Аввало, ҳомиладор аёлларга тўлиқсиз иш вақти белгиланиши мумкин. Бу уларнинг илтимосига кўра ёки тиббий хулоса асосида амалга оширилади.

Шунингдек, меҳнат таътилларини бериш навбатида ҳам ҳомиладор ва бола туққан аёлларга имтиёз берилади. Улар ўз хоҳишига кўра йиллик меҳнат таътилидан “декрет” таътилидан олдин ёки кейин фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ҳомиладор аёлларга антенатал (туғруққа қадар) тиббий кўриклардан ўтиш учун қўшимча бўш кунлар берилади. Бунда уларнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади. Бу кунларнинг тартиби ва муддатлари Ҳукумат томонидан белгиланади.

Меҳнат кодексига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳам белгиланган бўлиб, у:

  • туғруққача 70 календарь кун,
  • туғруқдан кейин 56 календарь кундан иборат.

Болани овқатлантириш учун ҳам қўшимча танаффуслар берилади. 2 ёшга тўлмаган боласи бор ота-онанинг бирига камида ҳар 3 соатда, ҳар бири 30 дақиқадан кам бўлмаган танаффус ажратилади. Ушбу танаффуслар иш кунининг бошига ёки охирига қўшиб берилиши ҳам мумкин.

Қонунчиликка мувофиқ қуйидагилар тақиқланади:

  • ҳомиладорлиги сабабли ишга қабул қилишни рад этиш;
  • ҳомиладор аёлларни йиллик меҳнат таътилидан чақириб олиш;
  • ҳомиладор аёллар билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббуси билан бекор қилиш.

Ушбу нормалар аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар учун қулай меҳнат шароитларини таъминлашга хизмат қилади.