Ўзбекистонда рений металли саноат миқёсида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ҳақда Олмалиқ кон-металлургия комбинати Ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, комбинат олим ва мутахассисларининг кўп йиллик илмий-тадқиқот ишлари самараси ўлароқ, 2021 йилда 99,9% софликдаги рений металли олишга эришилган эди. Бу юксак натижа перранат аммонийни водород тиклаш усули орқали қайта ишлаш орқали амалга оширилди.
2025 йил учун тасдиқланган бизнес режа асосида, мазкур ноёб металлни саноат миқёсида ишлаб чиқариш бошланди. Бугунги кунда Ўзбекистон технологик металлар комбинатида рений ишлаб чиқариш бўйича махсус участка ташкил этилган бўлиб, у Германиянинг замонавий технологик ускуналари билан жиҳозланган.
Рений хом ашёси Мис эритиш заводи ҳамда маҳаллий саноат корхоналаридан етказиб берилади. Комбинат томонидан йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 3 тоннани ташкил этади.
Рений — Менделеевнинг даврий жадвалида 75-ўринда жойлашган, энг зич ва қаттиқ металлардан бири ҳисобланади. У нефтни қайта ишлашда катализатор, авиасозлик ва электротехника соҳаларида юқори аниқликдаги деталлар, ядро саноатида термопаралар, тиббиётда илмий тадқиқот ускуналари ва заргарликда қопламалар тайёрлашда кенг қўлланилади.
Жаҳон бозорида ренийга бўлган талаб юқори бўлиб, унинг 1 килоси ўртача 2000 АҚШ доллари атрофида баҳоланади.
Илмий салоҳият ва замонавий ишлаб чиқариш технологиялари уйғунлигида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа мамлакатимизда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
Ҳамкорлик материали