Адиблар хиёбони барпо этилганининг бир йиллик тантанаси “Катта адабиёт байрами”га айланиб кетди. Бу боғда янграган шеъру ғазал, мусиқа, талаба ёшларнинг нафис рақслари, турфа саҳна кўринишлари кечга қадар давом этди.  

Ҳа, инсоният маънавият ва маърифатсиз таназзулга учрашини бугун бутун дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалар англатиб турибди. Адабиёт эса инсон маънавияти ва маърифатининг пойдевори саналади. Айни пайтда давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан маънавиятимизни соғломлаштиришга катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда адабиётдан самарали восита сифатида фойдаланиш  беш муҳим ташаббуснинг биринчисида ўз аксини топган бўлса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш тўртинчи ташаббус замирида намоён бўлди.

Бу борада республика миқёсида амалга оширилаётган хайрли ишларнинг кўлами тобора ошиб бормоқда. Уларнинг натижасининг бир ифодаси сифатида  Адиблар хиёбони чинакам адабиёт боғи сифатида минг-минглаб ёшлар қалбидан жой олиб, ёш, покиза кўнгиллар интилгучи ажиб масканга айланди. Энди, ёшларимиз мазкур хиёбонга шунчаки сайр учун эмас, ундаги соф адабий муҳитга, адабиёт оламига ва шу орқали китоблар дунёсига талпинмоқда. Назаримизда, сўзнинг қудрати, адабиётнинг сеҳри уларни бу табаррук манзилга тобора яқинлаштирмоқда. Талабалар бугун давлатимиз раҳбарининг ажойиб бир ташаббуси ила ўзларига бириктирилган адибнинг ҳаёти ва ижоди юзасидан изланишлар, тадқиқотлар олиб бораётир. Бу борада ўтказилаётгане жамики тадбирларда фаол иштирок этмоқда. Қувонарлиси, ёшлар адиб ижодини тадқиқ этиш асносида бевосита бошқа адиблар бадиий меросини ҳам ўрганишга интилмоқда.

Кўз очиб-юмгунча ўтиб кетган бир йил давомида 24 та олийгоҳ томонидан мисли кўрилмаган адабий тадбирлар — давра суҳбатлари, очиқ осмон остидаги маънавият соатлари, ёзувчи, шоир, ижодкорлар билан учрашувлар, турли тадбирлар юксак савияда ташкил этилди. Адабиётга ошно йигит-қиз борки, бугун мана шу маскан — адабиёт боғида адабиётимизнинг улкан вакилларига эҳтиром ҳиссини туяди.  Зеро, яратган асарлари, ҳаёт йўли, руҳлари ҳам покиза зотларга ворислик ҳисси ҳам улкан бахт аслида. Боғдаги қайси бир адиб ҳайкали пойига қараманг, дилни яшнатгувчи алвон гуллар ҳар қачонгидан гўзал, ҳар қачонгидан баравж. Биз ҳам эрта тонгдан хиёбон сари отланган илму урфон соҳибларию толибларига ҳар қачонгидан бошқа савол билан юзланамиз: Адиблар хиёбони бир йил давомида талабаларга, адабиётга ошно ёшларга нима берди?

Тошкент архитектура қурилиши институти проректори Зафар Абдувалиевнинг айтишича, хиёбонда ҳафтада икки бор ўтказиладиган тадбирлардан ташқари, талабалар ва фурқатшунос олимлар ўртасида конференциялар ўтказиш, шоир суратини яратиш, асарларини ўрганиш юзасидан кўплаб танловлар ташкил этилди. Унда фаоллик кўрсатган ва етакчилик салоҳиятини намойиш қилган тўрт нафар талаба махсус кўкрак нишони ва стипендияга сазовор бўлади.

Муҳаммад Юсуф ҳайкалига қараб, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг бир йил давомидаги тадбирлари бир ёну, бугунгиси бир ёндек ҳайратга, ҳаяжонга тушасиз. Ўзининг ўтли, шу билан бирга самимий, файласуфона  сатрлари ва улардан яралган қўшиқлар, уларга жўр бўлган рақслар халқпарвар шоир руҳини яна бир карра шод этган бўлса не ажаб...

 Болаликдан шоир ижодига меҳр қўйиб, унинг энг яқин мухлисларига айланган устозлардан бири Нормурод Авазов Муҳаммад Юсуф шеърларининг 9 тилдаги таржимасидан тўплам тайёрланаётганини алоҳида айтиб ўтди. Шоир шеърларини қорақалпоқ тилига таржима қилаётган Бибиойша Кудайбергенова бу тўплам шоирга бўлган чексиз ҳурмат ифодаси эканини таъкидлади. Мана шундай устозларидан куч олиб, уларга эргашаётган талаба ёшлар ҳам элнинг эрка шоирини кўплаб шеърларида алқашга улгурибди.

Садоқатнинг чинакам тимсоллари — шоира Зулфия ва Ҳамид Олимжон  гуллаган ёшлик чоғини талабалар талқинида кўриб, бахтли онларига қайтгандек  кулиб турарди...

Хаёлимизни “Салқин саҳарларда бодом гулида” дея бошланувчи шеърни майин овозда ёдлаётган қиз бўлди. У Тошкент тиббиёт академиясининг фаол талабаларидан бири, Зулфия шеърларининг таҳлили бўйича илмий ишга қўл урган Динара Ўктамова экан. Моҳир суҳандон сифатида бу ердаги кўплаб тадбирларда бошловчилик қилган Динара “Зулфия” номидаги кўкрак нишони ва стипендияга номзод.

–Аслида ҳам бу ерга келишдан асосий мақсад тадбир ўтказиш эмас, адабиётимиз устунларини чуқур ўрганиш баробарида иқтидорларни юзага чиқариш, — дейди Тошкент тиббиёт академиясининг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Турдиқул Бобомуродов. — Мана, бу ерда бўлаётган китобхонлик тарғиботлари, китоблар тақдимотлари ҳам Президентимиз илгари сурган беш ташаббуснинг ҳаётга фаол татбиқ этилаётганидан далолат беради.

Абдулла Қаҳҳор ҳайкали томон бораётганимизда айни фикр ўз исботини топди. Адиб сиймоси қаршисида барча жим туриб, нотиқни тинглар эди. Тошкент Молия институти ва Колодск давлат университети қўшма факультети талабаси Дониёрбек Маҳкамов адибнинг “Адабиёт муаллими” асаридан парча ўқиётган экан. Нега айнан бу асарни танлаганига изоҳ берар экан, бу каби асарлардан бир умрга етгулик сабоқ, хулоса олишимиз мумкин, дейди талаба. Асар 1937 йилда ёзилганига қарамай,  ҳамон долзарблигини йўқотмаган.

Ёшларнинг адабиётга қизиқишини янада ошириш, уларни китоб ўқишга даъват этиш ва шу орқали қалбида ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш мақсадида “Илҳом” мукофотини таъсис этиш тўғрисидаги  Вазирлар Маҳкамасинининг қарори ҳам катта куч, шижоат берди уларга. Эндиликда шоир ва ёзувчилар ҳаёти ҳамда ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини таржима қилиш, шу асосда тадқиқотлар олиб бориш, кино ва саҳна асарлари яратиш каби маънавий-маърифий, илмий-ижодий жараёнларда энг юқори натижаларга эришаётган ёшлар жорий йилдан нишонлана бошлайдиган “Катта адабиёт байрами”да муносиб рағбатлантирилади.

Аслида, республикамизда адабиётга бўлган қизиқишни муносиб рағбатлантириш бугундан бошлангани йўқ. Кейинги йилларда бу борадаги ишлар тизимли олиб бориляпти. Биргина “Ёш китобхон” танлови ташкил этилганининг ўзи ана шу йўлдаги катта қадам бўлди. Жорий йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Биринчи китобчам” лойиҳаси тақдимотига бағишланган тадбирда бунга яна бир карра амин бўлган эдик.

Биринчи китоби дунё юзини кўрган ёш ижодкор Асрор Солижон самимият ила шундай деган эди ўшанда:

— Ҳеч қайси давлатда китобхонликка, адабиётга биздагидек эътибор бўлмаса керак. Чет давлатлардаги тенгдошларимни ҳайратга соладиган жиҳат шундаки, у ҳам бўлса, инсон ўзи учун орттирадиган маънавий бойлик, юксалишнинг давлат раҳбари томонидан юксак даражада раҳбатлантирилиши. Эндиликда “Илҳом” мукофотининг 1-ўрин совриндорлари ҳам автомобиль билан рағбатлантирилади. Жорий йил илк бор ўтказилган саралаш натижаларига кўра, 74 та олий таълим муассаси томонидан ижодий ишлари тавсия қилинган жами 176 нафар номзод танловнинг республика босқичида иштирок этди.

Фахрли 1-ўринни қўлга киритган......... “SPARK” автомобилига эга бўлди. 2-ўрин соҳиби бўлган....... га ўттиз миллион сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка, 3-ўринни эгаллаган ...... га ўн беш миллион сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка тантанали тақдим этилди.

Ҳа, Адиблар хиёбони янада кенг йўл очган — китобхонлик бугун чинакамига ўз кучини кўрсатди. Китоб билан яқиндан дўстлашган ёшларга барча тенгдошлари ҳавас қилгани аниқ. Зеро, аввал адабиёт билан боғлиқ танловлар бундай нуфуз касб этмаган. Шу маънода ҳам мана шундай кенг кўламли ишларимиз билан эртамиз эгаларини адабиётнинг энг таъсирчан восита эканига ишонтира оламиз. Зеро, жорий йилдан 10 мингдан зиёд умумтаълим мактабларига жалб этилган маданий-ижодий тарғиботчилар ҳам ижодкорларни аввало, адабиёт, сўз қудрати билан кашф этади. Зеро, рассом ҳам, раққос ҳам, дизайнеру қўшиқчилар ҳам кўнгилга тўғри йўл топиш билан кашф этилади. Тўғри йўлни эса адабиёт булоғидан сув ичган гўзал қалб эгалари чуқур англай билади.  

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири