Юртимизда карантин ўрнатилгандан сўнг тиббий ниқобларга эҳтиёж ортди. Шу сабаб корхона раҳбарияти ташаббуси билан халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган участка қайта жиҳозланди. Айни пайтда корхонада 50 га яқин чевар томонидан  “Ўзавтосаноат” тизимидаги корхоналар ишчи-хизматчилари учун тиббий ниқоблар, ҳимоя комбинзонлари ва  юз ҳимоя тўсиқлари (шчитлари)  ишлаб чиқариляпти.

— Бугунги талабдан келиб чиқиб корхонамиздаги мавжуд тикувчилик цехида ниқоблар ва ҳимоя комбинзонларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик,— дейди “Ўз-ДонгЯнг Ко” қўшма корхонаси бош директори Азизбек Муҳиддинов. —Натижада барча ходимлар ниқоблар билан тўла таъминланди, бундан ташқари, уларнинг оила-аъзолари ҳам ҳимояланди.

Дастлабки кунларда 20 000 дона тиббий ниқоб тикилган бўлса, ҳозир кунлик ишлаб чиқариш ҳажми 60 000 донага етди. Шу пайтга қадар икки ярим миллиондан ортиқ тиббий ниқоб ва 2 000 дан ортиқ юз ҳимоя анжоми ишлаб чиқарилди. Шундан 250 минг донаси Украинага экспорт қилинди.

Корхонада тайёрланаётган юз ҳимоя тўсиқлари ва ҳимоя комбинзонлари соғлиқни сақлаш тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари, супермаркетлар сотувчилари, кўнгиллилар, қўриқлаш ва курьерлик хизматлари ходимларига мўлжалланган.

Бугунги кунда ушбу ҳимоя воситаларини ишлаб чиқариш қуввати 2000 донадан зиёдни ташкил қилмоқда. Бундан ташқари, мутахассислар қувватларни кунига 10 000 донагача ошириш устида иш олиб бормоқда ва маҳсулотни МДҲ мамлакатларига экспорт қилиш учун бозорлар ўрганиляпти.

Рустамжон ЭШОНОВ