Ушбу китоб муаллифнинг публицистик жанрдаги иккинчи тўплами бўлиб, аввалгиси 2018 йилда “Бунда булбул китоб ўқийди...” номи билан чоп этилган эди.
Олти бўлимдан иборат асар мавзулар хилма-хиллиги, ифода услуби ранго-ранглиги билан, ўқувчининг фикрлар кўлами ва дунёқараши янада кенгайишига хизмат қилиши билан ғоятда аҳамиятлидир.
Биринчи саҳифани варақлашга тушишингиз билан муаллифнинг заминимизда етишиб чиққан, элимизни ҳидоят ва маърифатга бошлаган йирик алломалар, мутафаккир ва шоиру адибларга беадоқ муҳаббати сезилиб туради.
“Ибрат мактаби” баидасида жаҳонгашта, шоир, олим, педагог, қомуси билимлар соҳиби Исҳоқхон тўра Ибрат, “Юрт ғамхўри керак менга” бадиасида эса ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг бирдай севимли шоири Бердақ, “Ҳамид Олимжон мўъжизаси” мақоласида азим ижодкор Ҳамид Олимжон, “Сени куйлайман, ҳаёт!”да бетакрор ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби Зулфияхоним, “Ватан борки, ҳаёт-саодат бор”да Асқад Мухтор, “Саҳро булбули наволари”да Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил тўхталган.
Бундан ташқари, беназир шоирларимиз, халқимизнинг буюк фарзандлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Нормурод Нарзуллаевнинг ботиний қиёфаларини ўзига хос ёндашув ва маҳорат ила очиб беради, барчасининг шеъриятини профессионал тарзда ўрганиб, бадиий изоҳлаб беради.
Иккинчи бўлимда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, шоир, таржимон ва тазкиранавис Мирзо Кенжабекнинг “Қусам ибн Аббос – Шоҳи Зинда”, таниқли шоир Хайриддин Султоновнинг “Одамлардан тинглаб ҳикоя”, Зокиржон Машрабовнинг “Бори элга яхшилик қилғил”, Сирожиддин Саййиднинг “Аламли дунёда аламли гулим”, Шайх Назруллоҳхон эшон Ғарибийнинг “Қасидаи Амолий” шарҳи ва тавҳид манзумаси”, Орзиқул Эргашнинг “Тўй”, “Шоҳсанам”, “Қалб гавҳари”, Неъмат Аминовнинг “Виждон қўнғироғи”, Икром Искандарнинг “Яшил хиргойи” каби қатор китобларни мутолаа қилиш асносида муаллиф олган таассуротлар ва ўз фикр-мулоҳазалари берилади. Бу ўзига хос янгилик бўлиб, китобхонликни, яхши асарларни, илм олиш ва маънавий неъматларнинг инсонга нечоғли фойдали эканлиги таъкидланади.
Бошқа бўлимда Туркий кенгаш йиғилишида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий номидаги мукофотни таъсис этиш, Хиванинг “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилиниши тўғрисидаги қарорлардан, она тилимизнинг мақомини юксалтириш бўйича қабул қилинган қатор тарихий ҳужжатлардан, ижод аҳлига, адабиёт ва санъатга берилаётган юксак эътибордан тўлқинланиб ёзган мақолалари ўрин олган. Бунга доир бир тўртлигида шундай хитоб қилади:
Бир қутлуғ насиба – бўғдой сўзларим,
Кўксингни кўтаргай туғдай сўзларим.
Она тилин писанд этмаганларнинг,
Қалбига санчилсин тиғдай сўзларим.
Ушбу қисмдан сўнгги йилларда ривожланиб бораётган Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон халқлари билан дўстлик ва қардошлик, стратегик шериклик алоқалари тўғрисида, шунингдек, муаллифнинг Афғонистон, Ҳиндистон ва Россия Федерациясига амалга оширган ижодий сафарлари чоғида олган унутилмас таассуротлари ҳақида қизиқарли ва ажойиб мақолалар, дилбар шеърлар ўрин олган.
Уларнинг аксарияти турли йилларда нуфузли нашрларимиз “Янги Ўзбекистон”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ҳуррият”, “Маҳалла”, “XXI аср” газеталарида ва “Ёшлик” журналларида эълон қилинган.
Ғайрат Мажид ижодкор учун энг қийин масала – буюк адиб ва шоирларнинг ижодий изланишлари, илоҳий илҳом лаҳзаларида руҳий олами ичида яшаб, ўз она тилида яратилган умрбоқий ва бебаҳо шеъриятдан чексиз миннатдорлик ва фахрланиш ҳиссини туяди.
Миллат зиёлиларининг ҳаёти ва ижтимоий фаолиятидаги муҳим қирралари, сўзнинг уларга хос оҳанглари, ҳар бир аждодимизнинг халқимиз олдидаги бебаҳо хизматлари ҳақида тўлиб-тошиб билдирган фикрлар, уларга монанд қадим тарихимизнинг унутилмас ва ибратли воқеалари, гўзал сатрлар ва шеърий парчалар билан бойиб боради ҳамда Ғайрат Мажиднинг ўз ҳаёт йўлидаги ибратли мисоллар билан уйғун ҳолатда қизиқарли шаклда, ҳайрату ҳаяжон ила баён этади.
Бир ўринда у Ҳамид Олимжон ҳақида ёзар экан, шоирнинг қисмати ҳақида шундай оригинал баҳо беради: “Шоирнинг ҳамроҳи хаёл, ҳаёти хаёл қисмати хаёл. Ижодкор хаёлни чизади. Хаёлнинг парвози буюк кашфиётларни яратади. Хаёлнинг қанотидан тутиб, уни сўз билан оқ қоғозга абадий муҳрлаган шоирнинг асарлари умрбоқий яшайди”.
Шунингдек, бугунги таҳликали даврда Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар натижалари, ўзгаришлар жараёнлари, мураккаб пандемия пайтида халқимизга нисбатан давлатнинг меҳр-мурувват, хайру саховат чоралари, улкан бунёдкорлик ишлари янги босқичга кўтарилаётгани, муаллифнинг қалб призмасидан ўтказилади. Ёзилган фикрларни ўқир экансиз, ўзингизга-ўзингиз ички савол қўясиз, янада яхшироқ инсон бўлишга интиласиз, ҳар бир ўтаётган лаҳзага шукрона айтиб, умр дақиқатлардан унумлироқ фойдаланиш зарурлигини, энг аввало виждон қонунияти олдида ҳисобдорлигингизни англайсиз.
Алалоқибат асардан туғилажак умумий ғоя шулки, Ғайрат Мажиднинг асл муддаоси – разил иллатларнинг поён топиши, ҳалоллик ва адолатнинг асло мағлуб бўлмаслиги истаги мужассам. Шу билан бирга, унинг публицистик ишлари ўзининг бақувват фалсафаси ва теран ирмоқлари, ўқиган сари сўзнинг нафосати ва таровати жилоланавериши, инсоний позиция ва ёндашувлар табиийлиги, гўзалликнинг ижодкорнинг сеҳрли қаламидан мусаввирона ранго-ранг тасвирга айланиши, қалбдан қуйилиб келган эҳтиросларнинг баркамол образли ифодаси, руҳий дунё ва моддий олам мутаносиблигига эришиши билан ажралиб туради.
Муаллиф умуман олганда, буюк ва маърифатпарвар аждодларимиз каби илму фаннинг афзаллигига, миллийликка садоқат, юрт озодлиги ва элнинг фаровонлигига хизмат, миллат қалбининг муаззам этмоқ учун ҳисса қўшиш улуғ саодат эканига урғу беради.
Халқона, равон тилда ёзилган, бебаҳо манбаалар билан тўлдирилган, қалбга нур-зиё бағишловчи баркамол шоирнинг мана шундай ажойиб армуғони нафақат кенг аҳоли қатламлари учун, балки мактаб ва олийгоҳларда таҳсил олаётган йигит-қизларимиз учун ҳам қўшимча адабиёт, китоб жавонини безовчи ажойиб бир ганжинадир, десак муболаға бўлмайди.
Лазиз Раҳматов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси