Хабарингиз бор, мактаб дарсликларини қайта кўриб чиқиш ва ўқувчилар табиатига мос равишда ишлаб чиқиш масаласи жиддий кўриб чиқилмоқда. Аммо, тан олиш керак, бу ислоҳотларнинг туб моҳиятини барча ҳам англаб етмаяпти. Ҳатто ўқитувчиларнинг орасида ҳам тушунмовчилик кайфияти кезиб юрибди. Бугун шу ҳақда бироз гаплашишга қарор қилдик.

Бир неча йил олдин журналимизда (“Жажжи академик” журнали) “Тилга эътибор – элга эътибор” номли саҳифа очиб, унда она тилидан қизиқарли, дарсликлардан фарқ қилувчи машқлар ва топшириқлар бериб боришга жазм қилдик. Мактаб дасрликларидаги кўр-кўрона ёд олишга қаратилган қоидабозлик, грамматикага асосланган ўқитиш усули бизни қониқтирмасди. Гўёки бола тилни эмас, унинг қонуниятларни билишга, ёд олишга мажбур эди.

Ўшанда бу саҳифани бирор мутахассисга топширишга қарор қилиб, бошқалардан айрича фикрлайдиган педагог-тилчиларни қидира бошладик. Тавсия қилинган энг яхши номзодлар билан ишлай бошладик. Лекин уларнинг айримлари мақсадимизни тушунмас, қоидабозликка асосланган зерикарли ишланмаларини кўтариб келаверишарди. Бир куни шундай ўқитувчиларнинг бири билан суҳбатлашиб қолдим:

— Кечирасиз, мана 2-синф Она тили дарслигини олинг. “Жарангли ва жарангсиз ундошлар” мавзусида берилган қоида бир саҳифани тўлдириб турибди. Айтинг-чи, шуни 8 ёшли бола ҳазм қила оладими? Умуман, жарангли ва жарангсиз ундошларни қоидаси билан билиш болага нима беради? – сўрадим мен. 

— Бу нима деганингиз?! Ахир, бу саводхонлик учун зарур!

— Ҳа, ўлманг, саводхонлик муҳим. Лекин бола сўзлашувда айрим

товушлар “п” айтилгани билан, ёзма нутқда “б” ёзилишини тушуниб олиши учун “жарангли” ёки “жарангсиз” деган терминларни билиши, шунга боғлиқ мураккаб қоидаларни ёд олиши шартми? Бу каби саводхонлик малакаларини муайян матн ва машқ, шу жумладан, ўқитувчининг содда тушунтиришлари асосида ҳам шакллантириш мумкиндир!

— Қоида ҳам керакда, қоидани ёдламаса эртага ўқишга кира олмайди! — наҳот шуни ҳам билмасанг дегандек жиғибийрон бўлди мутахассис.

Барини тушунгандек бўлдим. Ҳар ҳолда, мен кўраётган катта мантиқсизлик учун асосли, ягона жавоб эди бу. Демак, биз болага ўз она тильдан самарали фойдаланишни эмас, ДТМ тестларини қандай ечишни ўргатар эканмиз. Дарвоқе, болалар буни ёмон ўзлаштирмаяпти. Олий таълим муассасаларига кириш синовларидаги балларни қаранг. Дарсликлар асосида тузилган ўта қийин тестларни абитуриентларимиз осонликча ечишмоқда ва бу малака йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Аммо кейин-чи? Ёшларимизнинг миллий тилимиз билан боғлиқ кейинги ҳаёти қандай кечди? Афсуски, мактабларда она тили дарсларига энг кўп соат ажратилишига қарамай ёшлар саводсиз бўлиб қолишди. Ўзлари мустақил кичикроқ мақола ёзиш тугул, илмий-оммабоп мақолаларни тушунишда, ўзлаштиришда қийинчиликларга дуч кела бошладилар. Аксар ёшлар ўзбек тилида ўз фикрини равон, эркин етказишни билмайдилар. Чунки биз мактабларда тилни амалий жиҳатдан ўргатмаймиз. Зеро, олдимизга қўйилган мақсаднинг ўзи тўғри эмас!

Шу сабаб бўлдию хорижликлар она тилини қандай ўргатаркан, деган савол бизни қийнай бошлади. Иш жараёнида инглиз, фин, турк мактабларида она тилини ўқитиш методологияси ўрганилди. Маълум бўлдики, уларда ёндашув бутунлай бошқача экан.

Жаҳон тажрибасига кўра, она тилини ўқитиш болада тилга доир тўрт кўникмани шакллантиришга қаратилади. Яъни ўқиб тушуниш, тинглаб тушуниш, нутқ сўзлаш ва ёзиш кўникмаларини яхши ўзлаштирган ўқувчи она тилини билувчи шахс сифатида шаклланган ҳисобланади. Бунда, асосан, тил қонуниятлари эмас, балки кўпроқ тилнинг амалий жиҳатлари ўргатилади. Бу тизимнинг ўзига хослиги шундаки, унда Она тили фанига шунчаки ўқув предмети сифатида қаралмайди. Тил бутун борлиқни: табиатни, жамиятни, фанларни, ўзликни англаш ва ўрганиш воситасига айлантирилади. Ўқувчи Она тили фанини ўзлаштириш жараёнида, уни турли ижтимоий муносабатларда қўллашни ўрганади. Математика, физика, кимё, биология, география, иқтисод, сиёсат, жамиятшунослик каби фанларни ўзлаштиришда тил омилини ҳис қилади. Эртага ўзи муайян соҳа мутахассисига айланганида мактабда олган билимлари эвазига ўзбек тилида иш юритишга, нутқ сўзлашга, мақола ёзишга, муҳими, теран фикрлашга қийналмайди.

Агар биз хорижий тажрибани ўрганиб, ундан миллий тилимизга ва мавжуд шарт-шароитларга мос жиҳатларини ўзлаштирар эканмиз, табиийки, фан предметлариаро муайян структурал ўзгаришлар қилишга ҳам мажбурмиз. Акс ҳолда қилинаётган ўзгаришлардан маъни бўлмайди. Яъни тил ўқитишдаги пировард мақсадимиз ўзгараркан, анъанавий фан тузилмаларида ўзгаришлар бўлиши тайин. Шу жумладан, бошланғич синфлардаги Ўқиш ва Она тили фанининг бирлаштирилиши ҳам олдимизга қўйилган мақсад ҳосиласидир.

Демак, биз энди болаларимизга фақат ўқишга кириши, тестни яхши ечиши учун она тилини ўргатмаймиз. Энди мактабда олинган билимлар тест синовларидан муваффақиятли ўтгандан кейин кераксиз бўлиб қолмайди. Сабаби биз болаларни Она тили фани воситасида катта ҳаётга тайёрлаймиз. Олдига бирор намуна қўйилмагунича ариза ёза олмайдиган, кичикроқ тадбир ёки маросимда тўртта гапни бир-бирига боғлаб нутқ сўзлай олмайдиган авлодни етиштириш бизнинг мақсадимиз эмас! Шундай экан, она тили дарсликларимиз турли грамматик қоидалардан имкон қадар тозаланади, “Маънодош сўзлар”, “Гапда сўзларнинг боғланиши”, “Феъл кесим ва от кесим”, “Эга эргаш гапли қўшма гаплар” ва шу каби каби мавзулар бўлмайди. Ўқувчилар кўпроқ матн билан ишлайди. Энди мавзулар тилнинг муайян ижтимоий вазиятларда қўлланилиши нуқтаи назаридан танланади.  

Масалан, “Навбатда туришни биласизми?”, “Ой Ердан каттами?” “Жамоат транспортлари”, “Сўзни топиб ишлатинг”, “Ўзим харид қиламан», “Жамғарма пулларим”, “Дастурчилик қандай касб?”, “Ҳуқуқшунос – ҳуқуқ посбони”, “Менинг биринчи бизнес лойиҳам”, “Нобел мукофоти”, “Баҳслашганда ҳурмат қил”, “Ўзбекчаси бор-ку?!”, “Сайёҳларга гидлик қилсам-чи?”, “Оқ саройга битилган ҳикмат”, “Туризм иқтисодимиз таянчи”, “Менинг блог постларим”, “Муқобил энергия”, “Мактаб газетасининг муҳаррири”, “Диққат, коррупция!”, “Нанотехнологиялар”, “Ижтимоий тармоқлар”, “Замонамиз қаҳрамонлари” каби мавзулар янги дастурдан ўрин олган. Дарсликларда шу мавзулар доирасида турли матнлар, диалоглар, шеърлар берилади. Матн остида берилган топшириқ ва машқлар асосида эса бола тил грамматикасига доир кўникмаларни эгаллаб боради. Ҳа, эътибор қилинг, дарсликларимиз грамматик қоидалардан ҳоли бўлиши, бола турли қоидаларни ёд олишга мажбурланмаслиги мумкин. Лекин грамматик кўникмалар ўз ўрнида қолади. Янги дастурда шу кунга қадар мавжуд бўлган грамматик кўникмаларнинг деярли бари сақлаб қолинган. Шунчаки, энди бу қоидалар амалий жиҳатдан ўргатилади. Уларнинг шаклига эмас, мазмунига урғу берилади. Шунга мувофиқ, келажакда ДТМ тестларининг баҳолаш мезонлари ҳам ўзгаради.

Хўш, энди юқоридагилардан келиб чиқиб мулоҳаза қилайлик-чи. Янги ёндашувга кўра, она тили дарсликлари ўзгарса, турли қоидалар ўрнига кўпроқ матнлар билан ишланса, шу фан доирасида болада ўқиб тушуниш кўникмаси ҳам ривожлантирилса, унда ўқиш фани нега керак? Қайтага, ўқиш ва она тили фанларини қўшиб юбориб, бир матн асосида, ҳам ўқиш фанига доир, ҳам она тилига доир кўникмаларни узвий олиб бориш самаралироқ эмасми?

Бола ҳозиргина ўқиган матнидан таъсирланиб турган, ҳали тасаввурлари совиб улгурмаган вақтда шу матн билан боғлиқ она тилига доир машқ ва топшириқларни бериш бутун дунё тажрибасида бор. Яъни ривожланган давлатларнинг таълим тизимида она тили ва ўқиш фанлари бир-биридан ажратилмайди. Зеро бу икки фаннинг мақсад ва вазифаси деярли бир хил. Бундан ташқари, бизда ҳар икки фандан ҳам битта ўқитувчи дарс ўтади. Дарс соатлари бирлашса, умумий соат юкламасига, асосийси, ўқитувчининг маошига таъсир этмаса, бу болаларимиз келажаги учун фақат фойда-ку! Яна жорий йилдан киритилган Тарбия фани ҳам моҳиятан амалдаги Ўқиш фанига хос вазифаларни бажаради. Бу янги дарсликда ҳам дидактик руҳдаги ҳикоя ва эртаклар, шеърлар бериб борилади.

Шундай экан, хавотирга ўрин йўқ. Ҳозир амалга оширилаётган ўзгаришлар фақат бугунги куннинг меваси эмас. Ўтган ўн йиллар давомида грамматикага асосланган она тили фанининг самарасиз эканлиги, тил ўқитишдаги ёндашувни ўзгартириш кераклиги ҳақида замонамизнинг етук тилшунослари, педагоглари матбуотда кўплаб чиқишлар қилишган. Айниқса, профессор Бахтиёр Менглиевнинг “Маърифат” газетасида қилган чиқишларини янгича ёндашувга ўтиш учун дастлабки ҳаракатлардан бўлган дейиш мумкин. Янги дастур, янги фан, янги дарсликлар мавжуд ҳолатимиз, ўтган йиллар давомида таълимда йўл қўйилган хатоларни чуқур таҳлил қилинган ҳолда, хорижлик ва ўзимизнинг мутахассислар, амалиётчи ўқитувчилар иштирокида яратилмоқда. Асосийси, олдимизга қўйилган мақсад тўғри.

Саъдулло ҚУРОНОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори