Жорий йил 8 август куни Президентимиз раҳбарлигида олий ўқув юртлари битирувчилари бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишда мамлакатимиз олий таълим тизимидаги туб ислоҳотлар, айниқса, молиявий ва ташкилий мустақилликка эришган ОТМлар фаолиятида кузатилаётган ижобий ўзгаришлар атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, академик ва молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларида таълим сифати ва рақобатбардошлиги сезиларли ошгани, илмий тадқиқот фаолиятига инвестиция жалб қилиш имконияти кенгайгани эътироф этилди.

Ҳуқуқий асос сифатида 35 та олий таълим муассасасига молиявий ва академик муста­қиллик берилгани тизимда ташаббус ва эркин­лик муҳитини яратди. Бозор иқтисодиёти та­лабларига мос кадрлар тайёрлаш, инновацион таълим технологияларини кенг жорий этиш ва миллий таълим тизимини халқаро стан­дартларга интеграция қилиш жараёни жадал­лашди. Натижада олийгоҳлар ўз ривожланиш стратегияларини мустақил белгилаш, молия­вий ресурсларини самарали бошқариш ва меҳ­нат бозорида талаб юқори йўналишларда му­тахассислар тайёрлаш имкониятига эга бўлди.

Йиғилишда тўпланган тажриба асоси­да битирувчилар бандлигини таъминлашда янги қоидаларни жорий этиш таклифи илга­ри сурилди. Хусусан, энди “ўзини ўзи банд қилган” сифатида рўйхатга олинган шахслар ишга жойлашганлар қаторида ҳисобга олин­майди. Бу орқали иш билан таъминлаш ста­тистикаси реал меҳнат бозори талабларига яқинлашади, битирувчиларнинг билим ва кўникмалари эса тўғридан тўғри иш жойида қўлланишини таъминлайди.

Олий таълим муассасалари ректорлари ваколати кенгайтирилди. Энди ректорлар ўз ўринбосарларини мустақил тайинлайди, номзодлар эса олийгоҳ кенгашида йиллик дастурларини ҳимоя қилади. Шу билан бир­га, ректорлар белгиланган молиялаштириш ва штат бирликлари доирасида профессор-ўқитувчилар ҳамда бошқарув ходимлари таркибини шакллантириш, йўналиш ва их­тисосликдан келиб чиқиб, супер контракт миқдорини табақалашган тарзда белгилаш ҳуқуқига эга бўлади.

Олий таълим бўйича ўтказилган барча йиғилишда ёшларимиз ҳаёти, билим олиши, академик фаолияти доимо Президентимиз­нинг диққат марказида туради. Бу гал ҳам шундай бўлди: абитуриентлар учун янги имконият яратилгани маълум қилинди. Гап шундаки, энди абитуриент ўзи танлаган бешта олийгоҳдан бирортасига кириш учун етарли балл тўплай олмаса, аммо унинг на­тижалари бошқа олийгоҳдаги бўш ўринга мос келса, ўша олийгоҳ ректори уни контракт асосида ўқишга қабул қилиши мумкин. Бу тизим, айниқса, тиббиёт соҳасида талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш жараёнида муҳим аҳамият касб этади. Чунки тиббиётда ҳар бир йиллик қабул жараёни ор­тида мамлакат соғлиқни сақлаш тизимининг стратегик эҳтиёжлари ётади. Қолаверса, чек­ка-чекка туманлар, қишлоқ ва овулларга ўз жойидан чиққан малакали кадрлар тайёрлаб бериш имконияти туғилади.

Янги ўқув йилидан олий таълим тизими­даги мазкур ислоҳотлар нафақат иқтисодиёт­нинг турли тармоқлари учун рақобатбардош кадрлар етиштиришга, балки тиббиёт, фарма­цевтика ва тиббий муҳандислик соҳаларида халқаро стандартларга мос, илғор билим ҳам­да кўникмага эга мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади. Бу эса мамлакатда соғлиқни сақлаш сифати ва самарадорлигини ошириш билан бирга миллий тиббиёт саноатининг инновацион ривожланиш босқичига ўтиши учун мустаҳкам пойдевор яратади.

“Янги Ўзбекистон” университетида са­марали қўлланаётган замонавий баҳолаш тизими барча олий таълим муассасаларида жорий этилади. Мазкур тизим молиялашти­риш жараёнини натижавийликка боғлайди ва университетларнинг асосий кўрсаткич­ларини аниқ мезонлар асосида баҳолашни назарда тутади. Бинобарин, битирувчилар­нинг бандлик даражасига 40 балл, илмий тадқиқотлар бўйича тармоқ буюртмалари ва ишланмаларни тижорийлаштиришга 30 балл, илмий салоҳият ҳамда халқаро нуфузли жур­налларда мақолалар чоп этилганлик ҳолатига 20 балл, маҳаллий ва хорижий грантларни жалб қилишга эса 10 баллгача берилади. Шу тариқа умумий 100 баллик баҳолаш тизими орқали университетлар фаолияти комплекс таҳлил қилинади.

Бу тизим олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёни сифатини таъминлаш билан бирга амалий тадқиқотлар самарадорлиги­ни ошириш, инновацион ечимларни ҳаётга татбиқ этиш ва халқаро ҳамкорликни кен­гайтиришга хизмат қилади. Университетлар энди молиялаштиришда кўпроқ балл тўплаш учун меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ва халқаро лойиҳаларда фаол иштирок этишга интилади.

Йиғилишда, шунингдек, яқин йилларда Ўзбекистонда қиймати 83 миллиард долларга тенг йирик саноат ва инфратузилма лойиҳа­ларини амалга ошириш режалаштирилгани маълум қилинди. Ушбу лойиҳалар нати­жасида фақат саноат соҳасининг ўзида 500 мингга яқин юқори малакали мутахассисга эҳтиёж пайдо бўлиши прогноз қилинмоқда. Салмоқли кўрсаткичлар тиббиёт соҳасининг салоҳияти сезиларли даражада ўсишини анг­латади. Шу билан бирга, меҳнат бозорида янги авлод кадрларига талаб кескин ортга­ни, олий таълим муассасалари олдида бозор талабларига тўлиқ жавоб берадиган, амалий кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлаш вазифаси тургани ёрқин намоён бўлади.

Шу ўринда тиббиёт таълимидаги жадал ислоҳотларга бир оз тўхталсак. 2024/2025 ўқув йилида Тошкент давлат тиббиёт уни­верситети битирувчиларининг меҳнат бо­зоридаги иштироки ортмоқда. Хусусан, якунига етган ўқув йилида университе­тимизни 3504 талаба муваффақиятли та­момлади. Уларнинг 3188 нафари, жумла­дан, 162 магистр иш билан таъминланган. Умумий бандлик даражаси 90,9 фоизни ташкил этган. Уларнинг 58 фоизи давлат тиббиёт муассасаларида, 32,9 фоизи эса хусусий тиббиёт ташкилотларида иш бош­лагани соғлиқни сақлашнинг барча сег­ментини малакали кадрлар билан таъмин­лашда универсал тайёргарлик ва бозорга мослашувчанлик амалиётидан далолат беради. Давлат гранти бўйича таҳсил олганлар билан тўрт томонлама, тўлов- шартнома асосида ўқиганлар билан эса уч томонлама шартномалар асосида меҳ­нат муносабатлари расмийлаштирилгани кадрлар тақчиллигини тизимли бартараф этишга ҳисса қўшмоқда.

Тизимда 316 нафар ёки 9,1 фоиз бити­рувчи ҳозир расман банд эмас. Улар таркиби таҳлил қилинганда 6,9 фоизи (241 нафар би­тирувчи) декрет таътилида экани, 0,8 фоизи (28 нафари) магистратура ёки ординатурага ҳужжат топширгани учун иш бошламагани, 1,3 фоизи (47 нафари) эса хорижга стажиров­ка, таълим ёки иш мақсадида чиққани аниқ­ланган.

Умумий битирувчиларнинг 1259 нафари (36,8 фоизи) магистратура ва клиник орди­натурага ҳужжат топширган, уларнинг кўпи ишлаш билан бир вақтда ўқиш ниятида. Бу ҳолат тиббиёт кадрларининг узлуксиз малака ошириши ва илмий-амалий тайёргарлигини чуқурлаштириш тенденциясини яққол на­моён қилади.

Президентимиз илгари сурган илмий-ин­новацион ғоялардан келиб чиқиб, Тошкент тиббиёт университети ўз таркибида Сунъий интеллект лабораторияси марказини ташкил этиш бўйича аниқ ва амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди. Мазкур марказнинг асосий мақсади замонавий тиббиётни илғор рақамли технологиялар билан уйғунлаштир­ган ҳолда инновацияларни амалиётга жорий этиш учун амалий тадқиқот ва тажриба май­донини яратишдан иборат. Лабораторияда магистрлар, докторантлар ва илмий изланув­чилар устоз-шогирд анъанасига таянган ҳолда тиббиёт соҳасида қўлланиши мақсад қилин­ган, шунингдек, мустақил яратилган тиббий қурилмаларни ишлаб чиқиш ва синовдан ўт­казиш имкониятига эга бўлади. Шу мақсадда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг им­кониятлар яратиш, сунъий интеллект соҳаси­да стартаплар ва илмий лойиҳаларни молия­лаштириш ҳамда келгусида амалиётга жорий қилиш Тошкент тиббиёт университетининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Синов жараёни муваффақиятли якунлан­гач, патент олиш орқали ишланмалар ҳуқу­қий жиҳатдан муҳофаза қилинади ва тизимли ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Бундай тиббий-техник маҳсулотлар нафақат маҳал­лий соғлиқни сақлаш тизимининг ускуна ва технологияларга эҳтиёжини қоплаш, балки халқаро бозорга экспорт қилиш имкониятини ҳам кенгайтиради.

Тошкент тиббиёт университетида ҳам тиббиёт муҳандислигига ихтисослашган ил­мий-техника технопарки шаклланади. Анъа­навий муҳандисликдан фарқли равишда унда соҳага хос инновацион ечимларга эга тиббий жиҳозлар, юқори аниқликдаги тиббий уску­налар ва рақамли диагностика воситалари ишлаб чиқилади. Шу орқали тиббиёт таъ­лимининг назарий ва амалий таркиби илғор муҳандислик ишланмалари билан бойийди. Талабалар эса таълим жараёнида ҳақиқий ишлаб чиқариш ва тадқиқот муҳитида таж­риба орттиради. Натижада мамлакатимизда тиббиёт, муҳандислик ва сунъий интеллект соҳалари уйғун ривожланади. Инновацион салоҳиятга эга янги авлод мутахассисларини тайёрлаш учун мустаҳкам академик ва техно­логик платформа яратилади. Бу эса Ўзбекис­тоннинг глобал илмий-техник тараққиётдаги нуфузини мустаҳкамлайди, тиббиёт соҳасида юқори технологияли маҳсулотлар экспортида янги бозор эшикларини очади.

Йиғилишда талабаларнинг билим ва ама­лий кўникмалари иккинчи курсдан сўнг улар­ни ишга жалб қилиш истагида бўлган ин­весторлар иштирокида йиллик баҳоланиши таъкидланди. Янгича баҳолаш жараёни на­тижалари битирувчиларнинг диплом ишига ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Чунки улар лойиҳада белгиланган аниқ муаммоларни ечиш асосида илмий иш ёқлайди. Натижада битирувчиларнинг малакаси иш берувчи та­лабига тўлиқ мос келади ва улар кафолатли равишда ишга жойлаштирилади. Янги тизим меҳнат муносабатларида ҳам хусусий сектор учун рағбатлантирувчи механизм сифатида хизмат қилади. Хусусан, битирувчини ишга олган корхоналар тадбиркорлик фаолия­тининг миллий рейтингида қўшимча балл олади. Бундай жараён, албатта, хусусий сек­тордаги шифохоналар ва бошқа субъектларга ҳам жорий қилинади. Йиғилишда белгилаб берилган чора-тадбирлар, айниқса, тиббиёт таълимининг келгуси ривожланиш истиқбол­лари учун улкан аҳамият касб этади. Чунки тиббий йўналишларда кадрлар тайёрлаш жараёнида назарий билим ва амалий маш­ғулотлар ўзаро боғлиқ бўлиб, талабаларнинг академик салоҳиятини реал тиббий амалиёт билан уйғунлаштириш самарадорлигини кес­кин оширади. Янги тизимда йирик тиббиёт кластерлари ва замонавий клиникалар учун махсус модуллар жорий этилиши, тиббий му­ҳандислик, биотиббиёт ускуналари дизайни, рақамли диагностика, клиник тадқиқотлар методологияси каби йўналишлар замонавий соғлиқни сақлаш соҳасининг стратегик эҳ­тиёжларига тўғридан тўғри жавоб беради.

Талабалар бу модулларни пухта ўзлаш­тирган ҳолда иккинчи курсдан сўнг клиник базаларда амалий тайёргарликдан ўтади. Уларнинг билим ва кўникмалари инвестор­лар иштирокида баҳоланади. Диплом иш­ларининг мавзуси эса реал тиббиёт лойиҳа­ларидаги аниқ муаммоларни ҳал қилишга йўналтирилади. Бу орқали битирувчиларнинг касбий тайёргарлиги бозор талабларига тў­лиқ мос келади, уларнинг ишга жойлашиши эса кафолатланади.

Шу билан бирга, миллий соғлиқни сақ­лаш тизими илғор технология ва иннова­цион ечимлар асосида янги босқичга кў­тарилади. Истиқболда ушбу ислоҳотлар натижасида тиббиёт таълими ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорлик янада мус­таҳкамланиб, “университет — илмий ин­новацион фаолият — тижоратлаштириш — амалиёт” боғлиқлиги асосида янги кадрлар тайёрлаш экотизими шаклланади. Бу экоти­зим тиббиёт соҳасида юқори технология­ли маҳсулотлар яратиш, уларни маҳаллий ва халқаро бозорга олиб чиқиш, тиббиёт муҳандислиги технопарклари фаолиятини кенгайтириш ва рақобатбардош мутахас­сисларни тайёрлашга хизмат қилади.

Йиғилишда белгиланган чора-тадбирлар тиббиёт таълимини инновацион ривожланиш­нинг янги босқичига олиб чиқади. Ёш авлод­нинг интеллектуал салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, тиббиёт таълимини самарали ва за­монавий модель асосида такомиллаштириш, Ўзбекистоннинг халқаро тиббиёт майдонида­ги нуфузини янада оширишга йўл очади.

Шуҳрат БОЙМУРОДОВ,

Тошкент давлат тиббиёт университети ректори