Давлатимиз раҳбари энергетикани тараққиётнинг юраги деб атаб, барқарор энергия таъминоти тадбиркорлар сармояси ва одамларнинг эртанги кунга ишончи учун муҳимлигини таъкидлади.
Ўн йил аввал соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш, эскирган қувватларни янгилаш ва ўсиб бораётган талабни қоплаш вазифалари белгилаб олинган эди. Бунинг учун энергетика бозори хусусий сармояга очилди, давлат-хусусий шериклик механизмлари жорий этилди. Ўтган даврда соҳага 35 миллиард доллар инвестиция киритилди, ҳамкор давлатлар сони 2-3 тадан 10 тадан ортиққа етди.
Қуёш, шамол ва гидроэлектр станциялари ҳисобига қайта тикланувчи энергиянинг жами генерациядаги улуши 31 фоизга кўтарилди. “Яшил” қувватлар 11,1 гигаваттни ташкил этмоқда. Аҳоли жон бошига электр энергияси ишлаб чиқариш 28 фоизга ошиб, 2 минг 300 киловатт-соатга етди.
Бугун умумий қиймати 4 миллиард 700 миллион долларлик 6 та йирик лойиҳа бўйича битимлар имзоланди. Улар доирасида 3 минг мегаватт генерация ва 400 мегаватт энергия сақлаш қуввати яратилади.