Тадбирда сенаторлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, қўмита ҳузурида ташкил этилган Эксперт гуруҳи аъзолари, ҳудудий студиялардан Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг Ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссия раислари, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этди.

Бугунги кунда республиканинг барча ҳудудларида жами 16,5 миллион нафар аёлга (шундан 8,9 миллион нафари туғиш ёшидаги аёллар) 226 та стационар туғруқ муассасалари томонидан тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.

18 ёшгача бўлган 10,8 миллион нафар болага (умумий аҳоли сонининг 33,3 фоизи) 235 та болалар даволаш-профилактика муассасалари хизмат кўрсатмоқда.

Барча вилоят перинатал марказларида аёлларга ихтисослаштирилган, юқори технологияли каминвазив (лапароскопик) гинекология бўлимлари ташкил этилди.

Ўтган давр мобайнида 8,9 миллион нафар туғиш ёшидаги аёлларнинг 6,4 миллион нафари тиббий кўрикдан ўтказилди. Улардан 40,9 фоизида экстрагенитал касалликлар аниқланди.

Аниқланган барча касалликлардан 85,7 фоизи амбулатор ва стационар шароитда соғломлаштирилди.

Ҳудудларда 207 та кўп тармоқли марказий поликлиникаларда «Аёллар маслаҳатхона»си бўлимлари, «Перинатал скрининг хонаси» ва «Қизлар саломатлик маркази» фаолият кўрсатмоқда.

Республика ҳудудларида тор соҳа шифокорларини жалб қилган ҳолда 5 818 та тиббий бригада ёрдамида «Аёллар дафтари»га киритилган 162 мингга яқин хотин-қиз тўлиқ тиббий кўрик ҳамда скрининг текширувлардан ўтказилди. Аёллар республика ва вилоят марказларидаги шифохоналарда касалликнинг турига қараб ордер билан даволанди ва амбулатор шароитда соғломлаштирилди. Дори-дармонлар берилиб, турли хил тиббий хизматлар кўрсатилди.

Тадбирда соҳада учраётган муаммолар ҳам таҳлил этилди. Хусусан, бугунги кунда тиббий муассасалар мутахассислари томонидан репродуктив ёшдаги фуқаролар ва ҳомиладор аёлларни репродуктив саломатликнинг бузилиш хавфи ҳамда унинг реабилитацияси ҳақида хабардор қилиш тадбирлари манзилли ташкил этилмаган.

Хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, тиббий маданиятни ошириш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, аёллар ўртасида кўп учраётган касалликларни олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар етарли эмас.

Сенаторлар томонидан мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича бир қатор таклифлар билдирилди.

Эшитув якунлари бўйича қўмита қарори қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.