Хусусан, кўп миллатли жамиятларда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ижтимоий барқарорлик – тараққиётнинг энг муҳим устунларидан биридир. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Ўзбекистон – кўп миллатли аҳил оила” ғояси бугунги кунда нафақат мафкуравий, балки амалий ҳаётий мезон даражасига кўтарилди.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети жамоаси ҳам ушбу эзгу ғояни ўз фаолиятининг асоси сифатида қабул қилиб, мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик, тинчлик, тотувлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Бугунги кунда университетимизда ўн олтидан ортиқ миллат ва элат вакиллари таҳсил олмоқда. Унда қорақалпоқ, ўзбек, рус, қозоқ, тожик, татар, корейс ва бошқа миллат вакиллари биргаликда илм-фан, таълим, спорт ва маданият соҳаларида фаолият юритмоқда. Университетимизда яратилган маданиятлараро мулоқот муҳитининг ижобий самарасини талабаларнинг эркин фикрлаши, очиқ мулоқоти ва дўстона муносабатларида ҳам яққол кўриш мумкин. Университетда барча миллат вакилларига тенг шароит яратилган бўлиб, таълим қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ, туркман, рус ва инглиз тилларида олиб борилади. Бу эса турли миллат вакиллари ўртасида билим олишда тенглик ва қулайликни таъминлаб, умумий мақсад сари биргаликда ҳаракат қилишга замин яратмоқда.
Университетимизда миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш мақсадида “Миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ва халқлар дўстлиги”, “Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Биз бир оила фарзандларимиз”, “Ўзбекистон – кўп миллатли аҳил оила”, “Дўстлик куни” каби тадбирлар мунтазам ўтказилади. Шу орқали турли миллатларнинг маданий меросини ўзаро таништириш ва тарғиб этиш анъанаси йўлга қўйилган. Шунингдек, университетдаги талабалар театри студиялари, “Ҳурлиман” халқ ансамбли ва ижодий гуруҳлар фаолиятида турли миллатларнинг рақс, қўшиқ ва анъаналари акс этган саҳна кўринишлари намойиш этилади.
Бундан ташқари, университетимизда ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган “Халқлар дўстлиги” фестивали барча миллат ва элат вакилларининг ўзига хос маданиятини бир саҳнада жамлаб, талаба-ёшлар орасида чинакам дўстлик ва бағрикенглик руҳини мустаҳкамламоқда. Бу йил “Ўзбекистон – кўп миллатли аҳил оила” шиори остида ўтказилган халқлар дўстлиги фестивалида республикамиздаги миллий-маданий марказлар, университетнинг профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар билан бирга, Наманган давлат техника университети ва Урганч давлат университети делегациялари ҳам иштирок этиб, тадбир миқёсининг кенглигини кўрсатди. Бу ҳолат юртимиз бўйлаб ёшлар ва зиёлилар ўртасида миллатлараро дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон тараққиётининг асоси, бу – барқарорлик, тинчлик ва халқлар ўртасидаги дўстлик эканини таъкидлади. Бундай муҳитда яшаётган ҳар бир инсон ўз салоҳиятини тўла намоён этиб, жамиятда фаол иштирок этади, эртанги кунга ишонч билан қарайди. Фестивалнинг энг ёрқин ва эсда қоларли қисми, албатта, ёшлар иштирокида бўлиб ўтди. Университет талабалари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари, театр асарлари, миллий қўшиқлар ва рақслар орқали улар дўстлик, тинчлик ва ҳамжиҳатлик каби умуминсоний қадриятларни юксак маҳорат билан ифодалади. Қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ, рус, туркман ва бошқа миллат вакилларидан иборат талаба-ёшлар ягона оиладек бирлашиб, ўз маданиятлари, тил ва урф-одатларини кўрсатиб берди. Бу саҳналар орқали улар нафақат санъат намуналарини намойиш қилди, балки мустақил Ўзбекистоннинг асосий бойлиги – миллатлараро тотувлик эканини амалда исботлади. Фестиваль талаба-ёшлар қалбида ватанпарварлик, инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик туйғуларини кучайтириш, турли миллат вакилларининг бир-бирига бўлган ишончини мустаҳкамлашдай улкан мақсад кўзланган эди.
Биз ҳам июнь ойида Наманган давлат техника университети таклифига биноан 64-Халқаро гуллар фестивалида иштирок этдик. Мамлакатимизда ва хорижда яшайдиган турли миллат вакилларининг маданий ҳамкорлиги ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган нуфузли тадбир иштирокчилари орасида Қорақалпоқ давлат университети жамоаси ўрни ҳам алоҳида ўрин аҳамиятга касб этди.
Фестиваль давомида университетимизнинг иқтидорли талабалари, хусусан, “Ҳурлиман” халқ ансамбли аъзолари турли миллатларнинг халқ куй-қўшиқлари, рақс санъати намуналарини ижро этди. Миллий либосларни намойиш қилиб олқишларга сазовор бўлди. Тадбир меҳмонлари учун унутилмас лаҳзаларни тақдим этган бу чиқишлар миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик ғоясининг амалий ифодаси бўлди.
Шу билан бирга, ушбу ташриф маданий-ижодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Бу борада икки университет ўртасида талабалар алмашинуви, қўшма концертлар, илмий-маърифий учрашув ва лойиҳалар ташкил этиш режалаштирилди.
Бундай тадбирлар орқали Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижи ҳам шаклланиб боради. Зеро, ватанимизда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар вакиллари бир мақсад йўлида яшаб меҳнат қилмоқда. Ҳар бир миллатнинг маданий мероси, анъана ва қадриятларига ҳурмат билан қараш, уларни асраб-авайлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Фестиваль доирасида меҳмон делегациялар билан ҳамкорлик алоқалари ҳам мустаҳкамланди. Зеро, “Ўзбекистон – кўп миллатли аҳил оила” фестивали ёшларни эзгу ғояларга етакловчи, юртдошларимиз ўртасидаги ишонч, меҳр ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамловчи муҳим омилдир. Шу боис, ҳар бир юртдошимиз ўзини мамлакатмизнинг тенг ҳуқуқли ва ҳурматга лойиқ аъзоси эканини юракдан ҳис этиб яшаяпти. Шундай юртда яшаш – бахт, шундай заминда таҳсил олиш – шарафдир.
Университет раҳбарияти талабаларнинг яшаш шароити, таълим олиши ва ижтимоий муҳофазасини доим назорат қилади. Турли миллат вакили бўлган талабаларнинг аҳиллигини янада мустаҳкамлаш учун университет ётоқхоналарида “Биз бир оила фарзандларимиз” шиори остида маънавий тадбирлар ташкил этилади. Шу билан бирга, университетимизда фаолият юритаётган юздан ортиқ тюторлар томонидан ҳар бир гуруҳда миллатлараро тотувлик, ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида маънавий-маърифий ишлар олиб борилмоқда. Ҳафтанинг жума кунлари эса “Маънавият соати” доирасида мулоқотлар ташкил этилади. Бу мулоқотлар орқали талабаларда ижтимоий фаоллик, миллатлараро бағрикенглик, маданий хилма-хилликка нисбатан ҳурмат туйғуси шакллантирилмоқда. Ҳақиқатдан ҳам “Ўзбекистон — кўп миллатли аҳил оила” ғояси бугун шунчаки, шиор эмас балки ҳар бир юртдошимизнинг ҳаёт тарзига айланган. Университетимизда олиб борилаётган ишлар бу ғоянинг нечоғлик ҳаётий ва замонавий эканини тасдиқлайди.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети жамоаси ушбу ғоянинг ҳаётий ва амалий ифодасини мустаҳкамлашда, ёшларни миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашда, бағрикенглик маданиятини ривожлантиришда доим олдинги сафда бўлишга интилади.
Ишонамизки, ҳар бир юртдошимиз, ҳар бир талаба-ёш бу юртни ўзининг ягона Ватани деб билиб, миллати ва динидан қатъи назар, она Ўзбекистон тараққиёти учун бор куч-ғайратини сафарбар этади. Чунки биз кўп миллатли, мустаҳкам, аҳил ва фидойи Ўзбекистон оиласимиз.
Ахмед РЕЙМОВ,
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат
университети ректори, академик