Улуғ бобомиз буюк ижодкор бўлиш билан бирга улкан давлат арбоби ҳам эди. У ўз ҳаётининг катта қисмини туркий тил, туркий халқлар тамаддуни учун бахшида этди. Асарлари бир умумий ва юксак концепция – туркий олам тафаккури, маънавияти ва
маданиятини камол топтириш доирасида яратилган.
Навоийни туркий тилда “кўп ва хўб” ижод қилишга, Шарқ адабиётида мезон ва чўққи ҳисобланган “Хамса”ни яратишга, шеъриятнинг энг нафис жанри бўлган ғазалнинг минглаб намуналарини ёзишга, фаннинг адабиётшунослик, тилшунослик, диншунослик, тарих каби соҳаларида қалам тебратишга ундаган асосий омил ҳам айнан туркий олам саодати ҳақидаги идеаллари эди.
Юртимизда шоир ижодининг мана шундай муҳим жиҳатларини теран англаган ҳолда уни янада оммалаштириш ва илмий асосда чуқур ўрганиш, халқчил қарашларини жамият ҳаёти-нинг турли соҳаларига татбиқ этиш учун кенг имкониятлар яратилган. Бугун мамлакатимизнинг илм-фан, таълим, иқтисодиёт, маданият каби соҳаларида “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” тамойили асосида кенг кўламли ислоҳотлар олиб бориляпти. Бу жараёнда миллий юксалишнинг руҳий-маъна-вий асосларини ташкил этувчи буюк мутафак-кирлар асарлари, шоир ва адибларнинг ижод намуналарини кенг ёйишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Алишер Навоий ўз асарларида тасвирлаган тинчлик, тенглик, адолат, халқчиллик каби улуғвор ғоялар давлат бошқару-вининг барча бўғинларига, халқ ҳаётининг муҳим соҳаларига жорий этилмоқда.
Сўнгги йилларда нафақат ички сиёсатда, балки ташқи сиёсатда ҳам маънавият ва адабиётга эътибор кучайди. Ўзбекистон қўшни давлатлар билан аҳил-иноқлик, бирдамлик, дунё ҳамжамияти билан эса очиқ ва кўп векторли ташқи сиёсат юритмоқда. Энди мамлакатимиз ташқи сиёсатда илм-фан, адабиёт, хусусан, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби ижодкорлар асарлари ва қарашларидан “юмшоқ куч” сифатида фойда-ланишга устувор аҳамият қаратмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2019 йил 15 октябрда Боку шаҳрида ташкил этилган Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида адабиёт билан боғлиқ муҳим ташаббусни — “Туркий адабиёт дурдоналари” номли 100 жилдли тўп-ламни ташкилотга аъзо давлатларнинг тилида нашр этиш таклифини илгари сурди. Натижада мазкур тўплам 2022 йили ташкилотнинг Самарқанд саммити арафасида биринчилардан бўлиб лотин алифбосига асосланган ўз-бек тилида чоп этилди ва китобхонларга ет-казилди.
Бу, шубҳасиз, узоқни кўзлаб билдирилган ижобий ташаббус бўлди. Шу орқали, бир томондан, мамлакатимиз аҳолиси ўртасида китобхонлик ва мутолаа маданиятини ривожлантиришга, туркона маънавиятни кенг тарғиб этишга эришилган бўлса, бошқа томондан, катта адабий хазинани, туркона тафаккур дурдоналарини қардош халқлар орасида кенг ёйишга, уларни ўзаро жипслаштиришга маънавий замин яратилди. Бу туркий тилли давлатлар бирдамлиги ва ҳамкорлигининг адабиёт, маданият мисолидаги ўзига хос намунасига айланди.
Янги Ўзбекистонда маънавият ва ма-даниятнинг сиёсий-иқтисодий алоқаларга жиддий таъсири чуқур англаб етилди. На-тижада бой маънавий меросимиз, хусусан, адабиёт дурдоналаридан ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда самарали фойдаланишга ўтилди. Асрлар синовида сайқалланган қадриятларимиз, ноёб маданиятимиз, олам-шумул аҳамиятга молик асарларимиз орқали Ўзбекистоннинг миллий қиёфаси, жозибадор олами, янги имижи намойиш этила бошлади.
Тилимиз ва маданиятимиз халқаро алоқа-ларда, қардош халқлар билан муносабатларда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Давлатимизнинг маданий-маърифий соҳага бундай ёндашуви энди соҳа мутахассисларини ҳам янгилик-лар яратиш, эл-юрт манфаатига хизмат қи-лувчи тадқиқотлар, асарлар билан халқаро майдонга чиқишга ундамоқда. Олимларимиз олдида ўзбеклар, қолаверса, бутун туркий халқларнинг бой маънавий мероси мазмуни ва аҳамиятини дунё ҳамжамиятининг зиёли қатлами учун илмий асосда ёритиш вазифаси турибди.
Академик Шуҳрат Сирожиддиновнинг “Амир Алишер” номли тадқиқотининг юзага келиши ва хорижий тилларга таржима қили-ниши шу жиҳати билан эътиборга молик. У юқорида қайд этилган маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий заруратнинг натижаси ўла-роқ юзага келди.
Аслида, туркий халқлар учун ғурур манбаи бўлган Алишер Навоий ҳаёти ва ижодининг оламшумул аҳамиятини илмий асосда жид-дий тадқиқ этиш, мазмун-моҳиятини ёритиш, халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш фанимиз олдида турган шарафли вазифалардан. Таас-суфки, миллий манфаатларимизга мувофиқ келувчи, холис нуқтаи назар билан ўзбек олими томонидан ёзилган ва жаҳон тилларига таржима қилиниб, халқаро миқёсда эътироф этилган навоийшуносликка оид асарларимиз йўқ ҳисоби.
Хорижлик мутахассислар бундай ҳолатда, табиийки, Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди, бинобарин, турк дунёсининг маънавий қиё-фаси ҳақидаги ҳақиқатларни миллий нигоҳ ва ватанпарварлик кайфияти билан ёзилган тад-қиқотлардан эмас, балки бегона кўзқараш, ёт мафкура ва дунёқараш таъсирида ёзилиб, жа-ҳонда кенг тарқалган тадқиқотлардан олишга мажбур бўлди. Шу тариқа дунё халқларида Алишер Навоий ҳаёти, фаолияти ва ижоди — ўзбек халқи, туркий олам маънавияти ҳақида баъзан бирёқлама ва сохта тасаввурлар шаклланди, баъзан эса улар асл ҳақиқатдан тўла баҳраманд бўла олмади.
Шу маънода, “Амир Алишер” номли тадқиқотнинг жаҳон тилларига таржима қилиниб, нашр этилиши илм-фан, маънавият ва сиёсат нуқтаи назаридан катта воқеа бўлди. Бу воқеанинг кўлами ва моҳиятини тўлиқ очиб бериш, фанимиз ва давлатчилигимиз учун нақадар муҳимлигини ойдинлаштириш учун бунга қадар Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди бўйича амалга оширилган илмий тадқиқотлар та-рихи ва моҳияти билан мухтасар таништи-ришга тўғри келади.
Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида “Амир Алишер”га қадар ҳам бир неча китоб ёзилган. Уларнинг аксарияти ва муҳимлари собиқ совет тузуми йилларида яратилган бўлиб, табиийки, кўпида мустабид давр мафкураси устуворлик қилган.
“Амир Алишер” тадқиқотининг яратилиши ва дунё тилларига таржима қилиниб, кенг ёйилиши, аввало, буюк ўзбек мутафаккири, қолаверса, ўзбек маънавияти, адабиёти, туркий олам маданияти тўғрисидаги сохта ва ёлғон қарашларга илмий асосда халқаро дара-жада барҳам беришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Ушбу асарда улуғ шоир ҳаёти ва фаолияти, бинобарин, ўзбекнинг маънавий-маърифий қиёфаси ҳақидаги ҳақиқатлар миллий нигоҳ ва ватанпарварлик нуқтаи назаридан ёритилган.
Монография, аввало, олимнинг Алишер Навоий ҳаёти ва фаолияти бўйича 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида олиб борган фундаментал ва заҳматли илмий изланишларининг ўзига хос умумлашмасидир. Навоий феноменининг назарий жиҳатларини асарлари, ижо-ди ўзида мужассам этган бўлса, давлат арбоби сифатидаги фаолияти, ишлари унинг амалий ифодасини акс эттиради. Шу маънода, улуғ шоир фаолиятини ўрганиш, унинг асл табиати ва мазмунини очиб бериш моҳиятаншоир ижодини тадқиқ этишдан фарқ қилмайдиган муҳим масаладир.
“Амир Алишер” асари илк бор Тошкентда 2023 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлиги билан “Адабиёт” нашриётида чоп этилди. Китобнинг тузилиши ҳам номлани-шига мувофиқ. У икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисми “Алишер Навоийнинг ёшлиги” деб аталади ва шоир ҳаётининг 1441-1469 йилларини қамраб олган. Иккинчи қисм “Амир Алишер ва сарой” деб номланган. Унда Амир Алишер ҳаётининг 1469-1501 йиллари ҳақида ҳикоя қилинади. Китобнинг охирига Алишер Навоий қурдирган иншоотлар ҳамда унинг ҳомийлиги ва таклифи билан ёзилган асарлар-нинг тўлиқ рўйхати ҳам илова қилинган.
“Амир Алишер” олимнинг аввал эълон қилинган тадқиқотларидан бир неча жиҳати билан фарқ қилади.
Биринчидан, ушбу асарда асосий эъти-бор Алишер Навоийнинг ҳаёти ва сиёсий фаолиятини қадимий ва илк манбалардаги маълумотлар билан холисона ёритишга, шу масала атрофидаги тарихий фактларни ти-зимлаштиришга қаратилган. Масалан, олим бу тадқиқотида Навоий ва Абу Саид, Навоий ва Маждиддин муносабатларига оид ҳақиқат ва уйдирмаларни, Навоийнинг Астрободга сургун қилингани ҳақидаги қарашлар тўқиб чиқарилгани, шунингдек, Навоийнинг Маш-ҳаддаги ҳаётини ишончли илмий манбалар асосида ёритиб беради.
Иккинчидан, бу китобга муаллифнинг олдин эълон қилинган ишларига муайян са-бабларга кўра кирмай қолган янги маълумот-лар қўшилган. Султон Ҳусайн Бойқаронинг мактуби билан боғлиқ фактлар, Навоийнинг нега оила қурмагани ва тоғаси Мир Саид Кобулий нима учун “Кобулий” нисбасини олгани ҳақидаги фасллар айни шулар сирасига киради.
Учинчидан, аниқлаштириш нуқтаи назаридан қўшимча изланишларга қўл урилган. Шу боис, аввалги тадқиқотларга кирмай қолган масалалар аниқлаштирилган. Жумладан, Навоийнинг отаси ҳақида нима учун шоир ҳаётлик даврида ёзиб қолдирилмаган деган масала очиқланган. Навоийшуносликдаги бир нечта янглиш фикр тўғриланган,
ҳатто муаллифнинг ўзи аввалги ишларида йўл қўйган хатолар ҳам тан олиниб, тузатиш
киритилган. Хусусан, Алишер Навоий туғилган жой ҳақидаги баҳсларга нуқта қўйилиб, шоир Ҳиротда дунёга келгани далилланган.
Тўртинчидан, китобда муаллифнинг баён услуби ўзгарган, яъни аввалги тадқиқотларида юксак академизм кўрсатиб, чуқур илмий таҳлиллар берган бўлса, “Амир Алишер”да ана ўша маълумотлар мазмуни сақланган ҳолда кенг китобхонларга тушунарли тарзда, имкон қадар мухтасар ва фойдаланиш учун қулай қилиб соддалаштирилган.
Туркий дунёнинг машҳур сиймоси ҳаёти ва фаолияти тўғри талқин этилгани, жиддий илмий асосларга таяниб яратилгани, туркий олам маънавияти намоён этилиши каби сабаблар туфайли “Амир Алишер” асари тезда илм аҳли орасида кенг ёйилди, китобхонларга манзур бўлди. Эътиборли жиҳати, асар шуҳрати халқаро миқёсда ҳам ёйилиб, эътироф қозона бошлади. Бир-икки йилда кўплаб тилларга таржима қилинди ва бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда. Жумладан, асар 2023 йили Гулбаҳор Ашурова томонидан озар тилига ўгирилиб, Бокудаги “Илм ва таҳсил” нашриётида чоп этилди.
“Амир Алишер” Озарбайжонда донг таратгач, тезда Туркиядаги адабиётшунослар эътиборини тортди. Бу китоб 2023 йили Буллент Байрам томонидан турк тилига ҳам ўгирилди ва Анқарадаги машҳур “BENGÜ YAYINLARI”да босилиб чиқди.
“Амир Алишер”нинг кейинги “сафари” Америкага бўлди. Китоб 2024 йилда инглиз
тилига “Эмир Али-Шир Навāъи” номи билантаржима қилиниб, Нью-Жерсидаги “Лайтнинг Пресс” матбаасида юксак полиграфик талаб ва мезонларга мос ҳолда нашр этилди.
Шу маънода, ўзбек навоийшунослигининг муҳим ютуқларидан бири бўлган “Амир Алишер” китоби нафақат АҚШ адабиётшунослиги, балки инглиз тилида мулоқот қилувчи
барча зиёлилар эътиборига ҳавола қилинди дейиш мумкин.
Бу борадаги эътиборли ишлардан яна бири 2024 йилда “Амир Алишер”нинг Кобулдаги “Хуросон” босмахонасида арабалифбосига асосланган ўзбек ёзувида чоп этилиши бўлди. Китоб Эҳсонулло Қувонч томонидан нашрга тайёрланди ва “Китоб маданият маркази” кўмагида нашрдан чиқди. Ушбу нашр Афғонистондаги ўзбеклар учун улкан туҳфадир.
Асарнинг 2025 йилда Шаҳло Норалиева томонидан қозоқчага ўгирилиб, Чимкент туманида нашр этилгани эса Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллик тўйига муносиб тўёна бўлди.
“Амир Алишер” тадқиқотининг жаҳон тилларига таржима қилиниши, аввало, ўзбек навоийшунослиги учун катта ютуқ ва янгиликдир. Шунингдек, ушбу воқеа яна икки муҳим вазифа ижроси учун хизмат қилади.
Улардан бири, ўзбек халқи, шунингдек, бутун туркий халқлар тамсилчиси бўлган Алишер Навоийнинг дунё зиёлилари орасида, халқаро миқёсда муносиб эътироф топиши ва у ҳақдаги асл ҳақиқатларни улашиш нуқтаи назаридан жиддий илмий қадамдир.
Иккинчиси, ушбу тадқиқотнинг халқаро миқёсда кенг ёйилиши давлатимизнинг ташқи алоқалардаги “юмшоқ куч” сиёсатига навоийшуносликнинг муносиб ҳиссаси сифатида қўшилди. Шубҳасиз, мазкур тадқиқот ва таржималар Алишер Навоий ҳаёти ва фаолияти, бинобарин, ўзбек халқи, туркий маданият ва маърифат тўғрисида халқаро ҳамжамиятга муҳим ва ижобий тасаввур беришга хизмат қилади.
Амир Алишернинг ўзи “Олибмен тахти фармонимға осон, Черик чекмай Хитодин то Хуросон”, дея таъкидлаганидек, дунё зиёлилари орасида туркий халқлар ўтмиши ва маданиятини тарғиб этиш асносида янги Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш, ички имкониятларини янада жозибадор қилиб кўрсатишга ёрдам беради. Хорижий давлатларда Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётини ўрганишни кенг тарғиб қилади, мамлакатимиз нуфузини оширишга кўмаклашади. Шу савия ва руҳдаги илмий тадқиқотларнинг янада кўпайиши эса ватанимиз шарафини юксалтиради, ҳам маданий, ҳам иқтисодий фаровонликка замин яратади.
Илёс ИСМОИЛОВ,
филология фанлари доктори