Учрашув доирасида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда уч давлат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ҳамда минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартнома имзоланди. Ушбу ҳужжат уч мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиб, чегарадош ҳудудлардаги иқтисодий ҳамкорлик ва савдо алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирлари иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг кучга кириши ҳақидаги баённомани имзоладилар ва ратификация ёрлиқларини алмашдилар.

Уч давлат етакчилари чегара туташган ҳудудда “Дўстлик стеласини“ тантанали равишда очдилар. Бу эса Марказий Осиё халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг ёрқин рамзи бўлди.

Марказий Осиё давлатларининг бундай учрашувлари минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва барқарор ривожланиш йўлида муҳим аҳамият касб этади.


Шохрух Қўчқаров,

"Туронбанк" АТБ Бошқарув раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси,

Бош банк матбуот котиби


Ҳамкорлик материали