Жорий йилнинг 30 апрель санаси юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа билан тарихга муҳрланди. Шу куни юртдошларимиз “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтказилган референдумда фаол иштирок этиб, дахлдорлик ҳисси билан овоз берганига гувоҳ бўлдик. Овоз берувчиларнинг 84,51 фоизи референдумда иштирок этгани фуқароларимизнинг ушбу жараёнга бефарқ бўлмаганини кўрсатди. Уларнинг 90,21 фоизи “Ҳа”, деб овоз бергани эса Асосий қонунимиз чинакамига “Халқ Конституцияси” бўлганини англатади.
Жараёнларнинг энг бошидан халқ фикри, хоҳиш-истагига таянилгани катта аҳамиятга эга. Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ишлари етарлича муддат давом этган бўлса, шу вақт ичида юртдошларимиз бу жараёнга бефарқ бўлмади, ўз фаоллигини намоён этди. Фуқаролар лойиҳа бўйича ўз муносабати, фикр ва таклифларини бериши учун кенг майдон яратилди. Таклифларнинг бирортаси ўтказиб юборилмади. Ҳар бири бўйича муносабат билдирилиб, маъқул кўрилганлари қонун лойиҳасидан ўрин олди.
Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, умумхалқ муҳокамаларида 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушган бўлса, уларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олиб, Конституция 65 фоизга янгиланди.
Ниҳоят, референдум санаси келиб, хориж давлатлари, халқаро экспертлар ҳам жараённи кузатиб борди. Айтиш лозимки, мамлакатимизда очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш борасидаги ишлар кенгайиб бормоқда. Буни референдум ўтказиш чоғида ҳам кўрдик, ҳатто, ушбу жиҳат халқаро кузатувчилар томонидан эътироф этилди.
Биргина Жиззах шаҳри мисолида оладиган бўлсак, референдум участкаларида кечаётган жараёнлар билан танишиш асносида тожикистонлик халқаро кузатувчилар Виктор Ким ва Рустам Ҳайдаров яратилган шароитларни юксак баҳолади. Улар ривожланишни мақсад қилган ҳар қандай мамлакат инсонларнинг эркин ва фаровон ҳаётини кафолатлайдиган Конституцияни қабул қилиши лозимлиги, Ўзбекистон бу йўлда дадил қадам ташлаётганини эътироф этди.
Шу ўринда референдумга халқаро кузатувчиларнинг келиши қай даражада муҳим, деган савол туғилади. 1857 йилдан буён турли мамлакатларда бўлиб ўтадиган сиёсий тадбирларда халқаро кузатувчилар иштирок этиши одатий ҳолга айланган. Референдум ёки сайлов давомида хорижлик кузатувчилар томонидан сиёсий тадбирга холис баҳо берилади, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар айтилиб, жараён якуни бўйича хулоса ва таклифлар тақдим этилади. Улар келгуси сиёсий тадбирларни амалга оширишда муҳим ҳисобланади.
Шунингдек, халқаро кузатувчиларнинг фикрлари референдумнинг қонунийлиги халқаро миқёсда тан олинишига ва давлатнинг имижига таъсир этади. Бугунги кунда сиёсий жараёнларни кузатиш ва мониторинг юритиш бўйича БМТ, ЕХҲТ, МДҲ, ШҲТ, Европа Иттифоқи, Туркий давлатлар ташкилоти, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси каби кўплаб хорижий институтлар мавжуд.
Юртимизда ташкил этилган референдум эса дунё талаблари асосида ўтказилганини хорижлик кузатувчилар ҳам тасдиқлади. Бу катта ва масъулиятли жараён, халқ овозининг ифодаси эканини ҳар биримиз ҳис этиб турибмиз. Фуқаролар ўз келажаги, янада фаровон ҳаёти учун овоз берди. Зеро, янги таҳрирдаги Конституцияда долзарб масалалалар, муаммоларга аниқ ечимлар киритилган. Улардан бири аҳоли бандлиги ва бунда гендер тенгликни таъминлаш билан боғлиқ.
Тан олишимиз керак, бугунгача хотин-қизларни айрим ташкилотларга ишга қабул қилишда “ёзилмаган қоидалар” тўсқинлик қилар эди. Эндиликда, бундай ҳолатларга чек қўйилади. Жумладан, Конституциянинг 42-моддасида: “Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади. Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади”, деб белгилаб қўйилди. Бу жамиятимизда аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, ҳар бир шахс энг кам иш ҳақи олганда ҳам муносиб ҳаёт кечириши ва, энг асосийси, меҳнат шароити талаб даражасида бўлган ҳолатда ишлашини таъминлаши шубҳасиз.
43-моддада эса “Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўради. Давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этади ҳамда рағбатлантиради”, дейилган. Бу ҳам аҳолининг ижтимоий ҳимояси янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Нималар кутиляпти?
Олий таълим соҳасида фаолият юритганим боис, мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилаёган ҳеч бир ислоҳот мени бефарқ қолдирмайди. Шунинг учун Конституциядаги таълим, илм-фан йўналиши, меҳнат муносабатларига доир ўзгартишлардан, айниқса, қувондим. Улар жамоатчилик учун ҳам кутилган янгиликлардан бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг “Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”, деган таъкиди бугунги замонавий ҳаётни илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмаслигини яққол намоён этади. Зеро, дунёнинг энг етакчи давлатлари ҳам мамлакатнинг келгуси равнақига таълимни ривожлантириш орқалигина эришиш мумкинлигини инкор этмаяпти.
Бугун юртимизда истиқболли таълим технологиялари, янги ахборот-коммуникация воситалари, инновацион педагогик ечимлар ва ижтимоий технологиялардан кенг фойдаланиш талаби ортмоқда. Ўз навбатида, олий таълим муассасасаларига яратилаётган шароит ва имкониятлар, қўйилаётган талаблар ҳам кўпайиб боряпти. Чунки таълим сифатини ошириш, рақамли технологиялар ва таълим платформаларини жорий этиш, ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, инновацион тузилмаларни шакллантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш каби йўналишларда иш олиб бориш таълим жараёнини янги сифат босқичига кўтариш учун хизмат қилади. Ушбу жараёнда эса таълим олиш, ўқитувчи нуфузи, илм-фан, бадиий ижод эркинлигининг таъминланиши мақсадга мувофиқдир.
Олий таълим муассасалари ҳақида гап кетганда, Президентимизнинг “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига тўхталмасликнинг имкони йўқ. Боиси, қарорга кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб 35 етакчи давлат олий таълим муассасасига молиявий мустақиллик берилди. Бу мамлакатимиз таълим тизимида кутилмаган янгилик бўлди. Янги Конституциянинг 51-моддасида ҳам олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эгалиги алоҳида таъкидланган. Бу жиҳат келгусида олий таълим равнақини таъминлаш, фуқароларнинг олий маълумот олишга имконияти кенгайишининг ёрқин намунасидир.
Шунингдек, 52-моддада “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”, дея мустаҳкамланиши жамиятимизда ҳам шарафли, ҳам машаққатли касб эгаларининг меҳнатига муносиб баҳо берилишининг ёрқин исботи, десам муболаға бўлмас.
Ҳақиқат аччиқ бўлади деганларидек, сўнгги вақтларда ўқитувчиларга нисбатан қўпол муомалада бўлиш, уларга жисмоний шикаст етказиш ҳолатлари кузатилаётган эди. Бу эса ўсиб келаётган ёш авлод онгида салбий дунёқарашнинг шаклланишига, илк сабоқларни ўргатган устозга нисбатан беписандлик билан қарашга тутрки бўлаётгани ҳам бор гап. Эндиликда, Бош қонунимизда ўқитувчилар алоҳида эътироф этилгани жамиятимизда бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олади.
Ушбу моддаларнинг киритилиши, ўз навбатида, ҳар бир таълим соҳаси ходими – педагогларга фахр-ифтихор бағишлади. Чунки устозлар ҳуқуқ соҳаси вакили бўлмаган, лекин олий қонунда алоҳида тилга олинган ягона касб эгаларига айланди.
Яна бир масала – муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш. Айниқса, илм-фан, замонавий технологиялар ривожланиб бораётган ҳозирги даврда бу янада долзарблашиб бормоқда. Масалан, Жиззах политехника институти профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабалари томонидан кўплаб техник ишланмалар, ихтиролар яратилган. Уларнинг айримлари амалиётга татбиқ этилиб, патент олинган, муаллифлик ҳуқуқи берилган. Аммо амалда бу борада кўплаб муаммолар юзага келиб туради. Айниқса, охирги йилларда жамиятимизда муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари кўпайгани ҳам аниқ ечимларни тақозо этаётганди.
Гап шундаки, авваллари техниканинг мураккаблиги, жараённинг машаққатлилиги ҳамда олинган нусханинг таннархи анча қимматга тушиши туфайли муаллифлар ва қонуний ишлаб чиқарувчилар ҳуқуқларининг бузилиши деярли кузатилмас эди. Бугунга келиб эса замонавий технологияларнинг ривожланиши маълумотларни кўпайтириш ва тарқатиш жараёнини ўта осон ва арзон ишга айлантириб қўйди. Гарчанд, “Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунда ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатларга таъриф берилиб, жазо қўлланилган бўлсада, соҳада камчиликлар ҳамон мавжуд эди.
Конституциямизнинг 53-моддасида интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилиниши мустаҳкамлангани эса, турган гапки, ушбу камчиликларни бартараф этади. Шунингдек, давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилиши ҳам алоҳида таъкидланган. Демак, янги нормалар барча соҳаларни тараққий эттиришга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирдаги Конституция жамиятимиз ҳаётининг барча йўналишларини комплекс тартибга солиш ҳамда мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида энг муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиши баробарида, жамиятни тараққий эттиришга, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўлақонли таъминланишига хизмат қилади.
Унинг ишлаб чиқилиб, қабул қилинишида ёшларнинг фаол иштирок этгани эса кишини янада қувонтиради. Бугун бу ёшлар мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳиссини туйган экан, келажакда Ўзбекистон ривожига муносиб ҳисса қўшади.
Алишер УСМОНҚУЛОВ,
Жиззах политехника институти ректори,
техника фанлари доктори, профессор
(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 06.05.23 й, 88-сонида чоп этилган)