Бугунги кунда жаҳонда юз бераётган глобаллашув ва интеграция жараёнларининг авж олиши давлатлар ўртасидаги савдо алоқаларининг кенгайишига хизмат қилмоқда. Мазкур жараёнда мамлакатимизнинг минтақамиздаги қўшни давлатлар билан глобал транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Президентимиз томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ушбу масала бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари олдида турган муҳим стратегик вазифа сифатида таъкидланган эди.
Эътироф этиш жоиз, давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ушбу йўналишда минтақамизда бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳаво қатнови ва «Ғалаба – Амузанг – Хушади» темир йўли қайта тикланди. Амударё орқали ўтадиган «Туркманобод – Фароб» янги темир йўл ва автомобиль кўприклари очилди. Ушбу кўприклар «Ўзбекистон - Туркманистон - Эрон – Уммон Султонлиги» транспорт-транзит йўналишининг муҳим бўғини ҳисобланади.
Афғонистондаги «Хайратон – Мозори Шариф» йўналиши ушбу мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Афғонистон билан транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда трансафғон йўлаги доирасида янги темир йўлларини барпо этиш истиқболда Марказий Осиёнинг энг қисқа йўллар орқали Ҳинд океанига чиқишни таъминлайди ҳамда Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёни Европа ва Хитой бозорлари билан боғлайди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида автобус йўналишлари ишга туширилди. Қирғизистон билан Марказий Осиёдан илк бор тўғридан-тўғри Хитойга чиқадиган «Тошкент – Андижон – Ўш – Иркештом – Қашғар» автомобиль йўлаги бўйича қатнов йўлга қўйилди.
«Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли қурилиши ҳам фаоллашди. Унинг амалга оширилиши лойиҳа иштирокчилари ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа барча давлатлари ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш имконини беради.
Марказий Осиё мамлакатлари «Боку – Тбилиси – Карс» транспорт коридори доирасида ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Ушбу йўналиш Хитой ва Марказий Осиёдан Европага доимий равишда юк ташишни йўлга қўйишга имкон беради.
Бироқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан мамлакатимизда транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилганда, соҳада эришилаётган ютуқлар қаторида айрим муаммолар ҳам борлиги маълум бўлди.Хусусан, Жаҳон банкининг «Логистика самарадорлиги индекси»да Ўзбекистон 160 та давлат орасида 99-ўринда бўлиб, ушбу кўрсаткич мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар ушбу масала устида атрофлича тўхталиб ўтдилар. Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда транспорт тузилмаларининг катта қисми монопол корхоналар бўлган темир йўл ва ҳаво компаниялари ҳиссасига тўғри келиб, улардаги хизмат кўрсатиш сифатининг пастлиги ва нархларнинг баландлиги экспорт салоҳиятини оширилишга салбий таъсир қилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида юк ва йўловчи ташишнинг асосий қисми автотранспорт орқали амалга оширилиб, автотранспорт йўлларнинг сифатсизлиги ҳамда халқаро стандартларга жавоб бермаслиги халқаро ташувчиларнинг мамлакат бўйлаб ҳаракатланишига салбий таъсир ўтказмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, мажлисда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири И. Маҳкамовга «Мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш учун транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисида»ги Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати.