Самарадорлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва амалий саъй-ҳаракатлар намойиши

    Фикр 5 июл 2023 654

    Жорий йил 4 июль куни Ҳиндистон томони раислигида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

    Шу ўринда ШҲТ ўзининг 22 йиллик фаолияти давомида минтақавий масалаларни ҳал қилишда улкан муваффақиятларга эришганини таъкидлаш ўринли бўлади. Қайд этиш жоизки, ШҲТни ташкил этиш тўғрисидаги Декларацияга мувофиқ, Ташкилот бошқа давлатлар ва минтақаларга қарши қаратилган иттифоқ эмас. У очиқлик тамойилига амал қилади.

    ШҲТ бошқа давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан тинчлик ва умуминсоний қадриятлар руҳидаги мулоқот ҳамда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр бўлиб, мана шу тамойил уни халқаро муносабатларда нуфузли тузилмага айлантирди.

    Шу билан бирга, Ташкилот аъзолари ўртасида тенг ҳуқуқли ҳамкорлик ўрнатилган. Бу эса ШҲТ жозибадорлигини янада оширмоқда. Унга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ҳамда мулоқот бўйича ҳамкор давлатлар сони кўпайиб, Ташкилотга ишонч ортмоқда.

    Бугунги кунда ШҲТ улкан географик ҳудудни ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган дунёдаги энг йирик минтақавий Ташкилотга айланди. Ташкилот давлатларининг умумий нуфуси 3,3 миллиардни ташкил этиб, дунё аҳолисининг деярли 42 фоизини ташкил этмоқда. ШҲТ давлатларининг умумий ҳудуди сайёрамиз қуруқлик майдонининг 25 фоизини, Евроосиё қитъасида эса қарийб 60 фоизни эгаллайди.

    Бугунги кунда “ШҲТ оиласи” учта қитъа – Осиё, Европа ва Африкани қамраб олган. Шу билан бирга, бошқа мамлакатларнинг ШҲТ билан у ёки бу форматдаги ўзаро ҳамкорликка қизиқиши ортиб бормоқда.

    Кечаги мажлисда эса Эрон Ислом Республикасининг ШҲТ аъзолигига қабул қилиниши, шунингдек, Беларус Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзолангани ҳам Ташкилот маконида тарихий босқични бошлаб бериши шубҳасиз.

    ШҲТ минтақавий ва глобал хавфсизлик архитектурасида мустаҳкам ўрин эгаллаб, ўзини стратегик муҳим Евроосиё маконида барқарорликни сақлаш кафолати сифатида намоён этмоқда ҳамда Евроосиё кун тартибига эга бўлган трансминтақавий ташкилотга айланаётир.

    Шанхай ҳамкорлик ташкилоти муваффақиятида, фаолияти самарадорлигини оширишда Ўзбекистоннинг ҳиссаси жуда катта. Мамлакатимиз томонидан илгари сурилган ташабуслар ШҲТ нуфузини мустаҳкамлади.

    Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларида ШҲТ очиқ, прагматик ва кенг кўламли манфаатли ҳамкорлик йўлини амалга ошириш нуқтаи назаридан кўп томонлама платформа сифатида ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

    Ўзбекистон Президенти умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида “Самарқанд бирдамлиги” ташаббусини илгари сурди. Унинг мақсади – бизнинг умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, ихтилофларга қарамасдан келишилган ёндашув ва қарорларни излашга тайёр, “Самарқанд руҳи” тамойилларига ҳамфикр бўлганларнинг барчасини глобал мулоқотга жалб қилишдир. “Самарқанд руҳи” ШҲТни тузишда асос қилиб олинган бағрикенглик, турли халқларнинг анъана ва қадриятларига ҳурмат тамойиллари асрлар давомида амалда бўлган ҳаётий намунадир.

    Ушбу ташаббусни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун 2023 йилда сиёсий, жамоатчилик, ишбилармонлар, академик ва эксперт доираларининг нуфузли вакиллари иштирокида Самарқанд халқаро форуми ўтказилади.

    Турли шаклларда минтақавий иқтисодий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, товарлар, капитал, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатланишини босқичма-босқич амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиш ШҲТ фаолиятининг асосий йўналишларига киради.

    Ўзбекистон ШҲТ доирасида савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни, транспорт-логистика, энергетика, саноат кооперацияси, ахборот ва телекоммуникациялар, илмий-техникавий тараққиёт, рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги, камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда “яшил” иқтисодиёт каби соҳалардаги ҳамкорликни кучайтириш тарафдоридир.

    Бунда 2022 йилда ШҲТнинг Самарқанд саммитида қабул қилинган аъзо давлатлар ўртасида узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани 2023–2027 йилларда амалга ошириш бўйича кенг қамровли режа муҳим ўрин тутади. Ушбу ҳужжат ташкилот доирасида барча соҳалар бўйича амалга оширилаётган ҳамкорлик йўналишларини жалб қилган ва 120 га яқин тадбирни ўз ичига олган.

    ШҲТ доирасида халқаро транспорт-логистика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ташкилот автомобиль транспорти соҳаси бўйича мустаҳкам амалий тажриба тўплаган ва темир йўл тармоғида ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Бу масалалар асосан икки ва кўп томонлама шартномалар билан тартибга солинади.

    Транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг ижобий натижаларидан бири сифатида 2014 йилда ШҲТга аъзо давлатлар томонидан “Халқаро автомобиль ташувлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш тўғрисида битим” имзоланганини айтиш мумкин. Шунингдек, темир йўл бошқармалари раҳбарлари учрашувларини ўтказиш механизми ишга туширилди. Бундан ташқари, ШҲТ халқаро транспорт-логистика ассоциациясини тузиш таклифи ҳам катта аҳамиятга эга.

    ШҲТ ҳудудида транспорт ва коммуникация тизимларининг интеграцияси Осиё-Тинч океани, Яқин ва Ўрта Шарқ, Форс кўрфази ва Европа мамлакатлари бозорларига хавфсиз ва энг қисқа вақт ичида чиқишни таъминлаш имконини беради.

    Бунда “Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон – Ҳиндистон” йўлаги Марказий Осиёнинг барча давлатларини Яқин Шарқ бозорлари ва Ўртаер денгизи портларига чиқиш имкониятини таъминлашга қодир. Шу билан бирга, “Тошкент – Андижон – Ўш – Иркештам – Қашғар” янги транспорт мультимодал йўлаги ишга туширилиши ҳам муҳимдир.

    “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши истиқболли транспорт лойиҳаларидан бири. Ушбу тармоқнинг қурилиши масофани 900 километрга ва юкларни етказиб бериш муддатини 7–8 кунга қисқартиради.

    Мутахассислар фикрича, йилига камида 5 миллион тонна юк ташиш ушбу темир йўл қурилиши харажатларини тўлиқ қоплаши мумкин. Ҳозирги кунда лойиҳани амалга ошириш ишлари қизғин кетмоқда. Ушбу йўл “Шарқ – Ғарб” йўналишида мавжуд темир йўл магистраллари имкониятларини кенгайтиради.

    “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” ва “Керки – Акина – Андхой” транспорт йўлакларини очиш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг Мозори-Шарифдан Кобул орқали Пешоваргача темир йўл қуриш ташаббуси Ҳиндистон ва Покистонга Марказий Осиё ва Европа мамлакатларига тўғридан-тўғри чиқиш имконини беради, шунингдек, минтақадаги бир қатор муаммоларни ҳал этишга ижобий туртки бўлади.

    Умуман олганда, ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, савдо ва инвестицияларни кўпайтириш ШҲТ маконида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун кенг имкониятлар очади.

    ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг вазифаларидан бири транспорт соҳасида рақамли технологиялар ва интеллектуал тизимлардан фойдаланишни кенгайтиришдан иборат.

    Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг транспорт вазирликлари мутахасислари фикрича, ШҲТ мамлакатлари логистика инфратузилмасини рақамлаштириш, масалан, темир йўлларнинг ўтказиш қобилиятини 40 фоизга ошириши, шунингдек, ташиш нархини 30 фоизгача камайтириши мумкин.

    ШҲТга аъзо давлатларнинг ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги концепцияси ШҲТнинг Самарқанд саммити доирасида қабул қилиниши ҳамкорликнинг институционал асосларини мустаҳкамлайди.

    Бундан ташқари, ШҲТ доирасида савдо-иқтисодий, сармоявий алоқаларни мустаҳкамлаш ва саноат кооперациясини рағбатлантириш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

    Самарқанд вилоятида ташкил этилаётган “Ўзбекистон – ШҲТ” саноат зонаси янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш платформаларидан бири бўлиб, ШҲТ мамлакатлари ишбилармон доиралари ўртасида саноат кооперациясини рағбатлантириш дастурини (саноат, инфратузилма, хомашё ва инсон салоҳиятини сафарбар этиш) амалга оширишнинг самарали механизмига айлантириш мақсадида тузилмоқда. Асосийси, ушбу ташаббус ШҲТ маконида юк ташиш ҳажми ўсишини таъминлаш ва Ташкилотнинг географик ўзаги бўлган Марказий Осиёни трансконтинентал Евроосиё коммуникациялари чорраҳасига айлантиришга қаратилган.

    Ҳозир Ўзбекистонда ШҲТга аъзо давлатлар сармояси иштирокидаги 7,5 мингдан ортиқ компания фаолият кўрсатмоқда. Бу мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий компаниялар умумий сонининг ярмидан кўпроғини ташкил этади. Биргина 2021 йилда мамлакатга ШҲТ аъзоларидан 4,6 миллиард доллар сармоя жалб қилинган.

    Қайд этиш керакки, ШҲТ доирасида молиявий ҳамкорликни ривожлантириш, кенгайтириш масалалари ҳар доим диққат марказида бўлиб турибди. Хусусан, ШҲТнинг ўтган йили Самарқандда бўлиб ўтган саммитида қабул қилинган ҳужжатлар қаторида Ташкилотга аъзо давлатларнинг ўзаро ҳисоб-китобларида миллий валюталар улушини босқичма-босқич ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳам борлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Бу ҳужжат ШҲТга аъзо мамлакатларнинг иқтисодий ҳамкорлигида янги босқич бўлиши кутилмоқда.

    Ўзбекистоннинг ШҲТ мамлакатлари билан ҳамкорлиги долзарб йўналишларидан бири – озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи. Дунё аҳолисининг 42 фоиздан ортиқ қисми ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудида истиқомат қилади. Бундай шароитда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва муаммоларга ўз вақтида чора кўриш Ташкилотга аъзо мамлакатлар учун устувор вазифага айланиб, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда аграр соҳага оид ҳамкорлик масалалари эса ШҲТ доирасида тобора устуворлик касб этади.

    Ўзбекистон озиқ-овқат импортига боғлиқ мамлакат ҳисобланади. Шу боис, мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига, жумладан, ШҲТ билан ўзаро ҳамкорлик доирасида ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалалари ШҲТнинг Самарқанд саммитида ҳам кўриб чиқилди. Унинг якунида “Глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги баёнот ҳамда “Ақлли” қишлоқ хўжалиги ва агроинновацияларни жорий этиш соҳасидаги ҳамкорлик концепцияси” қабул қилинди.

    Ўзбекистон асосий эътиборни ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш ва ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг фойдаланилмаган захираларини ишга солиш орқали ташкилотни жадал ривожлантириш мумкин, деб билади.

    ШҲТ аъзолари ўртасида туризмни ривожлантириш салоҳияти ҳам жуда катта. ЮНEСКО Инсониятнинг умумжаҳон моддий ва номоддий мероси рўйхатидаги 143 та моддий ва номоддий объектлар ШҲТ аъзоларига тўғри келади. ШҲТ доирасида кўплаб лойиҳалар ва ҳамкорлик дастурлари, аъзо давлатларнинг хилма-хил маданияти, маданий ва ижодий маҳсулотлари билан танишиш учун ягона туристик маконни яратиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. ШҲТ котибияти ҳозирда Бутунжаҳон туристик шаҳарлар федерацияси (БТШФ), UНWТО ва бошқа ташкилотлар билан фаол ва самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

    Ўтган йили Самарқандда имзоланган туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битимга кўра, томонлар ШҲТга аъзо давлатларнинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, аъзо давлатлар халқларининг тарихи, маданияти, табиати ва анъаналари билан яқиндан танишиш мақсадида туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга ҳисса қўшади.

    Туризм соҳасида ҳамкорлик кенгайиши давлатларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожланишига, ўзаро дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга ижобий таъсир кўрсатади. ШҲТ ташкилотига аъзо давлатларнинг туризм соҳасида доимий ҳамкорлиги эса ҳар томонлама манфаатлидир.

    2021 йилда Ўзбекистонга ШҲТга аъзо давлатлардан 1,86 миллион сайёҳ ташриф буюрган. 2022 йилда эса бу кўрсаткич 4,94 миллионгача етиб 2,75 баробарга ошган. Жорий йилда ШҲТга аъзо давлатлардан Ўзбекистонга келадиган туристлар сони кўпайиши кутилмоқда. Ҳамкорликка янги суръат бағишлаш учун 2023 йилни ШҲТ маконида туризмни ривожлантириш йили, деб эълон қилинди.

    ШҲТ давлатлари Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо ҳамкорлари бўлган давлатлар қаторига киришини алоҳида айтиб ўтиш керак.

    Охирги олти йил якунлари бўйича Ўзбекистоннинг ШҲТ мамлакатлари билан савдо айланмаси 2 баробарга, экспорт 1,48 баробарга, импорт 2,48 баробарга ошди. Шу билан бирга Ўзбекистоннинг ШҲТ давлатлари билан савдо айланмаси мамлакатимиз ташқи савдо айланмасидаги улуши 47,0 фоиздан 51,4 фоизгача кўтарилди.

    Буни рақамлар орқали кўрадиган бўлсак, 2022 йилда 2021 йилга нисбатан Ўзбекистоннинг ШҲТ давлатлари билан савдо айланмаси 21,8 фоизга ошиб, 25,7 миллиард долларни ташкил қилган. Экспорт эса 16,3 фоизга ошиб, 8,6 миллиард долларни ва импорт 18,7 фоизга ошиб, 17,1 миллиард долларни ташкил этди. ШҲТ давлатларининг Ўзбекистон умумий савдо ҳажмидаги улуши 44 фоизни ташкил этди. Умумий экспорт ҳажмидаги улуши (олтиндан ташқари) 43,42 фоизни ташкил қилди. Жорий йилнинг январь–апрель ойларида Ўзбекистоннинг ШҲТ давлатлари билан савдо айланмаси 8,6 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг январь-апрель ойлари кўрсаткичларига нисбатан 9,1 фоизга кўп.

    Кўриниб турганидек, мамлакатимиз йиллик ташқи савдо айланмасининг ярмидан кўпроғи ШҲТга аъзо давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Шу боис, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш Ўзбекистон учун устувор вазифа ҳисобланади. Яқинда қабул қилинган ШҲТда минтақа ичидаги савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси келгуси йилларда ҳам ушбу суръатни сақлаб қолишга хизмат қилади. Чунки бу ҳужжат асосида савдо тўсиқларини бартараф этиш, техник регламентларни унификациялаш, божхона хизматларини рақамлаштириш ва ШҲТга аъзо давлатлар бозорларига киришни соддалаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.

    ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг Ҳиндистонда бўлиб кенгашида ҳам Ўзбекистон томони бир қатор аниқ таклифларни илгари сурди. ШҲТнинг яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодексини ишлаб чиқиш, минтақавий савдо ва саноат-технологик кооперацияни ривожлантириш, Ташкилот маконида транспорт-коммуникациявий боғлиқликни кучайтириш, “Яшил” кун тартибига доир масалалар, туризм, маданий-гуманитар ҳамкорлик, хавфсизликни таъминлаш борасидаги таклиф ва ташаббуслар шулар жумласидандир.

    Бу таклифлар қизғин қўллаб-қувватланди. Бугун ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур таклифларнинг амалдаги ифодаси ШҲТнинг халқаро нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

    Афзал ОРТИҚОВ,

    Республика Президенти

    Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар

    ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates