Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, шу йилнинг 3–4 июль кунлари Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Грузияга амалга оширган ташрифи доирасида мамлакатнинг асосий транспорт инфратузилмаси объектлари — Анаклия, Поти ва Батуми портлари ҳамда Поти эркин саноат зонаси фаолияти билан танишди.

Ташрифнинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг экспорт-импорт юкларини Грузия орқали ташиш имкониятларини кенгайтириш, логистика занжирларини диверсификация қилиш ва халқаро транспорт йўлакларида мамлакат иштирокини кучайтиришдан иборат бўлди.

Анаклия портида Ўзбекистон томонининг Грузияда қурилаётган чуқур сув порти лойиҳасида иштирок этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Қурилиш якунлангач, мазкур порт барча турдаги йирик кемаларни қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Бу эса уни Қора денгиз орқали Европа ва бошқа бозорларга чиқишни таъминлайдиган муҳим транспорт тугунига айлантириши кутилмоқда.

Шу билан бирга, порт Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси билан уйғунлашганда Марказий Осиёдан Қора денгизга чиқувчи янги мультимодал транспорт йўлагининг муҳим бўғинига айланиши мумкин.

Поти портида Ўзбекистон экспорт-импорт юклари учун омбор ва терминал инфратузилмасини ташкил этиш истиқболлари кўриб чиқилди. Бу эса юкларни сақлаш, қайта ишлаш ва тезкор етказиб бериш имкониятларини кенгайтириши билан аҳамиятлидир. Шунингдек, Батуми портида Қора денгиз орқали юк ташиш ҳажмини ошириш ва транспорт ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф якунида Ўзбекистон компаниялари иштирокида консорциум тузиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ҳамкорлик битимларини ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи савдо географиясини кенгайтириш ва экспорт маҳсулотларини жаҳон бозорларига етказишда муқобил транспорт йўлакларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу жараёнда Кавказ орқали Қора денгиз портларига чиқиш имкониятлари стратегик аҳамият касб этмоқда.

Грузия портлари билан ҳамкорликнинг кенгайиши мамлакат экспортчилари учун логистика харажатларини оптималлаштириш, юкларни етказиб бериш муддатини қисқартириш ва ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин.