У 1918 йилда Каттақўрғоннинг Алижон қишлоғида камбағал деҳқон оиласида дунёга келган. Раҳима оилада катта фарзанд бўлиб, ўта қизиқувчан, иқтидорли эди. Шўро мактабида аъло баҳоларга ўқиди. Унинг гўдак қалби шўро мактаби дастури, китоблари, киносига сингдирилган ёлғонлар билан тўла эди. Ўзига юклатилган ҳар бир вазифани сидқидилдан бажарадиган бу оловқалб қиз 1929 йили комсомол сафига қабул қилинади.
1930 йилда Раҳиманинг отаси вафот этиб, катта оиланинг барча ташвиши ёш қизнинг зиммасига тушади. 1930-36 йилларда колхозда бор ғайрати ва шижоати билан меҳнат қилди. Ёш фаол сифатида ҳамма тадбирларнинг олд қаторида бўлди. Шўролар шаънига тинмай мадҳиялар куйлади. 1936 йилда 6 ойлик комсомол курсини битириб келиб, 1937 йил январдан Митан тумани комсомол қўмитаси котиби ўринбосари бўлди. 1937 йил июлда Тошкентда ўтган комсомол қурултойида қатнашди. ЎзССР комсомол ташкилоти котиби Исроил Ортиқов билан учрашиб, унга туман ёшларининг истакларини етказади, мавжуд муаммоларни муҳокама қилади. Шундан сўнг И.Ортиқов Митан тумани партия қўмитаси биринчи котиби Жуманиёз Матниёзовга чиқиб, Раҳима Исломова ва туман комсомолларига ёрдам беришини сўрайди.
Раҳима 1937 йил 7 августдан Митан тумани комсомол қўмитаси котиби сифатида иш бошлайди ва қисқа вақтда ёшларни бир ғоя остида жипслаштириш, меҳнаткашларнинг турмуш шароитини яхшилаш борасида катта ишларни амалга оширишга эришади. Айниқса, мактаб ва маориф ишларини ривожлантириш, ёшларнинг таълим олиши масалаларида фаол ҳаракат қилади.
1938 йил 24 январь куни Ички ишлар халқ комиссарлиги Митан тумани бўлими Раҳима Исломовани ЎзССР ЖКнинг 57-1, 67-моддалари билан айблаб қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқаради. 1938 йил 28 январь куни битилган ордер асосида уни ҳибсга олишади. Шахсий анкетасига кўра, бу вақтда оила аъзолари 67 ёшли онаси Ойтўла ая, 16 ёшли укаси Бозор, 14 ёшли укаси Нормурод ва 10 ёшли синглиси Фозиладан иборат бўлган. Унинг абгор хонадонидан арзирли ҳеч нарса ҳам олинмади. Фақат кекса онахон ва болалар жигарларининг изидан қон йиғлаганича қолиб кетдилар.
1938 йил 4 февраль куни илк сўроқда ИИХК Митан тумани бўлими бошлиғи Федяев унга ким сени аксилинқилобий ташкилотга тортди, дея савол беради. Раҳима ўзига қўйилаётган айбловга чидай олмай йиғлаб юборади. У Митан ҳудудида ҳеч қачон бунақа ташкилот бўлмаганини ва ўзига қўйилаётган айбловларнинг барчаси бўҳтон эканини таъкидлайди. 1938 йил 8 февраль куни Митан тумани ижроқўми Раҳима Исломова ишини муҳокама қилиб, 5 кишини туманда мавжуд қандайдир аксилинқилобий ташкилотга тортган “халқ душмани”, деб уни комсомолдан ҳайдашади.
Раҳима Исломова 23 февралда терговга чақирилиб, ундан бир неча варақларни имзолашини сўрашади. Раҳима рус тилида ёзилган матнларнинг таржимасини беришларини талаб қилади. Улар эса рад этиб, шу ердан имзо чекмай чиқмаслигини айтишади. Раҳима 5 мартгача тергов хонасида сақланади. Ўн бир кун давомида унга уйқу беришмайди, овқатсиз, фақат бироз сув бериб тик турғазиб қўйишди. Сал қийшайса сўкдилар, урдилар, тепдилар. Бечора қиз эса бирин-кетин терговга келиб кетаётган эркакларни таниб, ёрдам бериб қолар, деган илтижо билан боқарди. Аммо жони халқумида, қўрқувдан қалтираб турган кимсаларнинг кўзига ўзбек қизининг мунгли термулиши кўринмади, ҳеч ким ёрдам бериш ҳақида ўйламади.
Раҳима ўн биринчи куни ўлар ҳолга келгач, иложсиз йиқилади. Ақлий ҳолатининг бузилганини кўрган малъунлар унинг қўлига бир неча қоғозни тутиб имзолатишга муваффақ бўлишади ва камерасига судраб олиб бориб ташлашади.
1938 йил 26 февраль санаси билан имзолатилган сўроқ баённомасида гўёки Раҳима Исломова 1937 йил февралда Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромовни мақтагани, 1937 йил май ойида ЎзССР комсомол ташкилоти котиби Исроил Ортиқовнинг қабулига шахсан кириши унинг аксилинқилобий фаолияти сифатида талқин қилинади. 1938 йил 16 май куни Митан туманида мавжуд бўлган аксилинқилобий миллатчи ташкилотнинг 12 нафар аъзоси фош қилингани ҳақида қарор чиқарилди. Шу тариқа Митан тумани партия қўмитаси котиби Жуманиёз Матниёзов, ўринбосари Намоз Мирзамаҳмудов, комсомол қўмитаси котиби Раҳима Исломова, ўринбосари Дўстмурод Зиёев, ер бошқармаси бошлиғи ўринбосари Раҳмат Жўраев, МТС директори Жалол Саматов, жамғариш идораси мудири Санақул Соибназаров, ўринбосари Синдор Бабанов, “Сталин йўли” газетаси муҳаррири Латиф Даминов, ташкилотчи Аширбой Маҳаматраҳимов, халқ суди судьяси Борий Шагивалиев, халқ терговчиси Отабой Каримов қамоққа олиниб, уларнинг аксари отиб ташланди.
Раҳима Исломова 1938 йил 1 октябргача Самарқанд турмасида сақланади. Сўнг Тошкентга келтирилиб, ундан фақат битта нарсани, айбини тан олишини сўрашди. Бироқ қачондир ҳақиқатнинг ғалаба қозонишига ишончи сўнмаган Раҳима ҳеч қачон бу туҳматларни тан олмаслигимни айтиб туриб олади. Бундан жаҳли чиққан ва аллақачон инсоний қиёфасини йўқотганлар уни 13 кун давомида қоронғу ва зах карцерга ташлашади. Жазонинг 14 куни ҳам “айбини тан олиш” ҳақидаги чақириққа у рад жавобини беради.
1938 йил 15 октябрь куни уни “учлик” йиғинига чақиришди. Бошидан ўтган барча кўргуликларини айтиб, ҳақиқатни талаб қиламан, деб турган Раҳимага ҳеч ким сўз бермади. Ҳеч бир гап-сўзсиз 5 минут ўтмай ҳайъат унинг мол-мулки мусодара қилиниши ҳамда ўзи ЎзССР ЖКнинг 64, 67-моддалари билан айбланиб, 8 йилга меҳнат тузатиш лагерига (МТЛ) ҳукм этилиши ҳақидаги қарорни ўқиб эшиттирди.
Раҳима Исломова жазони Архангельск вилояти Котлас шаҳрида ўтай бошлади. У шу ерда ҳам ўзининг шижоати билан фаоллар сафидан ўрин олади. Кейинги икки йил давомида лагернинг зарбдорлар тахтасидан тушмади. Айни пайтда вақт топиб шўро давлатининг турли раҳбар идораларига 18 маротаба шикоят аризаси ёзади. Афсуски, бу аризаларнинг бирортаси ўз манзилига етиб бормади, ҳатто эшикдан ҳам чиқмади.
1941 йил 17 май куни маҳбуса Раҳима Исломова СССР Олий Советига ариза ёзади. Рус тилини билмагани учун хатни 1941 йил 7 июнь куни Чурагулов таржимаси билан манзилга йўллайди. У депутатларга мурожаатини суд менга ноҳақлик қилди, деб бошлайди. Шундан сўнг ўз ҳаёти, фаолияти ва бошидан кечирган барча ноҳақликларни батафсил баён қилади. Ўз фикрини умумлаштириб, “Мен мутлақ айбсизман, гуноҳсизман. Ўшанда 19 ёшда эдим, ҳозир 23 ёшдаман. Мана, 3 йилу 4 ойдирки қамоқдаман. У ёқда укаларим қолиб кетган. Депутатлар, ахир мен Ўрта Осиёданман, шимол совуғи соғлиғимни олди. Ёшлигим баҳори алам ва надоматлар ичида қолди. Илтимос, мени бу зулмат лагердан чиқаринглар, ноҳақ ҳукмни бекор қилинглар”, дейди.
Ушбу ариза асосида Раҳима Исломова иши ҳам қайта кўриб чиқишга топширилади. У прокурорнинг 1942 йил август ойидаги протести асосида 1942 йил 18 ноябрь куни озодликка эришади. Раҳима тоталитар тузум даврида таҳқирланган, хўрланган, ўлдирилган, зўрланган минглаб оналаримиз, опа-сингилларимиздан бири эди. Тўғри, у ажал эшигидан тирик қайтди. Ҳатто кўп йиллар колхоз раиси ҳам бўлиб ишлади. Бироқ шўролар мамлакатининг қанчалар тубанлигини, унинг манфур формали жаллодларини бир лаҳза бўлсин унутмади. Тунлари ўша малъунларнинг қилмишлари тушларига кириб уйғонса, қайтиб ухлашга қўрқиб тонгни унсиз йиғлаб кутарди.
Тарих саҳифаларини варақласак, Раҳима Исломова каби ноҳақ қамалган ўзбек хотин-қизлари жуда кўплигига амин бўламиз. Уларнинг бор-йўқ айби бир миллатпарвар ўзбек ўғлонининг турмуш ўртоғи бўлгани ёки не-не ниятлар билан илм олиб, олима, шоира, журналист, шифокор, муҳандис бўлиб етишгани эди. Ватани учун бор меҳру шижоати билан курашга отланган бу мардона аёлларнинг аччиқ қисматлари ҳақида ҳикоя қилиш ҳам қанчалар аламли ва оғир. Ушбу табаррук кунларда барча жабрдийда она ва опаларимизнинг гуноҳларини Аллоҳим мағфират этсин, дея дуо қиламиз.
Баҳром ИРЗАЕВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси
давлат музейи катта илмий ходими