Ўзбекистонда муқаддас динимиз шаффофлигини янада мустаҳкамлаш, буюк алломаларимиз Имом Бухорий, Исо ат-Термизий, Маҳмуд аз-Замахшарий каби аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш борасида улкан ва самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, аждодларимизнинг бутун мусулмон оламининг эътирофу олқишига сазовор бўлган кўпгина илмий асарлари араб тилида битилган. Қолаверса, муқаддас Қуръони карим, Ҳадиси шарифлар мазкур тилда бўлгани боис халқимиз томонидан алоҳида эъзозланган.
Имом Абул-Қосим Замахшарий, аллома Юсуф ас-Саккокий каби улуғ аждодларимиз араб тили равнақига улкан ҳисса қўшишган. Уларнинг асарлари ҳозирги кунга қадар бутун дунёда дарслик сифатида қўлланиб келинаётгани бизга катта фахр ва шараф бахш этади.
Араб лисонини ўрганиш ва ўргатишда, табиийки, махсус луғатларга эҳтиёж сезилади. Юртимизда арабча-туркийча ёки арабча-форсча луғатлар ўрта асрларда ҳам мавжуд бўлгану, аммо улар биринчидан қўлёзма, кўпи тошбосма тарзида бўлгани, иккинчидан, нусхаларнинг ўта камлиги, борлари ҳам фақатгина махсус китоб фондларида сақлангани сабабли толиби илмлар улардан фойдаланишb деярли имконсиз эди.
Масалан, Ризо Муҳаммад ал-Хоразмийнинг “Мунтахаб ал-луғот” (1798 й.) ва Муҳаммад Латиф Абдуссалом ал-Булғорийнинг “Ҳалл ал-луғот” (1830 й., Бухоро) арабча-ўзбекча (туркийча) луғатлари шулар жумласидандир. ХХ аср бошига келиб, атоқли маърифатпарвар адиб, аллома Исҳоқхон тўра Ибрат томонидан 1901 йили икки жилдда кўп тилли: арабча-форсча-ўзбекча-туркча-ҳиндча-русча луғат нашр этилди.
Шунингдек, Б.Ҳасановнинг “Қуръони карим сўзларининг арабча-ўзбекча кўрсаткичли луғати” (1995 й.), “Арабча-ўзбекча бошланғич луғат”и (1996 й.), Б. Иброҳимов ҳамда О. Мусаевларнинг “Арабча-ўзбекча ўқув луғат”лари, А. Абдужабборов ҳамда Н. Орифхўжаевларнинг 3000 сўзли “Арабча-ўзбекча-русча частотали луғат”и (1998 й.), Одилжон Носиров, Муҳаммаджон Юсупов ва б. ҳаммуаллифлигида Барановнинг “Арабско-русский словарь”ини ўзбек тилига таржима қилиш орқали тузилган “ан-Наим” (2003 й.), кейинроқ эса тўлдирилган “ан-Наим ул-кабир”, Т.Қодировнинг “Арабча-ўзбекча-русча тематик луғати” (2006 й.) каби бир қатор луғатлар дунё юзини кўрди.
2011 йилга келиб ҳам луғатшунослик ишлари давом эттирилди: мумтоз, ҳам замонавий араб тилидаги манбалар, ёзма ва оғзаки нутқ лексикасини тўла қамраб олган, араб ва ғарб луғатнавислиги ютуқларини ўзлаштирган, кўплаб бирламчи асл манбаларга таяниб мукаммал энциклопедик луғат тузиш ишлари бошланди.
Атоқли шарқшунос олим, филология фанлари доктори, профессор, академик Неъматуллоҳ Иброҳимовнинг бевосита раҳбарлиги ва таҳрири остида арабшунос-шарқшунослар Абдулҳаким Арипов, Акмалжон Икромжонов ва Абдулҳамид Зайриевларнинг 10 йиллик меҳнатлари маҳсули ўлароқ тарихий мега лойиҳа – 100 мингдан ортиқ сўз ва ибораларни ўз ичига олувчи тўрт жилдли мукаммал “Ал-Қомус: арабча-ўзбекча қомусий луғат” тузилди. Ушбу нодир хазина Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилди. Луғат тўрт жилддан иборат бўлиб, мумтоз, замонавий араб адабий ва сўзлашув тилидаги юз мингдан ортиқ сўз ҳамда ибораларни, шунингдек, фан, техника, санъат ва маданият соҳаларига оид атама ҳамда тушунчаларни ўз ичига олади.
Луғатнинг аҳамиятли томони шундаки, унда араб тилининг бугунги сўзлашув ҳаётида фаол қўлланаётган сўзлар билан бир қаторда, замон тараққиёти билан ҳамнафас шаклда ривожланиб бораётган технологиянинг энг янги атамалари, шунингдек, араб мумтоз адабиётига оид сўз ва иборалар, айниқса, муқаддас динимизнинг асосий манбаи бўлган Қуръони Карим оятларига оид сўзларнинг ўзбек тилидаги маънолари кенг ёритиб берилган.
Муаллифлар арабча сўзларнинг ўзбекча таржимасини бериш билан кифояланмасдан, ҳар бир сўз, унинг ҳар бир маъноси янада тушунарли бўлиши учун асл арабча манбалардан мисоллар ҳамда мақол, матал, шеърий намуналар келтиришган. Берилган мисол ва иқтибосларнинг ўзбекча таржимаси ҳам ғоят нафис ҳамда аниқлиги билан эътиборга моликдир.
– “Ал-Қомус” – қомусий луғат, унда тарихий шахслар, жуғрофий номлар, уларнинг аталиш сабаблари, кўплаб ўсимлигу ҳайвонларнинг ўзбекча муқобиллари билан биргаликда илмий номлари ҳам берилганки, бу турли илм-фан вакилларида ҳам қизиқиш уйғотиши табиий, – дейди луғат муаллифларидан бири Акмалжон Икромжонов. – “Ал-Қомус” луғати ўзбек халқининг ҳали тўлиқ ўрганилмаган илмий-маънавий мерос, аждодларимиз қолдирган илмий асарларни аниқ илмий таржима қилиш борасида ишончли манба бўлиб хизмат қилади.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири