Бироқ, паст ва ўрта даромадли мамлакатларда саккиз йилдан сўнг 18 миллион нафар тиббиёт ходими, жумладан, 9,9 миллион ўрта тиббиёт ходими танқислиги юзага келиши мумкин. Бу ҳолат ҳатто Европа мамлакатларида ҳам жиддий муаммоларни туғдириши тахмин қилиняпти. Масалан, ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси хулосаларига таянилса, мазкур қитъа давлатларида ҳозир ўрта ҳисобда 7,3 миллион нафар ҳамшира ва доя бор. Лекин бу кўрсаткич келажакдаги эҳтиёжларга жавоб бермайди. Ана шундай глобал муаммоларнинг олдини олиш мақсадида жаҳонда ҳар йилнинг 12 май — Халқаро ҳамширалар куни сифатида кенг нишонланади. Мамлакатимизда эса профессионал ҳамширалар фаолиятининг асосчиси Флоренс Найтингейлнинг таваллуд куни шарафига белгиланган бу санада ўрта тиббиёт ходимларининг заҳматли меҳнати эътироф этилади. Уларга эъзозу эҳтиром кўрсатилади.
Зеро, эгнига оқ халат кийиб, номи ва шаънини худди либосидек покиза сақлайдиган ҳамшираларни тиббиётимизнинг суянчи ва таянчи, деб таърифлаш мумкин. Ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, жонини хатарга қўйиб, ўзгалар дардида елиб-югурадиган, беморларни нафақат дори-дармон, балки меҳр ва ширин сўз билан даволаётган бу шарафли касб эгаларининг машаққатли меҳнати таҳсинга сазовор. Ҳозир мамлакатимизда 350 минг нафарга яқин ўрта тиббий ходимлари ва 6 мингга яқин олий маълумотли ҳамширалар фаолият юритиб келмоқда. Сўнгги йилларда уларнинг эмин-эркин ишлашини таъминлаш, жамиятдаги ўрни, ижтимоий мавқеини кўтариш бўйича сезиларли ишлар амалга ошириляпти.
Хусусан, яқинда давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотида ҳамширалар учун янги иш ўринлари яратиш, замонавий тиббий технологиялардан фойдаланиш имкониятларини ошириш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, билим ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришга доир қатор устувор вазифалар белгиланди. Жумладан, алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган шифокор ва ҳамшираларга 100 фоизгача ойлик устамалар белгиланадиган бўлди. Тиббиёт коллежлари ва техникумлари трансформация қилиниши ҳам соҳадаги муҳим янгиликлар сирасидан. Бунда хорижий ҳамкорлар билан халқаро тажриба асосида ҳамшираларни тайёрлашнинг янги мактаби яратилади. Шунингдек, барча тиббиёт коллежлари ва техникумлари олий таълим муассасаларига бириктирилади.
Бундан ташқари, Президентимизнинг “2022–2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида”ги қарорида 2022 йил 1 июлдан бошлаб “тиббиёт бригадалари” таркибига қўшимча 3 600 та, 2023 йил 1 январдан бошлаб яна қўшимча 4 900 та ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилиши белгиланди. Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳамширалик иши фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йил 1 январдан ўрта тиббиёт ходимлари “ҳамширалик иши” билан мустақил шуғуллана бошлади.
Буларнинг бари ҳамширалардан билим ва малакасини узлуксиз ошириб, ўз устида ишлаб, янгиликларга интилиб, шунчаки шифокор ёрдамчиси эмас, балки маълум ихтисосликка эга малакали тиббиёт ходимига айланишни талаб этади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
матбуот хизмати.