Тадбирда икки давлат ўртасида сайёҳлик алоқаларини кенгайтириш, қўшма туристик йўналишларни ривожлантириш ва янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов бошчилигидаги мамлакатимизда фаолият юритаётган 40 дан ортиқ етакчи туристик компаниялари, туризм-рекреацион зоналари, сайёҳлик мажмуалари ва авиакомпаниялари вакиллари иштирок этмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “III Ўзбекистон - Хитой ҳудудлараро форуми”нинг бешта сессиясидан бирининг туризм масалаларига бағишлангани мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама ва стратегик ҳамкорликда туризм соҳасининг аҳамияти нечоғли муҳим эканини яна бир бор намоён этди.
Туризм қўмитаси раиси ўз нутқида Хитойлик сайёҳлар учун қизиқарли сайёҳлик йўналишларини кенгайтириш, Хитойнинг ўрта ва юқори сегментдаги брендлари остида меҳмонхоналар очиш имкониятини кўриб чиқиш ҳамда Ўзбекистоннинг туристик зоналарида курортлар, санаторийлар, фаол ва оилавий дам олиш объектларини ташкил этиш таклиф этди. Шунингдек, ҳудудларда Хитой бизнесининг катта тажрибаси ва илғор технологияларидан фойдаланган ҳолда тематик боғлар ҳамда кўнгилочар мажмуалар барпо этиш, уюшмалар, банклар ва корпорацияларнинг йирик тадбирларини Ўзбекистонга жалб этиш, мамлакат ҳудудларида энг яхши MICE мажмуаларини таклиф қилиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари илгари сурди.
Шунингдек, форум доирасида Ўзбекистоннинг бой туристик салоҳияти ва ҳудудларнинг имкониятларини намоён этувчи кенг қамровли тақдимотлар ўтказилди. Хусусан, Бухоронинг тарихий-маданий мероси, Қашқадарё вилоятининг экотуризм ва зиёрат туризми имкониятлари, Самарқанднинг жаҳон цивилизациясидаги ўрни ҳамда Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятининг ҳоким ўринбосарлари иштирокида ҳудудларнинг замонавий туристик инфратузилмаси ва туризм салоҳияти ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Бундан ташқари, Мираки дам олиш маскани, Арда Хива туристик мажмуаси, Айдаркўл ҳудудидаги экотуризм йўналишлари ҳамда  Amirsoy Mountain Resort тоғ-чанғи курортининг имкониятлари хорижий иштирокчиларга таништирилди.
Тақдимотлар давомида меҳмонларга Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги туристик маршрутлар, замонавий меҳмонхона ва сервис хизматлари, шунингдек, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Шунингдек, форумда иштирок этган икки мамлакатнинг 200 дан ортиқ туроператорлар ва туризм соҳаси вакиллари иштирокида иккитомонлама ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш, мамлакатимизнинг туризм ва инвестиция салоҳиятини тарғибот этиш мақсадида бир қатор B2B учрашувлари ўтказилди.