Ўзбекман, Ўзбекистонданман, — деб миллатимиз ва юртимизни таништиришга ҳаракат қилса, эшитувчи: — Бу қаер, Афғонистонми, Покистонми? — дея кўзи ва сўзида савол аксланарди.
Бугун эса бизни ётсираган ўша нуқталардан жуда-жуда узоқлашиб кетдик. Санъатимиз билан зариф кўнглимизни, спортимиз (айниқса, бокс ва шахмат) билан жисмоний ва ақлий қудратимизни, ҳунармандлигимиз билан уддабуронлигимизни, дилимиз нақшларини дунёга танитдик. Дину диёнатимиз билан эътиқодимизни...
Дарвоқе, дину диёнат... Азалдан ҳам дину диёнатимиздан дунё бехабар эмасди. Ислом оламида машҳур барча алломаларимизни бир-бир санаб ўтирмай (бу саноқ учун саҳифалар камлик қилади), Ал-Бухорийнинг биттагина ҳадисини эшиттирсак ҳам дунёнинг ҳар тарафидан “Биз биламиз” деган акс садо қайтиши аниқ.
Мустақиллик йилларида ислом динини ўзига ниқоб қилиб олган бир неча оқимлар пайдо бўлди. Минг йиллардан буён тинчлик, маърифат ва ҳамжиҳатлик дини сифатида эъзозланиб келаётган исломни бошқача талқин қилишга уринишлар кузатилди. Бузғунчилик, жаҳолат, ҳатто террор йўллари билан унинг обрўсига путур етказишга, шу йўл орқали тобора ёйилиб бораётган қанотини қирқишга ҳаракатлар анча-мунча кучли давлатларда ҳам озми-кўпми парокандаликларга сабаб бўлди. Бундай пайтда дину диёнат ҳимоясида маҳкам туриш, турганда ҳам ҳаракатларни фақат сўз билан эмас, амалда кўрсатиш мамлакатимизнинг, қолаверса, сиёсатимизнинг навбатдаги жасорати бўлди десак, адашмаган бўламиз. Зийрак ўқувчимиз гап пойтахтимизнинг қоқ марказида қад тиклаган муҳташам мажмуа — Ислом цивилизацияси маркази ва қайта таъмирланиб, бугун минглаб зиёратчиларни қабул қилаётган Имом ал-Бухорий мажмуаси ҳақида кетаётганини аллақачон пайқаган бўлса керак. Улардаги замонавий технологиялар воситасида жонланадиган экспонатларнинг ҳар бири ислом эътиқодида яшаган ва унга амал қилган миллатимизнинг тафаккур теранликлари, яратувчанлиги, довюраклиги ҳамда заҳматкашлигидан сўз айтади.
Юртимизнинг икки нуқтасида жойлашиб, бир-бирига жон ришталари билан боғланган бу икки мажмуа ҳақида кўп ва хўп айтилган фикрларни такрорламоқчи эмасман. Фақат миллат шаъни, номуси ва эътиқод ҳимояси мана шундай бўлади, биз ва бизнинг сиёсатимиз, 35 ёшга тўлган истиқлол сиёсатимиз ўз миллияти ва қадриятларидаги гавҳарларни мана шундай намойиш қилиш, ишонтириш билан ҳимоя қилади, деб баланд овозда айтгим келади.
Буларнинг барчасидан мурод нима? Дўстлик ҳам маблағ, вақт, юракнинг энг тоза тўридаги туйғуларни сарфлаш, яъни маънавий фидойилик эвазига барпо бўлади. Мустақиллигимиз фахри бўлган ҳар икки буюк иншоот ҳам жоннисорлик, жонкуярлик, ўзингни унутиб, зарра-зарранггача сарфланишнинг ҳосиласидир. Хўш, бунча харжланишлар нимага?
Ўттиз беш йил давомида давлатимиз сиёсати ўлароқ, қонунларимиздами, қарорларимиздами, шиорларимиздами айтилган ҳар бир сўз, олға ташланган ҳар бир қадам ва ҳар бир ҳаракат фақат ва фақат миллатимиз манфаати учун ўйланган, яратилган воситадир.
Мустақиллик йилларида ички ҳаётимизда юз берган ва юз бераётган янгилик-ўзгаришларни ҳам шу нуқтаи назардан кузатамиз ва баҳолаймиз. Шу ўринда кўпроқ ўзимни ҳаяжонга солган бир-икки жиҳатга тўхталмоқчиман. Мустақил бўлганимиздан сўнг ҳам ҳарбий соҳа учун ёш кадрларни етказиб берувчи мактаблар Суворов номида яшаб қолди. Ҳарбий ҳаёт учун, армия учун миллий ғурур сув ва ҳаводек зарурдир. Фақат миллий ғурури бор аскаргина ўз сарҳадларини ҳимоя қилишга, улар учун курашга қодир бўлади. Ана шу ҳақиқатни ўз вақтида кўра билган мамлакатимиз раҳбари ўсмир ўғлонларимизни ҳарбий ҳаётга ҳозирлайдиган ўқув даргоҳларини “Темурбеклар мактаби” деб аташни таклиф қилди. Бу мактабда саркарда боболаримизнинг ҳарб илмлари ўқитилиши бир тараф бўлса, “Темурбеклар” аталмиш салобатли номнинг ўзи бир тараф бўлди.
Ўғил-қизларимиз ҳақидаги суҳбатларнинг бирида Қува туманининг Акбаробод қишлоғидаги ихтисослашган мактабда узоқ йиллар директорлик қилган дугонам Холисхон Усмонова бундай гапириб қолди:
— Ўсмирлигида неварам Шоҳнурнинг роса шўхлиги тутди. Ҳадеганда қуюлавермади. Ерга урсанг, осмонга сапчийди. Буни қандай қилиб йўлга солсак экан, деган ўй-хаёлларда юрган пайтимизда, Фарғонада “Темурбеклар мактаби” фаолият бошлади. Уни ёнимга ўтқазиб, Амир Темур бобомиз ҳақида тарихдан билганларимни гапириб бердим. Ўғил бола эмасми, ҳикоям бобомиз ғолиб чиққан жангларга келганида кўзлари чақнаб кетарди. Шу мактабда ўқишга қизиқиб қолди...
Ҳа, Шоҳнур Муҳаммаджонов “Темурбеклар мактаби”да ўқиди. Ўқиганда ҳам аълочилар сафида бўлди. У фақат мутахассисликка оид фанларнигина эмас, балки тарих ва инглиз тилини ҳам жуда яхши ўзлаштирди. Мактабни битиргач, Ички ишлар вазирлиги академиясида ўқишни давом эттирди. Ҳар икки ўқув масканида шаклланган темир интизом, чуқур ўзлаштирилган билим ва айниқса, йиллар давомида қалбида мукаммаллашиб борган миллий ғурур туйғуси бугун унинг ўзи танлаган соҳада намунали мутахассис сифатида фаолият юритиши учун мустаҳкам пойдевор бўлаётгани чин.
Истиқлол замини ва замонида номлар бежиз танланмайди. Номлар ҳам ўзига хос залворли юкни кўтаради. Модомики, гапимиз мавзуси ўғлонларимиз билан боғлиқ экан, фикримизни мустақилликнинг яна бир инъоми — “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан давом эттирамиз. Жамиятимизда қизлар тарбиясига катта аҳамият берилади. Уларни касбга тайёрлаш, ўқитиш, оилага ҳозирлаш ҳамиша диққат марказимизда бўлиб келган. Шу билан бирга, оилада ҳам, жамиятда ҳам ўғил болалар тарбиясига, уларда ор-номус каби туйғуларни кучайтиришга катта эътибор қаратиш керак. Уларни оналарга, опа-сингилларга таянч бўладиган, оила юкига елка тутадиган, масъулиятли эркак қилиб вояга етказиш таълим-тарбиянинг марказида турмоғи даркор. Шу маънода, бундан бир неча йиллар аввал ўз тенгдошлари орасида иқтидори ва яхши фазилатлари билан ажралиб турган йигитларимиз учун “Мард ўғлон” мукофоти таъсис этилиши бу йўналишда олға ташланган яна бир муҳим қадам бўлди. Бундан уч йил аввал сирдарёлик Баҳром Баҳруллаев ҳам бир гуруҳ тенгдошлари қатори “Мард ўғлон” мукофоти билан тақдирланди. У — шахмат бўйича турли даражадаги катта мусобақалар ғолиби.
— Мукофот учун жуда зўр ном танланган, — дейди чемпионнинг онаси Зуҳра опа. — “Мард ўғлон”лар сафига қўшилган пайтлари Баҳромнинг мусобақаларга қаттиқ тайёрланиши керак бўлган даврга тўғри келди. Барибир, ҳали туйғулари тиниб улгурмаган асов йигитча эмасми. Бир ёқда мукофотнинг ҳавоси... Учрашувлар, олқишлар... Ўғлим эрта келган муваффақият йўлларида адашиб кетиши ҳам мумкин эди. Аммо мукофотдаги “Мард” сўзи қирғоқ бўлиб уни маҳкам ушлаб қолди. Отаси икковимиз: “Ўзбек халқи ҳаммани мард демайди. Лафзида турадиган, оиласи ва элининг юзини қизартирмайдиган йигитни мард дейди” қабилидаги гапларни айтиб турдик.
Баҳром чиндан ҳам мардларга хос яшамоқда. Ўтган йиллар давомида Тошкент халқаро иқтисодиёт ва дипломатия университети талабаси бўлди. Айни кунларда яна бир халқаро турнирга тайёргарлик кўрмоқда. Самарқандда бўлиб ўтадиган Халқаро шахмат олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган.
Мамлакатлар, миллатлар, воқеа-ҳодисалар ва инсонлар тақдиридан ҳам шу нарса кўриниб турибдики, Ватан озодлиги, миллат озодлиги бу — тақдирнинг энг қудратли, энг гўзал ва энг ёқимли яхшилигидир. Шунинг учун турли сабаблар билан хорижга кетиб, жанггоҳларда жабрланган миллатдошларимизни юртимизга қайтариш мақсадида ўтказилган “Меҳр” операциялари ҳақида сўз очамизми ёки Россиядаги Халқлар дўстлиги университетини тугатиб, Москвада ишлаётган бухоролик Иззат Шариповнинг юртимизда тадбиркорларга яратилаётган шароитлардан хабардор бўлгач, сердаромад ишини ташлаб, Ўзбекистонга қайтганидан ва оғир техника билан хизмат кўрсатадиган корхона ташкил қилганидан гапирамизми — барибир ўша яхшилик нурлари ёғдуси ва ҳароратини ҳис қилиб турамиз. Икки фарзанди билан ўн уч йил ижара уйларда сарсон бўлган Гулнора Шомаҳмудованинг эҳтиёжманд аёлларга кўрсатилаётган кўмак туфайли Сергели ҳудудидан ватанли-уйли бўлгани тўғрисидаги хушхабарни эслаймизми ёки бухоролик Дилноз Рўзиеванинг истиқлол берган имконларга таяниб, оддий муаллимликдан қандай қилиб Бухоро инновациялар университети ректори даражасига кўтарилгани билан боғлиқ воқеаларни ўртага ташлаймизми — асло ўша озодлик бахш этган яхшилик ва эзгулик қувончларидан узоқлашмаймиз.
Йиллар вақт қанотида учиб ўтаверади. Кейинги йил ўттиз олти, сўнг эса ўттиз етти, ўттиз саккиз... Аммо бу йилимиз, яъни ўттиз бешимиз шунчаки ўтиб кетаётган вақтга қўшилиб кетмайди. Унга тўкилган манглай терлар, унинг ҳар дақиқасига жо бўлган фидойиликлар, ниятлар, умидлар, армону ишончларнинг барчаси халқимизнинг жон сиёҳига ботириб ёзаётган қаламларидан тўкилган қутлуғ сўзларда, миллатимизнинг шонли тарих китобида абадий муҳрланиб қолади.
Қутлибека РАҲИМБОЕВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими