Бу каби ишлар мазкур ҳудудда яқинда фаолият бошлаган Вазиятлар маркази томонидан бажарилади.
Сергели тумани ҳокими маслаҳатчиси Саидаҳрор Юнусовнинг айтишича, янгича услубда фаолият олиб бораётган мазкур марказ ҳудуддаги ташкилотлар фаолиятида илғор тажрибаларни қўллаш, соҳаларни ривожлантириш, провардида юқори натижаларга эришиш, аҳолига қулайлик яратиш, юзага келган муаммоларни тезкор аниқлаш ва ечим топилишига хизмат қилиши билан алоҳида аҳамият касб этади.
Марказ фаолиятининг биринчи йўналиши – “Ақлли туман” платформаси бўлиб, у орқали туманда аҳоли билан ишлаш янги босқичга кўтарилмоқда. Бу ердаги ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий ҳолатни рақамли назорат қилиш, иш жараёнида сунъий интеллектдан фаол фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Тўпланаётган маълумотлар асосида хавф-хатарлар олдиндан аниқланаётир. Яна бир жиҳат, давлат идоралари билан корхоналар ўртасида тезкор алоқа ўрнатилди.
Иккинчи йўналиш ҳисобланган “Хавфсиз туман” тизими доирасида Ички ишлар вазирлигининг “Қалқон” платформаси ва “Менинг инспекторим” мобил иловаларидан, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг “Балит” платформасидан кенг фойдаланишга киришилмоқда.
Марказнинг 24/7 режимида ишловчи учинчи фаолият йўналиши – “Call-марказ” операторлари аҳоли билан бевосита фаол мулоқот қилади. Улар турли масалалар, жумладан, табиий газ, электр энергия, сув ва бошқа коммунал хизматлар бўйича муаммоларни тегишли ташкилотларга онлайн йўналтиради. Мурожаат қилган фуқаро билан қайта алоқа ўрнатиб, муаммо бартараф этилгунча ҳолатни назорат қилиб боради.
Бир сўз билан айтганда, ушбу марказ фаолиятининг йўлга қўйилиши туманда бошқарув қарорларининг қабул қилиш тезлиги 35% га ошишига, йўл-транспорт ҳодисалари 20% камайишига, фавқулодда вазиятларнинг бартараф этилиши 25-30% тезлашишига хизмат қилади.
Маълумот учун, яқинда пойтахтимизнинг Сергели туманида бўлган Президент Шавкат Мирзиёев ушбу марказ фаолияти билан танишиб, мазкур янги тизимни пойтахтимизнинг қолган туманларида ҳам жорий этиш бўйича топшириқ берган эди.
Х. Салимов,
журналист