Жорий йил 8 август куни Президентимиз раҳбарлигида олий ўқув юртлари битирувчилари бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишда мамлакатимиз олий таълим тизимидаги туб ислоҳотлар, айниқса, молиявий ва ташкилий мустақилликка эришган ОТМлар фаолиятида кузатилаётган ижобий ўзгаришлар атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, академик ва молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларида таълим сифати ва рақобатбардошлиги сезиларли ошгани, илмий тадқиқот фаолиятига инвестиция жалб қилиш имконияти кенгайгани эътироф этилди.
Ҳуқуқий асос сифатида 35 та олий таълим муассасасига молиявий ва академик мустақиллик берилгани тизимда ташаббус ва эркинлик муҳитини яратди. Бозор иқтисодиёти талабларига мос кадрлар тайёрлаш, инновацион таълим технологияларини кенг жорий этиш ва миллий таълим тизимини халқаро стандартларга интеграция қилиш жараёни жадаллашди. Натижада олийгоҳлар ўз ривожланиш стратегияларини мустақил белгилаш, молиявий ресурсларини самарали бошқариш ва меҳнат бозорида талаб юқори йўналишларда мутахассислар тайёрлаш имкониятига эга бўлди.
Йиғилишда тўпланган тажриба асосида битирувчилар бандлигини таъминлашда янги қоидаларни жорий этиш таклифи илгари сурилди. Хусусан, энди “ўзини ўзи банд қилган” сифатида рўйхатга олинган шахслар ишга жойлашганлар қаторида ҳисобга олинмайди. Бу орқали иш билан таъминлаш статистикаси реал меҳнат бозори талабларига яқинлашади, битирувчиларнинг билим ва кўникмалари эса тўғридан тўғри иш жойида қўлланишини таъминлайди.
Олий таълим муассасалари ректорлари ваколати кенгайтирилди. Энди ректорлар ўз ўринбосарларини мустақил тайинлайди, номзодлар эса олийгоҳ кенгашида йиллик дастурларини ҳимоя қилади. Шу билан бирга, ректорлар белгиланган молиялаштириш ва штат бирликлари доирасида профессор-ўқитувчилар ҳамда бошқарув ходимлари таркибини шакллантириш, йўналиш ва ихтисосликдан келиб чиқиб, супер контракт миқдорини табақалашган тарзда белгилаш ҳуқуқига эга бўлади.
Олий таълим бўйича ўтказилган барча йиғилишда ёшларимиз ҳаёти, билим олиши, академик фаолияти доимо Президентимизнинг диққат марказида туради. Бу гал ҳам шундай бўлди: абитуриентлар учун янги имконият яратилгани маълум қилинди. Гап шундаки, энди абитуриент ўзи танлаган бешта олийгоҳдан бирортасига кириш учун етарли балл тўплай олмаса, аммо унинг натижалари бошқа олийгоҳдаги бўш ўринга мос келса, ўша олийгоҳ ректори уни контракт асосида ўқишга қабул қилиши мумкин. Бу тизим, айниқса, тиббиёт соҳасида талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш жараёнида муҳим аҳамият касб этади. Чунки тиббиётда ҳар бир йиллик қабул жараёни ортида мамлакат соғлиқни сақлаш тизимининг стратегик эҳтиёжлари ётади. Қолаверса, чекка-чекка туманлар, қишлоқ ва овулларга ўз жойидан чиққан малакали кадрлар тайёрлаб бериш имконияти туғилади.
Янги ўқув йилидан олий таълим тизимидаги мазкур ислоҳотлар нафақат иқтисодиётнинг турли тармоқлари учун рақобатбардош кадрлар етиштиришга, балки тиббиёт, фармацевтика ва тиббий муҳандислик соҳаларида халқаро стандартларга мос, илғор билим ҳамда кўникмага эга мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади. Бу эса мамлакатда соғлиқни сақлаш сифати ва самарадорлигини ошириш билан бирга миллий тиббиёт саноатининг инновацион ривожланиш босқичига ўтиши учун мустаҳкам пойдевор яратади.
“Янги Ўзбекистон” университетида самарали қўлланаётган замонавий баҳолаш тизими барча олий таълим муассасаларида жорий этилади. Мазкур тизим молиялаштириш жараёнини натижавийликка боғлайди ва университетларнинг асосий кўрсаткичларини аниқ мезонлар асосида баҳолашни назарда тутади. Бинобарин, битирувчиларнинг бандлик даражасига 40 балл, илмий тадқиқотлар бўйича тармоқ буюртмалари ва ишланмаларни тижорийлаштиришга 30 балл, илмий салоҳият ҳамда халқаро нуфузли журналларда мақолалар чоп этилганлик ҳолатига 20 балл, маҳаллий ва хорижий грантларни жалб қилишга эса 10 баллгача берилади. Шу тариқа умумий 100 баллик баҳолаш тизими орқали университетлар фаолияти комплекс таҳлил қилинади.
Бу тизим олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёни сифатини таъминлаш билан бирга амалий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, инновацион ечимларни ҳаётга татбиқ этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. Университетлар энди молиялаштиришда кўпроқ балл тўплаш учун меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ва халқаро лойиҳаларда фаол иштирок этишга интилади.
Йиғилишда, шунингдек, яқин йилларда Ўзбекистонда қиймати 83 миллиард долларга тенг йирик саноат ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилгани маълум қилинди. Ушбу лойиҳалар натижасида фақат саноат соҳасининг ўзида 500 мингга яқин юқори малакали мутахассисга эҳтиёж пайдо бўлиши прогноз қилинмоқда. Салмоқли кўрсаткичлар тиббиёт соҳасининг салоҳияти сезиларли даражада ўсишини англатади. Шу билан бирга, меҳнат бозорида янги авлод кадрларига талаб кескин ортгани, олий таълим муассасалари олдида бозор талабларига тўлиқ жавоб берадиган, амалий кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлаш вазифаси тургани ёрқин намоён бўлади.
Шу ўринда тиббиёт таълимидаги жадал ислоҳотларга бир оз тўхталсак. 2024/2025 ўқув йилида Тошкент давлат тиббиёт университети битирувчиларининг меҳнат бозоридаги иштироки ортмоқда. Хусусан, якунига етган ўқув йилида университетимизни 3504 талаба муваффақиятли тамомлади. Уларнинг 3188 нафари, жумладан, 162 магистр иш билан таъминланган. Умумий бандлик даражаси 90,9 фоизни ташкил этган. Уларнинг 58 фоизи давлат тиббиёт муассасаларида, 32,9 фоизи эса хусусий тиббиёт ташкилотларида иш бошлагани соғлиқни сақлашнинг барча сегментини малакали кадрлар билан таъминлашда универсал тайёргарлик ва бозорга мослашувчанлик амалиётидан далолат беради. Давлат гранти бўйича таҳсил олганлар билан тўрт томонлама, тўлов- шартнома асосида ўқиганлар билан эса уч томонлама шартномалар асосида меҳнат муносабатлари расмийлаштирилгани кадрлар тақчиллигини тизимли бартараф этишга ҳисса қўшмоқда.
Тизимда 316 нафар ёки 9,1 фоиз битирувчи ҳозир расман банд эмас. Улар таркиби таҳлил қилинганда 6,9 фоизи (241 нафар битирувчи) декрет таътилида экани, 0,8 фоизи (28 нафари) магистратура ёки ординатурага ҳужжат топширгани учун иш бошламагани, 1,3 фоизи (47 нафари) эса хорижга стажировка, таълим ёки иш мақсадида чиққани аниқланган.
Умумий битирувчиларнинг 1259 нафари (36,8 фоизи) магистратура ва клиник ординатурага ҳужжат топширган, уларнинг кўпи ишлаш билан бир вақтда ўқиш ниятида. Бу ҳолат тиббиёт кадрларининг узлуксиз малака ошириши ва илмий-амалий тайёргарлигини чуқурлаштириш тенденциясини яққол намоён қилади.
Президентимиз илгари сурган илмий-инновацион ғоялардан келиб чиқиб, Тошкент тиббиёт университети ўз таркибида Сунъий интеллект лабораторияси марказини ташкил этиш бўйича аниқ ва амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди. Мазкур марказнинг асосий мақсади замонавий тиббиётни илғор рақамли технологиялар билан уйғунлаштирган ҳолда инновацияларни амалиётга жорий этиш учун амалий тадқиқот ва тажриба майдонини яратишдан иборат. Лабораторияда магистрлар, докторантлар ва илмий изланувчилар устоз-шогирд анъанасига таянган ҳолда тиббиёт соҳасида қўлланиши мақсад қилинган, шунингдек, мустақил яратилган тиббий қурилмаларни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлади. Шу мақсадда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш, сунъий интеллект соҳасида стартаплар ва илмий лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда келгусида амалиётга жорий қилиш Тошкент тиббиёт университетининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Синов жараёни муваффақиятли якунлангач, патент олиш орқали ишланмалар ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинади ва тизимли ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Бундай тиббий-техник маҳсулотлар нафақат маҳаллий соғлиқни сақлаш тизимининг ускуна ва технологияларга эҳтиёжини қоплаш, балки халқаро бозорга экспорт қилиш имкониятини ҳам кенгайтиради.
Тошкент тиббиёт университетида ҳам тиббиёт муҳандислигига ихтисослашган илмий-техника технопарки шаклланади. Анъанавий муҳандисликдан фарқли равишда унда соҳага хос инновацион ечимларга эга тиббий жиҳозлар, юқори аниқликдаги тиббий ускуналар ва рақамли диагностика воситалари ишлаб чиқилади. Шу орқали тиббиёт таълимининг назарий ва амалий таркиби илғор муҳандислик ишланмалари билан бойийди. Талабалар эса таълим жараёнида ҳақиқий ишлаб чиқариш ва тадқиқот муҳитида тажриба орттиради. Натижада мамлакатимизда тиббиёт, муҳандислик ва сунъий интеллект соҳалари уйғун ривожланади. Инновацион салоҳиятга эга янги авлод мутахассисларини тайёрлаш учун мустаҳкам академик ва технологик платформа яратилади. Бу эса Ўзбекистоннинг глобал илмий-техник тараққиётдаги нуфузини мустаҳкамлайди, тиббиёт соҳасида юқори технологияли маҳсулотлар экспортида янги бозор эшикларини очади.
Йиғилишда талабаларнинг билим ва амалий кўникмалари иккинчи курсдан сўнг уларни ишга жалб қилиш истагида бўлган инвесторлар иштирокида йиллик баҳоланиши таъкидланди. Янгича баҳолаш жараёни натижалари битирувчиларнинг диплом ишига ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Чунки улар лойиҳада белгиланган аниқ муаммоларни ечиш асосида илмий иш ёқлайди. Натижада битирувчиларнинг малакаси иш берувчи талабига тўлиқ мос келади ва улар кафолатли равишда ишга жойлаштирилади. Янги тизим меҳнат муносабатларида ҳам хусусий сектор учун рағбатлантирувчи механизм сифатида хизмат қилади. Хусусан, битирувчини ишга олган корхоналар тадбиркорлик фаолиятининг миллий рейтингида қўшимча балл олади. Бундай жараён, албатта, хусусий сектордаги шифохоналар ва бошқа субъектларга ҳам жорий қилинади. Йиғилишда белгилаб берилган чора-тадбирлар, айниқса, тиббиёт таълимининг келгуси ривожланиш истиқболлари учун улкан аҳамият касб этади. Чунки тиббий йўналишларда кадрлар тайёрлаш жараёнида назарий билим ва амалий машғулотлар ўзаро боғлиқ бўлиб, талабаларнинг академик салоҳиятини реал тиббий амалиёт билан уйғунлаштириш самарадорлигини кескин оширади. Янги тизимда йирик тиббиёт кластерлари ва замонавий клиникалар учун махсус модуллар жорий этилиши, тиббий муҳандислик, биотиббиёт ускуналари дизайни, рақамли диагностика, клиник тадқиқотлар методологияси каби йўналишлар замонавий соғлиқни сақлаш соҳасининг стратегик эҳтиёжларига тўғридан тўғри жавоб беради.
Талабалар бу модулларни пухта ўзлаштирган ҳолда иккинчи курсдан сўнг клиник базаларда амалий тайёргарликдан ўтади. Уларнинг билим ва кўникмалари инвесторлар иштирокида баҳоланади. Диплом ишларининг мавзуси эса реал тиббиёт лойиҳаларидаги аниқ муаммоларни ҳал қилишга йўналтирилади. Бу орқали битирувчиларнинг касбий тайёргарлиги бозор талабларига тўлиқ мос келади, уларнинг ишга жойлашиши эса кафолатланади.
Шу билан бирга, миллий соғлиқни сақлаш тизими илғор технология ва инновацион ечимлар асосида янги босқичга кўтарилади. Истиқболда ушбу ислоҳотлар натижасида тиббиёт таълими ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб, “университет — илмий инновацион фаолият — тижоратлаштириш — амалиёт” боғлиқлиги асосида янги кадрлар тайёрлаш экотизими шаклланади. Бу экотизим тиббиёт соҳасида юқори технологияли маҳсулотлар яратиш, уларни маҳаллий ва халқаро бозорга олиб чиқиш, тиббиёт муҳандислиги технопарклари фаолиятини кенгайтириш ва рақобатбардош мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади.
Йиғилишда белгиланган чора-тадбирлар тиббиёт таълимини инновацион ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқади. Ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, тиббиёт таълимини самарали ва замонавий модель асосида такомиллаштириш, Ўзбекистоннинг халқаро тиббиёт майдонидаги нуфузини янада оширишга йўл очади.
Шуҳрат БОЙМУРОДОВ,
Тошкент давлат тиббиёт университети ректори