Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда округ сайлов комиссияси раиси Маҳмуд Болтабоев Марказий сайлов комиссиясининг видеоселектор шаклида ўтказган йиғилишида кўрилган масалалар ва вилоятда ҳозирга қадар олиб борилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 27 августдаги тегишли қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округи ҳудуди бўйича сайлов участкаларининг жойлашуви юзасидан 4 та туман ҳокимларининг тақдимномалари маълумот учун қабул қилинди.
Хусусан, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг маъмурий ҳудуди ўзгариши муносабати билан қуйидаги – Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманларидаги 25 та сайлов участкалари тугатилди. Бу бўйича 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди. Унга кўра, ҳудудларда тугатилаётган 25 та сайлов участкалари ва участка сайлов комиссияларининг шахсий таркиби ҳақидаги барча маълумотлар 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссиясига тақдим этиладиган бўлди. Демак, эндиликда вилоят бўйича 963 та сайлов участкаси фаолият кўрсатади.
–Округ бўйича уларнинг тартиб рақамлари белгиланиб, манзили кўрсатилган ҳолда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди, – дейди 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси раиси Маҳмуд Болтабоев. – Муҳими, сайлов участкалари аҳоли учун қулай ҳудудларда бўлишига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, кейинги беш йил ичида янги қурилган бино ва иншоотлар танланди. Ҳозирда барча сайлов участкаларига кўрсаткичлар, пешлавҳалар ва ахборот стендлари тайёрланиб жойлаштирилди.Барча сайлов участкалари сайловга оид қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар, зарур замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланди. Жисмоний ҳаракати чекланган сайловчилар имкониятини эътиборга олган ҳолда биноларга нишаб йўлаклари барпо этилди.
Ҳозир Тошкент вилояти бўйича участка сайлов комиссияси аъзоларининг умумий сони 12 минг 386 нафарни ташкил этмоқда. Улар 87 нафар қорақалпоқлар, 1 минг 557 нафар қозоқлар, 116 нафар руслар, 568 нафар тожиклар, 18 нафар корейслар ва 252 нафар бошқа миллат вакилларидан иборат.
Участка сайлов комиссиялари таркиби Сайлов Кодексининг 25-моддалари талаблари асосида тузилган.
Шу кунларда Тошкент вилоятининг туман-шаҳарларида Президент сайловига тайёргарлик кўриш жараёни бўйича жойлардаги масъуллар билан учрашувлар ўтказилмоқда. Унда участка сайлов комиссияси вакилларига зарур тавсиялар бериляпти.
Матбуот анжуманида журналистлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
"Янги Ўзбекистон" мухбири