Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Аниқланишича, Шаҳрихон туманида яшовчи 17 ёшли йигит ижтимоий тармоқлар орқали террористик ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузаларни тинглаш оқибатида Суриядаги «Аҳли сунна ва ал жамоа» номли террористик ташкилот таъсирига тушиб қолган.

Ташкилот тарғиботчилари йигит билан алоқада бўлиб турган. Унга турли топшириқлар беришган, жумладан, уйида жамоат тузишни айтишган. Шунингдек, йигит уларнинг топшириғига асосан Instagram`да «Ал-ғариб» номи остида саҳифа очиб, унга «Аҳли сунна ва ал-жамоа» ташкилоти медиа маркази томонидан тайёрланган видео ва аудио материалларни жойлаштирган.

Шу тариқа, у Улуғнор ва Шаҳрихон туманларида яшовчи 16−19 ёшли 13 нафар ёшлардан иборат бўлган «Аҳийлар» номли виртуал жамоатни тузиб, жамоат аъзолари билан жиҳод ва ҳижрат қилиш мавзулари ҳамда халқаро террорчилик ташкилотларнинг даъват ва чақириқларини муҳокама қилиб келган. Улар Сурияга чиқиб кетишни режалаштирган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан олиб борилган тадбирлар натижасида мазкур жамоат фаолиятига чек қўйилиб, 13 нафар ёшларнинг Сурияга чиқиб кетишининг олди олинди, дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан жамоат аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 244−1-моддаси 3-қисми «г» банди (Оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.