Хусусан, давлатимиз раҳбарининг асосий талабларидан бири карантин даврида ишлашни ўрганишимиз кераклиги бўлди. Бу ҳар бир раҳбар ва ҳудудлардаги ҳокимлар зиммасига юклатилган вазифа. Қолаверса, аҳоли бандлигини таъминлаш учун иш ўринлари яратиш энг долзарб масала эканлиги алоҳида қайд этилди.
Таъкидланганидек, охирги икки ойда чет элдан 70 мингга яқин меҳнат муҳожири юртимизга қайтиб келган. Уларнинг бандлигини таъминлаш ҳам кун тартибидаги муҳим масала экани айтилди. Шу билан бирга, бу йил 650 мингдан ортиқ йигит-қиз коллеж, академик лицей ва умумтаълим мактабларини битиради. Бу ёшларни иш билан таъминлашда Президентимиз бешта муҳим йўналишни белгилаб берди.
Улардан бири — тадбиркорларга яқиндан кўмак бериш орқали иш ўринлари яратиш. Бу борада ёшларни касбга тайёрлаш, малакасини ошириш, рўйхатдан ўтказиш, зарур ускуналар билан таъминлашда турли грантлар механизмини жорий этиш бўйича вазифалар белгиланди.
Шу билан бирга, 2019 йил давомида янги ташкил этилган 23 минг тадбиркорлик субъекти фаолият юритмаяпти. Ҳудудлардаги ҳокимликлар билан биргаликда уларнинг муаммоларини ўрганиб чиқиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, фаолиятларини тиклашга ёрдам бериш орқали иш ўринларини яратиш бўйича ҳам топшириқлар берилди.
Бугун юртимизда давлат ташкилотларининг бўш турган 1032 та бино-иншооти мавжуд. Президентимиз жойларда ҳалигача тадбиркорларга ер ва бино-иншоотлар ажратишда кўплаб тўсиқлар мавжудлигини кўрсатиб ўтди. Буларни очиқ савдога, электрон аукционга чиқариш жараёнларини жонлантириш вазифаси қўйилди.
Яна бир йўналиш — ижтимоий соҳа объектлари. Биламизки, ижтимоий соҳа объектларининг бугунги кунда фойдаланилмаётган ерлари бор. Биз жойларда ишчи гуруҳлар таркибида тадбиркорлар билан суҳбатлашганимизда аксарият ҳолларда улар ер, бино, иншоот ёки қўшимча ресурс маблағлар масаласида ёрдам сўрашади. Агар шу имкониятлар яратилса, улар фаолиятини янада кенгайтириши мумкинлигини айтади.
Йиғилишда ана шу бўш турган биноларни тадбиркорларга бериш, жойларда кичик саноат корхоналари яратиш орқали ҳам иш ўринлари яратиш мумкинлиги таъкидланди.
Президентимизнинг жорий йил 8 июнь куни эълон қилинган “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу қарорда ўзини ўзи банд қилган фуқароларга июль ойидан бошлаб кўплаб имкониятлар яратилди. Жумладан, Солиқ кодексига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмаслиги белгиланди. Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати кенгайтирилиб, 24 тадан 67 тага етказилди.
Бугунги кун ҳолатига кўра, 47 минг 300 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилиш орқали рўйхатга олинган бўлса, йил охиригача яна 200 минг кишининг бандлигини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди.
Нозим ҲУСАНОВ,
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири