Бу масала Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University)да бўлиб ўтган икки мамлакатнинг тегишли идоралари вакиллари иштирокидаги учрашувда муҳокама қилинди.

Томонлар атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, мониторинг тизимини такомиллаштириш ва трансчегаравий ҳаво ифлосланишини камайтиришга қаратилган қўшма амалий чора-тадбирларни кўриб чиқди.

Учрашув жорий йил 11 апрель куни Бухорода Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ўртасидаги музокараларда эришилган келишувларнинг амалий давоми бўлди. Давлат раҳбарлари ўшанда чегараолди ҳудудларда «Тоза ҳаво» лойиҳасини амалга ошириш муҳимлигини таъкидлаган эди.

Муҳокамаларда ҳаво сифати мониторинги, атмосфера циркуляцияси жараёнлари ҳамда PM10 ва PM2.5 майда заррачалари бўйича илмий тадқиқотлар натижалари тақдим этилди.

Ўзбекистон томони йирик шаҳарларда атмосфера ҳавоси ифлосланишининг асосий қисми антропоген манбалар ҳиссасига тўғри келишини, шу билан бирга атмосфера циркуляцияси ва ҳаво массаларининг кўчиши ҳам муҳим омил эканини маълум қилди.

Учрашув якунида икки мамлакат олимлари иштирокида қўшма ишчи гуруҳ тузиш ҳамда трансчегаравий атмосфера ифлосланишини камайтиришга қаратилган амалий чора-тадбирларни биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Ташриф доирасида Қозоғистон делегацияси Ўзбекистонда амалга оширилаётган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳаси билан ҳам танишди. Хусусан, делегация Тошкент вилоятидаги иссиқхоналарни Сурхондарё вилоятига кўчириш ишларини, шунингдек, Тошкент иссиқлик электр станциясида жорий этилган замонавий газ тозалаш ва чиқиндиларни фильтрлаш тизимларини кўздан кечирди.

Шунингдек, меҳмонларга автотранспорт воситалари учун жорий этилган экологик стикерлар тизими ҳам тақдим этилди.