Ушбу дастуриламал ҳужжат нафақат юртимиз кенг жамоат­чилиги, балки хорижий давлатлар академик-эксперт доирала­ри, дипломатик корпус вакиллари орасида ҳам акс садо бер­моқда.

Мурожаатномада 2025 йил якунлари сарҳисоб қили­ниб, давлатни янада барқарор ривожлантириш, халқ фа­ровонлигини юксалтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликла­рини ҳимоя қилиш борасидаги ўта долзарб вазифалар аниқ-равшан белгилаб берилди. Мамлакатимиз раҳбари ўз чиқишида кўплаб халқчил таклиф ва ташаббуслар­ни илгари сурди. Уларнинг рўёби жамиятда фаоллик­ни оширади, давлат ва халқ ўртасида очиқ мулоқотни мустаҳкамлайди. Асосийси, барчани умумий мақсад — тараққий этган ва адолатли янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида бирлаштиради.

Айниқса, 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши Мурожаатноманинг бутун моҳиятини ўзида мужассам этган стратегик қарор бўлди. Зеро, маҳалла ўзбек жа­миятининг асрлар давомида шаклланган, аҳолини бир­лаштирувчи ва тарбияловчи муҳим ижтимоий инсти­тутдир.

Кейинги йилларда ушбу институтни ислоҳ қилиш ва уни халқ ҳаётига яқин, са­марали тизимга айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар қилинди. Маҳалла раисла­рининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилиб, “еттилик” вертикал тизими яратилди. Бу ердаги ҳар бир имкониятни лойиҳага айлантириб, иш ўрни яратиш учун маҳаллаларга банкир ва солиқчилар бириктирилди. Инфратузилма учун ҳам алоҳида маблағ ажратилмоқда.

Албатта, маҳалла институтини ривож­лантириш масаласига бу даражада катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки маҳалла ривожланиши бевосита жамият юксалишига хизмат қилади. Фаол маҳал­ла — фаол фуқаро дегани, фаол фуқаро эса демократик жамият пойдеворидир. Бу жамоатчилик назорати кучайишига, давлат ва халқ ўртасида ишонч ортишига хизмат қилиб, ислоҳотлар барқарорлигини таъ­минлайди.

Юрт ободлиги ҳам, энг аввало, маҳал­ладан бошланади. Шу маънода, маҳал­ла инфратузилмасини тубдан яхшилаш орқали мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг қиёфасини янада гўзал ва обод қилиш давом эттирилади. Бу орқали маҳалланинг ваколат ва имконият­лари янада кенгайиб, аҳолининг турмуш даражаси ошади, ижтимоий муаммолар қисқаради, жамиятда ижтимоий ҳамжи­ҳатлик кучаяди.

Юртдошларимиз илгари оддий, маҳал­ла даражасида ҳал этиладиган масалалар бўйича ҳам ташкилотма-ташкилот, идора­ма-идора сарсон-саргардон бўларди. Бу­гун маҳаллаларда вазият тубдан ўзгарган. Ҳозир кўплаб масалалар ортиқча қоғоз­бозликсиз, югур-югурларсиз маҳалланинг ўзида ҳал бўлмоқда.

Инсон қадри улуғланаётган маҳалла­ларда юз бераётган бундай ўзгаришлар одамларнинг ҳаётга интилишини ошир­моқда. Халқимиз турмуш даражаси бу­тунлай ўзгариб, ислоҳотлар самарасини ҳар бир инсон ўз кундалик ҳаётида ҳис қиляпти, сезяпти. Энг муҳими, одамлар­га орзу-ҳаваслар, фахр-ифтихор, шодлик қайтмоқда.

2026 йилдан маҳаллани ривожланти­риш бўйича комплекс ёндашув жорий этилиши мутлақо тўғри ва оқилона қарор бўлди деб ўйлайман. Бу, ўз навбатида, ёш­ларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт, маданият, китобхонликни ри­вожлантириш, йўл, ичимлик сув, электр, интернет билан боғлиқ муаммоларни бос­қичма-босқич ҳал қилиш, мактаб, боғча, тиббиёт пункти ҳолатини яхшилашга им­кон беради.

Ҳар бир вилоятда 2-3 тадан туман тан­ланиб, маҳаллалардаги барча муаммолар­ни ҳал қиладиган тизим яратилиши, уларда бир вақтнинг ўзида тадбиркорлик инфрату­зилмаси ҳам ривожлантирилиши ва ушбу мақсадлар учун барча манбалар ҳисобидан 8,5 триллион сўм ажратилиши аҳоли банд­лигини таъминлаш, фуқароларни замона­вий касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, камбағалликни қисқартиришга хизмат қи­лиши шубҳасиз.

Депутатларга ўз округидаги муаммо­ларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм, ҳар бир депутатга 3,3 миллиард сўмдан берилиши ҳам айни муддао бўлди. Зеро, ушбу маблағ йўл, ичимлик сув, электр, газ муаммолари, мактаб, боғча, шифохоналар­ни таъмирлаш, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш каби энг долзарб масалаларни ҳал қилишга сарфланади. Одамлар энди ўз муаммоси билан туман, вилоят марказига бориб овора бўлмайди. Бу орқали одамлар­ни узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган муаммоларга шу ернинг ўзида ечим топи­лади. Айтинг, инсон қадри шу эмасми, ас­лида?!

Яна бир муҳим гап. Бугун дунёнинг йи­рик шаҳарлари каби юртимизда ҳам эколо­гия масаласи жуда долзарб ҳисобланади. Шу сабабли яшил ҳудуд, “яшил боғ” яра­тиш бўйича ҳар бир депутатнинг ташаббу­сига қўшимча 330 миллион сўмдан йўнал­тирилиши ғоят муҳим. Бу маблағ дарахт экиш, боғ ва истироҳат ҳудудлари барпо этиш, кўкаламзорлаштириш учун ишла­тилади. Яшил ҳудудлар эса инсон ҳаёти сифатини ошириш, табиатни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланишни таъ­минлашга имкон беради. Умуман, булар­нинг барчаси 2030 йилгача шароити оғир барча туманлардаги маҳаллаларга янги Ўзбекистон қиёфасини олиб киришга за­мин яратади.

2026 йилда илк бор маҳалла инфра­тузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм вилоятларнинг ўзига бери­лиши маҳаллани фақат ижтимоий инс­титут эмас, балки ҳудудни ривожланти­ришнинг асосий бўғинига айлантиради. Давлатимиз раҳбарининг халқимизни ҳаётдан рози қилишдек улуғвор мақсадга эришиш йўлида ислоҳотларни “маҳалла­бай” асосда амалга ошириш, барча қиш­лоқ ва маҳаллаларимизни жадал ривож­лантиришга биринчи даражали эътибор қаратаётгани янги Ўзбекистонда ҳар бир фуқаро, ҳар бир инсон давлатимиз эътибо­рида эканини англатади.

Аёнки, бугун иқтисодий тараққиётни тадбиркорлар фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди. Зеро, тадбиркорлар қанча кўп бўлса ва кўпроқ даромад кўрса, давлат ҳам шунча бой бўлади. Шу боис, ишнинг кўзини биладиган, ватанпарвар ва фидойи тадбиркорлар давлатимиз томонидан алоҳида қўллаб- қувватланмоқда.

Соҳа вакиллари уларга яратиб бери­лаётган қулай шароит, қатор енгиллик ва эркинликлардан куч олиб, иқтисодиётимиз локомотивига айланиб боряпти. Қулай тад­биркорлик муҳити яратиш борасидаги иш­лар самараси янгидан янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилаётгани, ишбилар­монлар сафи тобора кенгайиб бораётгани­да яққол намоён бўлмоқда.

Мурожаатномада тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича сиёсат давом эттирилиши, 2026 йилда асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолдирилиши, тад­биркорлик инфратузилмаси лойиҳаларига 10 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратили­ши айтилдики, бу минглаб тадбиркорлар­нинг айни кўнглидаги гап бўлди. Бу уларни янги марралар сари руҳлантиргани, фаол­ликка чорлагани ҳам бор гап. Ўз навбатида, бу имкониятлар бизнесни янада ривожлан­тириш, иш ўринлари ташкил этишга қара­тилгани билан диққатга сазовордир.

Бугун тадбиркорлик энг катта ва айни пайтда миллий иқтисодиётимизнинг му­ҳим йўналишларидан бирига айланди. Соҳадаги изчил ислоҳотлар, кичик бизнес вакилларининг ҳар томонлама қўллаб-қув­ватланиши яқин вақт ичида тадбиркорлар сони янада ортиб, иқтисодий барқарорлик таъминланиши, аҳоли фаровонлиги оши­шига хизмат қилиши шубҳасиз.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг парламент ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси юрт тараққиё­тининг 2026 йилдаги долзарб йўналишла­ри ва истиқболларини қамраб олган жуда муҳим стратегик ҳужжат бўлди. Шундай экан, ҳар биримиз ислоҳотлар жараёни­га ҳиссамизни қўшишимиз, инсон қадри улуғланган юрт ривожи, тараққиёти учун бор куч ва салоҳиятимизни сафарбар эти­шимиз, белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда янада фаол ва ташаббускор бўлишимиз лозим. Зотан, агар ҳаммамиз бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, кўзлаган эзгу мақсадларимизга, албатта, эришамиз.

Наргиза САЛОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати