Шоли деҳқончилигида ҳосилдорликни белгиловчи асосий омиллардан бири, экиш мавсумини сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш ҳисобланади. Уни етиштиришнинг илғор усулларидан бири ҳисобланган асосий ва такрор экин сифатида кўчат усулида экиш сўнгги йилларда анча самарали технология тарзидан кенг қўлланилмоқда.

Андижон тумани “Жаҳонгир шоликор” фермер хўжалигида кунига 20 тонна шоли Хитой технологияси асосида қайта ишланмоқда. Фермер хўжалиги мазкур технология орқали аҳоли томорқаларида етиштирилган шолини қайта ишлашга ёрдам бермоқда.

Шоличиликда миллий тажриба ва халқаро халқаро ҳамкорлик

Хўш, Республика ҳудудларининг тупроқ, иқлим шароитларига мос келадиган шоли навларини синовдан ўтказиш ва яратиш мақсадида 2018 йил қайта ташкил этилган, ўтган йили Хоразм вилоятида филиали ва Қорақалпоғистон Республикасида илмий тажриба станцияси фаолияти йўлга қўйилган Шоличилик илмий-тадқиқот институти бу борада қандай тавсиялар беради?

Шоличилик илмий-тадқиқот институти тавсиялари

Шоличилик илмий-тадқиқот институти томонидан Қорақалпоғистон Республикасида экиш учун Нукус-2, Нукус-70, Гулзор, Искандар, Санам, Хоразм вилоятида Нукус-2, Нукус-70, Искандар, Лазурний, Сирдарё вилоятида Мустақиллик, ЎзРОС 7-13, Нукус-2, Искандар, Лазурний навларини экиш тавсия қилинган. Сурхондарё ва Тошкент вилоятига ЎзРОС 7-13, Искандар, Мустақиллик, Лазурний навлари мос келади. Фарғона водийсида эса Мустақиллик, Искандар, Арпа шоли, Оқ-қилтиқ, буғдой бошоқ (маҳаллий Девзира навлари), Лазурний навларини экиш яхши самара беради.

Хориж тажрибасини ўрганиш ва уни ҳаётга татбиқ этиш ҳар бир соҳани ривожлантиради, унга янги нафас олиб киради. Дунё миқёсида қарайдиган бўлсак, шоли етиштиришда Вьетнам, Жанубий Корея, Хитой ва Япониянинг ўз мактаби бор. Айтиш керакки, юртимизда шоличиликни ривожлантиришда мазкур давлатларининг шу йўналишидаги илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, ўтган йили Вьетнам давлатидан шоличилик соҳаси бўйича келган мутахассис Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг тупроқ-иқлим шароитини ўрганиб чиқди ва бу соҳа истиқболлари юзасидан тавсияларини тақдим этди. Вьетнам селекциясига оид 3 та шоли нави Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг тупроқ-иқлим шароитида экиб, синаш ишлари бажарилмоқда.

Хитойликлар ҳам бу борада мамлакатимиз билан тажриба алмашиш ниятида. Хитой Халқ Республикасининг Миллий Шоличилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда институтда “Хитой-Ўзбек қўшма шоличилик тадқиқотлар маркази”ни очиш режалаштирилган. Бу марказда хитойлик ва ўзбекистонлик мутахассислар янги ва серҳосил навларни етиштириш устида бош изланишлар олиб борадилар.

Корея ва Япониядан келтирилган навлар синовда

Маълум бўлишича, Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги “KOPIA” ҳалқаро ташкилоти билан ҳамкорликда “Шоли етиштириш технологиясини механизациялаш йўли билан такомиллаштириш ва юқори ҳосил олиш” мавзусида техник ҳамкорлик лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Бу лойиҳа доирасида “TYM” (Tong Yang Moolsang) компаниясининг RF-48 ва РRO600V русумли кўчат экиш машиналари, махсус пластик кассеталар олиб келинди. Шунингдек, институт ҳудудида шоли кўчатларини ўстиришга мўлжалланган майдони 0,02 гектар бўлган махсус иссиқхона қуриб битказилди. Ҳамкорлик доирасида агросаноат мажмуи соҳасидаги ходимлар, шоличиликка ихтисослашган деҳқон-фермер хўжаликлари раҳбарлари, олий ўқув юрти талаба ва магистрларига намойиш этиш учун кўргазмали дала ўқув семинарлари ўтказилди. 4 нафар институт ходимининг Жанубий Кореяда малака ошириб қайтгани эса соҳадаги катта ютуқлардан бири бўлди. Айни пайтда мазкур давлатдан келтирилган 5 та шоли нави экологик синовлардан ўтказилмоқда.

Кунчиқар мамлакатнинг ҳам бизда қўллаб кўришга арзийдиган ўзига хос технологиялари бор. Япониянинг Токио Қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети профессори билан келишув натижасида

Халқаро шоличилик илмий-тадқиқот институтидан олиб келинган шолининг шўрга чидамли навлари институтнинг вегетация майдонига, кейинчалик далага кўчириб ўтказиш ҳамда янги навларни яратишда ота-оналик шакл сифатида фойдаланиш режалаштирилмоқда. Бир сўз билан айтганда, бободеҳқонларимизнинг шоличиликда тўплаган неча йиллик тажрибаси бугун замонавий билимлар, технологиялар билан бойитилиши соҳа истиқболидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.