“Ўзгидромет“ агентлигининг хабар беришича, фақат республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудлари – Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Навоий вилоятининг шимолида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати бугун 18-21 даражагача, эртага 14-17 даражагача пасайиши давом этади.

20 апрель – якшанба куни фақат тоғ олди ва тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида қуруқ об-ҳаво кузатилади.

20 апрелда кечаси ва кундузи ҳаво нисбатан салқин бўлади, ҳарорат кечаси 5-10 даражагача пасаяди, кундузи эса қуёш нурлари ҳавони 20-23 даражагача иситади. Шамол 7-12 м/с тезликда эсади, айрим жойларда 15-20 м/с гача кучаяди.

Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Тошкентда бугун кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат 18-20 даража бўлади. Шанба куни кечаси ва эрталаб бироз ёмғир ёғиши мумкин, кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси 8-10 даража, кундузи 15-17 даража бўлади. Якшанба куни ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси 7-9 даража, кундузи 18-20 даража бўлади. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади.