Маҳалланинг янги қиёфаси кўздан кечирилди

    Ҳукумат 7 июн 2024 2245

    Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Дилбоғ маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуш шароити билан яқиндан танишди.

    Маҳаллада 5 минг 200 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. 26 та кўп қаватли уй, мактаб ва боғчалар, савдо шохобчалари атрофи обод қилинган.

    Юртимизда ҳар бир маҳалла ихтисослашувидан келиб чиқиб ривожлантирилмоқда. Дилбоғликлар асосан тадбиркорлик ва ҳунармандлик билан шуғулланади. 15 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси, битта ишлаб чиқариш корхонаси, таълим муассасаларида аҳоли доимий иш билан банд.

    Ўтган йили аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун 13 та лойиҳага кредит ажратилган. 300 га яқин фуқаро янги ишга жойлаштирилган. Ёшларни касбга ўргатиш учун мономарказ ташкил этилган.

    Давлатимиз раҳбари маҳалладаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.

    Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ҳузуридаги Тошкент шаҳар футбол академияси шу маҳаллада жойлашган. Замонавий мажмуада ёпиқ ва очиқ спорт майдонлари, назарий машғулот хоналари, ётоқхона, ошхона ва кутубхона мавжуд. Ҳозир бу ерда 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган 154 нафар бола сабоқ олмоқда. Машғулотларга чет эллик мутахассислар ҳам жалб қилинган. Стадионлар ёритиш ва тасвирга олиш қурилмалари билан жиҳозланган.

    Президент академия тарбияланувчилари ва спорт соҳаси масъуллари билан суҳбатлашди.

    – Футбол бўйича қарорларимиз, иқтидорли болаларга эътибор берганимиз туфайли ўзбек футболи ҳам жаҳонга чиқа бошлади. Европа жамоаларида легионерларимиз кўпайяпти. Ёшларимиз Олимпиадага йўлланма олди. Бу давомий бўлиши учун энди маҳаллаларда футболни ривожлантириш керак. Қўшимча стадионлар қуриб, унинг оммавийлигини қўллаб-қувватлаш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

    Шу маҳалладаги сув спорти саройининг таъмири ҳам кўздан кечирилди. Уни давлат-хусусий шериклик асосида барқарор ишлатиш бўйича кўрсатма берилди.