Бу бўйича 25 ноябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидҳаджаев, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамда Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) вакиллари иштирокида ўтказилган учрашувда тегишли ҳужжатлар имзоланди.

Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазири ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, маблағлар KOICAнинг техник кўмаги доирасида GGGI билан ҳамкорликда «Ўзбекистон томонидан Париж битимини амалга оширишга кўмаклашиш ва 6-моддага мувофиқ Корея Республикаси билан биргаликдаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш» лойиҳасига йўналтирилади.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида углерод бирликлари савдосини йўлга қўйиш бўйича тартиб-қоидалар, қўлланмалар ҳамда қўшма ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, углерод лойиҳаларини тайёрлаш ва бошқариш бўйича мутахассисларни ўқитишга ихтисослашган махсус ўқув маркази ташкил этилади. Марказ зарур жиҳозлар билан таъминланиб, ўқув дастурлари йўлга қўйилади.

Грант маблағларининг яна бир қисми қишлоқ хўжалиги, энергетика ва сув ресурслари соҳаларида иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга қаратилган пилот лойиҳаларни амалга оширишга сарфланади.

Қайд этилишича, мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг халқаро углерод бозорида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда мамлакатнинг иқлим соҳасидаги мақсадларига эришишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Маълумот учун, 2025 йилда KOICA молиявий кўмагида GGGI томонидан Оролбўйини «яшил» тиклашга қаратилган инвестиция лойиҳаси амалга оширилган. У Қорақалпоғистонда иқлимга мослашувчан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва «яшил» инвестицияларни жалб қилишга қаратилган.