Табиатдаги бу ўзгариш кишилар руҳиятига ҳам кўчиб, яхшилик қилиш, ҳол сўраш, дуо олиш каби қадриятларни яна бир бор эсга солади.

Ана шундай кўтаринки кайфият оғуши­да ижодий жамоамиз билан ёши улуғларни йўқлаш, дуоларини олиш ва ўгитларидан баҳраманд бўлиш ниятида йўлга отлан­дик. Зеро, бу нафақат ижодий вазифа, бал­ки қалб эҳтиёжи манбаидир.

Манзилимиз Тошкент вилоятининг Зангиота тумани бўлди. Дарҳақиқат, ҳаёт синовидан ўтган, қадоқ қўли меҳнатда тобланган нуронийлар суҳбатида бўлиш ўзимиз учун ҳам катта маънавий сабоқ ва­зифасини ўтайди. Чунки шукрона ва сабр билан умр кечириш сирлари китоб саҳи­фаларида эмас, айнан шундай табаррук инсонларнинг қалбида мужассам. Улар­нинг сўзида ҳаёт ҳикмати, дуосида эса ба­рака яширин.

Зангиота туманининг Шодлик маҳалласи Иноқ кўчасида истиқомат қилаётган Мавлуда Камолова ана шун­дай онахонлардан. Ая жорий йил 1 ян­варда 101 ёшни қарши олди.

— Рамазоннинг шундай улуғ кунлари­да мени йўқлаб келибсизлар, бошим кўкка етди. Етказганига шукр, тинч ва фаровон замонларга ҳам етиб келдик, — дейди Мавлуда она. — Аслида, доим шундай ёруғ кунларни орзу қилиб, яхши ният билан яшаганман. Бугун юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон; болалар, набираю эва­ралар ардоғида, меҳр-муҳаббат қучоғида яйраб ўтирибмиз. Кўнгилда яхши ният ва шукрона бўлса, ҳар қандай синовни енгиб ўтиш мумкин. Одамзодни турмуш қийин­чилиги эмас, ношукрлик енгади. Шунинг учун нолимай, Худо берган умрни, пешо­нага ёзилган тақдирни, вужуддаги тан­сиҳатликни ва энг асосийси, тирикликни неъмат билиб, борига қаноат қилиб яшай олиш керак.

Онахоннинг сўзларини тинглар экан­миз, қулоғимиз остида ўтмиш қийинчиликларидан нолиш ёки қуруқ панд-насиҳат эмас, балки ҳар бир кунга шукрона туйғу­сининг ички овози янграгандай бўлди.

Тўғриси, 7 фарзанд, 23 невара, 48 эвара ва 16 чеваранинг боши бўлган онахоннинг хонадонига бориш олдидан хаёлимизда турли тасаввурлар уйғонган эди. Негадир биз бораётган хонадон фариштасини жуда кексайган, гапиришга ҳоли етмайдиган буви сифатида кўз олдимизга келтирган­дик. У кишини чарчатиб қўймаймиз, кўп гапга солмаймиз, шунчаки кўриб, ҳол сўраймиз ва дуоларини оламиз деган ўйда эдик.

Гарчи ҳамроҳларимиз онахонни жуда тетик, хотираси мустаҳкам, дея таърифла­ган бўлса-да, барибир қалбимизда бир оз ийманиш аралаш минг битта ўй билан дарвоза ҳатлаб кирган эдик.

Ҳовлига қадам қўйишимиз билан эса тасаввуримиз бутунлай ўзгарди. Бизни 70 дан ошган ва 80 ни қоралаган бир гу­руҳ нуроний самимий табассум билан қар­ши олди. Илк дақиқадаёқ уларни маҳалла фаоллари ва фахрийлари деб ўйладик. Кейин билсак, бу табассумли, кўзида ҳаёт зиёси порлаб турган отахон ва онахонлар Мавлуда аянинг фарзандлари экан.

Онахоннинг тўнғич қизи Малоҳат опа 78, Музайянна опа 76, Муқаддас опа 71, Омонулла ака 70, Дилором опа 66, Са­доқат опа 64, кенжа фарзанди Ғайбулла ака эса 63 ёшда. Уларнинг ўзи ҳам бугун бобо-буви мақомидаги авлод вакиллари. Бироқ улар онасининг ёнида ўзини гўё ёш боладек беғубор ва самимий тутади. Ая­нинг ҳар бир сўзи улар учун ҳануз қонун­дай қадрли экани сезилиб туради.

Фарзандлар болаликда босиб ўтган ҳаёт йўлини эслаб, онахон бошдан кечир­ган қийинчиликлар, турмушнинг оғир си­новлари, яхши ва ёмон кунлари, тўй-танта­налари ҳамда эришган муваффақиятлари ҳақида гоҳ ҳаяжон, гоҳ кўзда ёш билан ҳикоя қилиб берди. Улар ўз сўзида онаси берган тарбия, ўргатган сабоқлар, турли вазиятларда олган дуолари ва насиҳатлари доимо уларга ёрдам берганини фахр ва қу­вонч билан гапиради.

“Ҳой, Зайнаб, нега адаштирасан?”

Суҳбат асносида аянинг иккинчи қизи Зайнаб опадан “Онангизнинг бугун қан­ча невара, эвара ва чеваралари бор?” деб сўрадик.

— Онажонимнинг 40 га яқин невараси бор, — деди у.

Шу пайт онахон қизининг гапини бўл­ди:

— Ҳой Зайнаб, нега адаштирасан? Неварам 23 нафар-ку. Невараларимнинг фақат исмини эмас, балки қай бири қаерда ишлаётгани ва яшаётганини ҳам аниқ ай­тиб бера оламан, — дея уларни бирма-бир санай бошлади. Ая хотирасининг тиниқ­лиги ва ҳисоб-китоби аниқлиги бизни, очиғи, ҳайратга солди. Аслида, бу шунча­ки кучли хотира эмас, балки ўз авлодига юксак меҳр ва эътибор намунаси эди.

Тақдирнинг янги саҳифаси

Асли Тошкент шаҳрининг Ҳазрати Имом маҳалласида вояга етган Мавлуда ая зиёли ва тарбияли оилада камол топган. У пайтларда қиз боланинг таълим олиши ҳар доим ҳам одатий ҳол саналмаган. Аммо унинг ота-онаси замонадан илгарилаб фикр юритарди. Шу боис, улар қизини тиббиёт билим юртига ўқишга қўйган эди.

Урушдан кейинги давр муҳтожлик, етишмовчилик ва танқислик йиллари эди. Оила турмуш тақозоси билан Тошкент вилоятига кўчиб ўтади. Икки йиллик таҳ­силни муваффақиятли тугатган, орзуларга тўла, ҳаёт остонасида турган 19 ёшли қиз учун янги жойда тақдир янги саҳифа оча­ди.

Фронтдан яраланиб қайтган, бир оёғи протезда, бир қўлининг бармоқларини душман ўқи юлиб кетган бўлса-да, иро­даси синмаган Убайдулла исмли жасур йигитнинг оиласидан совчилар кела бошлайди. Агроном бўлиб, ер билан тилла­шиб, ризқ уруғини экиб, ҳаётини қайтадан барпо этишни истаган Убайдулла Камолов ўзидан анча ёши кичик Мавлудани бир кўришдаёқ ёқтириб қолган эди.

Ўшанда Мавлудага отаси “Қизим, бу йигитнинг отаси ҳам ҳалол, меҳнаткаш инсон экан. Минг афсуски, икки ўғли урушда бедарак кетибди. Убайдулла эса оиланинг учинчи фарзанди. Агар бизни рози бўлсин, десанг, шу йигитга турмушга чиқ. Кам бўлмайсан. Чунки ёшгина ҳаёти­ни тинчлик йўлида қурбон қилишга тайёр инсондан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Бундай инсонларнинг қалби меҳрга доимо тўла бўлади”, дея тўғри маслаҳат беради. “Ота рози — Худо рози”, дейишган. Буни яхши англаган ёш Мавлуда эътироз бил­дирмай, розилик беради.

— Урушдан кейинги даврнинг қийин­чиликлари бизни қанчалик қийнамасин, нолимай яшадик. Яримта нонни бутун билиб, бирин-кетин туғилган фарзанд­ларимизни меҳр билан вояга етказишга ҳаракат қилдик, — дея ўтмишни эслайди онахон. — Турмуш ўртоғим туну кун да­ладан бери келмасди. Ўша вақтда колхоз раиси бўлиб ишласа-да, баъзан уйимизда ейиш учун бир тишлам нон ҳам топил­масди. Қора қозонни қайнатиш, рўзғорни оз бўлса-да, тўлдириш илинжида кичик фарзандларимни катталарига ташлаб, ўзим далага ишга чиқиб кетдим. Бу ора­да уруш асоратлари туфайли хўжайиним 56 ёшида оламдан ўтди. Ўшанда энг ки­чигимиз — ўғлим Ғайбулла 10 ёшда эди. Шундан сўнг рўзғорнинг бор оғирлиги ва ташвиши ўзим ҳамда ёшгина фар­зандларимнинг муштдеккина елкаси­га тушди. Ҳаёт турли синовлари билан синаса-да, Яратганнинг ҳифзу ҳимояси сабаб бу машаққатлар қаддимни букиб, иродамизни синдира олмади. Тунлари хира чироқ қаршисида ўтириб, маҳалла аҳлининг кийимларини тикиб бердим, беморларга ҳамширалик қилдим. Кун­дузлари эса фарзандларим билан далада ишлаб, кун оғганида боғимизда боғбон­лик қилдим. Эҳ, у даврнинг машаққат­ли кунларини эслашнинг ўзи ҳам оғир. Айниқса, ёнида суянчиғи йўқ, етти бола билан чирқиллаб қолган мендек бир аёл­нинг ҳолини ҳеч ким сўрамасди. Ота уйимга бориб, кўнглимни ёзиб келай, десам, у ерда ҳам хотиржамлик йўқ эди. Чунки бобомни “босмачи”, “қулоқ” деб олис юртларга сургун қилишганди. Ҳов­лимизда нима бўлса, барини тортиб олиб кетишган, ҳатто бувимнинг бўйнидаги зебигардонларигача юлқиб олишганди.

Шукр, мана, хотиржам ва фаровон замонларга ҳам етиб келдик. Илоҳим, юртимиз доим тинч бўлсин. Ёшлар шу тинч кунларнинг қадрига етсин деб дуо қиламан.

Кечиримлилик ва қаноат

Энг қизиғи, Мавлуда аянинг қисматга муносабати эътиборга лойиқ. Нега дей­сизми? Бир неча йил муқаддам нотўғри қилинган укол сабабли онахоннинг соппа-соғ юриб турган бир оёғи ишламай қол­ган. Бундай ҳолат ҳар қандай инсонни изтиробга солиши, норозилик уйғотиши табиий, албатта. Аммо онахон буни ҳам пешонасига ёзилган қисмат, Яратган­нинг бир синови сифатида қабул қилган. Фарзандлари ва неваралари куйиниб “Бу ноҳақлик-ку, соғлом ҳолингизда юра ол­май қоласизми?” дея ранжиганида онахон “Тана меники, оғриқ ва озор ҳам меники. Қўйинглар, билиб-билмай қилган хатоси учун кимдир жазоланмасин. Бу Худога хуш келмайди”, дебди.

Ҳа, дардини ичига ютиш, айбдорни ке­чира олиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан кела­вермайдиган ва бугун жуда кам учрайди­ган улуғ фазилатлардан.

Шукр қилсанг, баракаси кўпаяди

Онахоннинг 78 ёшли қизи Малоҳат опа ўтмиш саҳифаларини варақлар экан, бун­дай хотирлайди:

— Ўзим журналистман. Ўғлим ҳам журналист. Йиллар давомида халқ орасида юриб, турли тақдир эгалари ҳақида лавҳа­лар тайёрладим. Аммо негадир онам ҳақи­да бирорта ҳам лавҳа тайёрламабман. Бу юрагимда армон бўлиб қолган эди. Минг шукр, мана сизлар йўқлаб келибсиз. Бу­нинг учун миннатдорлик билдираман.

Онам деярли барчамизни бир ўзи ўқи­тиб, вояга етказишга ҳаракат қилди. Да­ладаги экин-тикинни суғоришдан тортиб, йиғиб-териб олишгача — барчаси онам ва биз, фарзандларнинг зиммасида эди. Кун бўйи қилган қора меҳнатимиз эвази­га баъзан бир коса атала ва бир бурда нон билан қаноат қилган кунларимиз кўп бўл­ган. Онамиз ҳеч қачон ҳаётдан нолимай, “Шукр қилсанг, баракаси кўпаяди”, дерди. Биз доим яхши кунларга ишониб яшардик. Минг шукр, шундай ёруғ кунларни шу обод диёрда онажоним билан бирга кўриб турибмиз.

Мавлуда она фарзандларига нафақат ҳалол ризқ топиш, балки шукрона, қано­ат ва матонат дарсларини ҳам ўргатган ва уқтирган. Шу боис, бугун уларнинг ҳар бири ўз йўлини топган баркамол инсонлар бўлиб етишди. Биз бу хонадонда қийинчи­ликлар ичида ўсган авлоддан шикоят эши­тишни эмас, балки меҳнат орқали келади­ган шукроналикни ўрганган инсонларнинг ҳаётий ибратларини тингладик.

Навбатдаги манзил

Навбатдаги манзилимиз мазкур ту­маннинг Форобий маҳалласи бўлди. Маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси ҳамроҳлигида Қиргузар кўчасида ис­тиқомат қилувчи 103 ёшли онахон Асия Баширова хонадонига йўл олдик.

Маҳалла раиси йўл-йўлакай кекса ав­лод вакилларининг борлиги нафақат ўша хонадоннинг, балки бутун маҳалланинг файзу баракаси эканини, “Қариси бор уй­нинг париси бор” деган халқ мақоли бежиз айтилмаганини таъкидлаб борди.

Хонадон дарвозаси олдида бизни Асия онанинг 76 ёшли ўғли Борис ака ва ра­фиқаси кутиб олиб, онахон ўтирган хона­га бошлаб кирди. Шинамгина уйнинг бир бурчагидаги диванда ўтирган, жуссаси кичкинагина бўлиб қолган онахон билан кўришар эканмиз, қалбимизда унга ҳурмат туйғуси уйғонди.

Асия она ҳам Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги йилларнинг машаққатини турмуш ўртоғи Маъсуд Баширов билан елкадош бўлиб енгиб ўтган. Ҳарбий соҳа­да фаолият юритган умр йўлдоши билан борчилик ва йўқчиликни, синов ва сабр­ни биргаликда бошдан кечирган. Уч фар­зандни тарбияли, ўқимишли ва элга нафи тегадиган инсонлар қилиб вояга етказган. Онахоннинг ўзи узоқ йиллар давомида тиббиёт соҳасида меҳнат қилган. Бугун у йигирмадан зиёд невара, ўндан зиёд эвара ва чевараларнинг меҳрибон бувиси.

— Турмуш ўртоғим 49 ёшида юрак ху­ружидан вафот этди, — дея эслайди она­хон. — Бир-биримизга суяниб, фарзандлар ва набираларнинг роҳатини бирга кўра­миз, деб ният қилар эдик. Аммо тақдир экан... Фарзандларим отасининг касбини давом эттириб, ҳарбийликни танлади ва она Ватанга садоқат билан хизмат қилиб кам бўлмади. Шукрки, бугун уларнинг роҳатини, юртимиздаги тинчлик ва тўкин­ликни, биз — қарияларга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиромни кўриб, эл эъзозида яша­япман.

Онахоннинг ўғли Борис ака ва келини Раиса опа ҳам 5 фарзанд ҳамда бир қучоқ невара-эваралар даврасида 56 йилдан буён аҳил-иноқ умргузаронлик қилиб келаётган намунали оила вакиллари экан.

Бугун Зангиота туманида 4 нафар, бутун Тошкент вилоятида эса 100 ёшдан ошган 43 онахон борлиги, тўғриси, бизни мамнун этди. Янгиланиш ва яшариш фасли бўл­миш баҳор арафасида асрга тенг умр соҳи­балари билан бўлган суҳбатлар қалбимизга нур, кўнглимизга таскин бағишлади. Ушбу сафаримиз нафақат ижодий вазифа, балки одамийлик сабоғи бўлди.

Зеро, халқимиз доимо нуронийларни эъзозлаб, уларнинг ҳолидан хабар олишни ва дуоларидан баҳраманд бўлишни бурч деб билган. Инчунин, шукроналик, сабр, қаноат ва яхши ният инсонни комиллик­ка етакловчи энг олий фазилатлар экани, нуронийларимизнинг борлиги хонадонда фақатгина кексаликни эмас, балки ҳаётга муҳаббатни, сабрни, қаноатни ва шукро­налик ҳиссини кучайтиришини яна бир бор кўрдик.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири