Ҳар қандай мамлакатнинг тараққиёти илм-фан ва таълимга қаратилган эътибор, яратилган шароит ҳамда ушбу соҳаларга ажратилаётган сармояга боғлиқ. Буни ҳар соҳада юксак даражага етган Жанубий Корея, Япония, Сингапур сингари кўплаб давлатлар тажрибаси ҳам кўрсатиб турибди. Бугунги кунда юртимизда таълим, илм-фан соҳасига қаратилаётган юксак эътибор замирида ҳам айни шу ҳақиқатлар турибди. Зеро, мамлакатнинг келгусидаги равнақи, тараққиёт йўли бевосита бу соҳалардаги ютуқлар билан боғлиқ.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатида фаолият бошлаган вақтидаги илк учрашуви ҳам айнан илм-фан соҳаси вакиллари бўлмиш олимлар ва академиклар билан бўлганини алоҳида қайд этиш даркор. Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан барча соҳа сингари таълим тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, олий таълимга ёшларни қамраб олиш кўлами бир неча баробар кенгайтирилди. Ўқитишнинг сиртқи, кечки, масофавий шакллари жорий этилди.
Таълимдаги ислоҳотларни биргина Сурхондарё вилояти мисолида таҳлил қилсак. Бундан 5 йил олдин воҳада фақат Термиз давлат университети мавжуд бўлган. Қабул квотасининг камлиги, битта олий ўқув юрти эҳтиёжни тўла қамраб ололмаслиги сабабли кўплаб ёшлар илм олиш учун пойтахтга кетар эди. Воҳа зиёлилари, минглаб ота-оналар Сурхондарёда ҳам яна бошқа олий ўқув юртлари очилишини орзу қилган.
Президентимизнинг ташаббуси ўлароқ, қисқа муддатда бир қатор ОТМлар ташкил этилди. Aйни пайтда воҳада 6 та олий ўқув юрти фаолият кўрсатмоқда. Бу бўлғуси талабалар, ёшларимиз учун катта имконият, десак муболаға бўлмайди. Яна бир ислоҳот профессор-ўқитувчиларга яратилаётган кенг шароитлардир. Уларнинг маоши ўртача 3,5 баробар оширилди — 3 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача. Қолаверса, илмий даражага эга бўлганларнинг фаолиятига қараб, қўшимча 30 ва 60 фоизгача устамалар бериш тартибининг жорий қилинганини ҳам эътироф этиш лозим.
Шунингдек, соҳадаги энг муҳим ислоҳотлардан бири сифатида ОТМга қабул жараёнларининг онлайн ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш керак. Тест ва ижодий имтиҳонлар олиш тартиби янада шаффофлашди. Ўқишни кўчириш ва тиклаш жараёни ҳам онлайн бўлиб ўтмоқда. Бу ота-оналар, талабалар учун қулай имконият яратиш билан бирга, ортиқча сарф-харажат, сарсонгарчилик ва қоғозбозликлардан халос бўлишни таъминлади.
Асосийси, бу жараёнларда инсон омили иштирок этмайди. Абитуриент смартфони орқали исталган жойда туриб ариза топшира олади. Президентимизнинг шу йил 15 июндаги “Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида 2022/2023 ўқув йили учун магистратурага қабул ҳамда ўқишни кўчиришда янги тартиб жорий қилинди.
Унга кўра, давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул абитуриентнинг бакалавриат диплом бали ўртача кўрсаткичи ҳамда хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат бали асосида, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади ҳамда қўшимча имтиҳон ўтказилмайди.
Шунингдек, давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул бир йилда икки марта — август ва январь ойларида ташкил этилади. Юқоридаги қарор билан давлат олий таълим муассасасининг биридан бошқасига талабалар ўқишини кўчиришга рухсат бериладиган ҳолатларга ҳам ойдинлик киритилди.
Ушбу тартиб жорий қилингач, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Улар орасида бу тартибни қўллаб-қувватловчилар ҳам, унга эътироз билдирувчилар ҳам бор. Албатта, ҳар қандай ислоҳот, ўзгаришларни жамият бирдан қабул қилиши қийин. Бу муайян вақт талаб этади. Ҳар бир соҳада дунё илм-фанининг сўнгги янгиликларидан хабардор кадрларга талаб юқори. Бунинг учун эса хорижий тилларни талаб даражасида билиш муҳим аҳамият касб этади.
Магистр бевосита илмий изланишларида халқаро илм-фандаги сўнгги натижалардан фойдаланиши учун хорижий тиллардан камида биттасини мукаммал билиши лозим. Қолаверса, хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат бали ва бакалавр диплом балининг ўртачаси ўқишга қабул қилишга асос бўлади. Яъни талабгор ҳеч қандай имтиҳонга кирмайди. Бу эса ўқишга қабул қилишда очиқлик, адолат, шаффофликни таъминлайди, инсон омили иштирок этмайди.
Энг муҳими, соҳада жамиятимизда энг катта иллат бўлган коррупцияга чек қўйилди. Шу маънода, 2022/2023 ўқув йилида Термиз давлат университетининг магист ратура босқичига 109 нафар номзод ҳужжат топширди. Шундан 76 нафари ўқишга қабул қилинди. Бу жараёнда янги тартиб бўйича ҳеч қандай имтиҳон ўтказилмади. Номзодларнинг хорижий тилларни билиш бўйича халқаро сертификати ва бакалавр диплом балларининг ўртачаси асос қилиб олинди. Январь ойиг ача талабгорларга яна имконият бор.
Хорижий тиллар бўйича яна синовларда иштирок этиб, халқаро сертификат олиб, ҳужжат топширишлари мумкин. Хориждан ўқишини кўчириш бўйича эса 2946 та ҳужжат қабул қилинди. Бу абитуриентларнинг тест имтиҳонлари ҳам ДТМ томонидан ўтказилди. Коррупция балоси тараққиётимизнинг кушандаси бўлиб келмоқда. Йиллар давомида бу иллат авж олиб, усиз бирон ишимиз битмайдиган даражага етиб қолди. Бунинг гуноҳ экани ҳам унутилди.
Зеро, муқаддас динимизда, аллома ва мутафаккирларимизнинг асарларида пора ҳаром қилингани ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Аммо шу ҳолатларни кўра-била туриб ҳам айрим абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари фирибгарларнинг алдовига учиб қолмоқда.
Қарс икки қўлдан чиқади. Буни англамаслик, тан олмаслик жамиятимизда коррупция балосидан буткул қутулишга халал беради. Фарзандининг билими, интилиши яхши, репетиторга қатнайди, шундай бўлса-да, айрим ота-оналар қинғир йўлларни қидира бошлайди. Кимнингдир алдовига, фирибига учраб, кейин ўзини жабрдийда кўрсатиб юради. Хулоса шуки, коррупцияга қарши ҳар биримиз, кенг жамоатчилик ҳамжиҳат курашсагина ижобий натижага тезроқ эришамиз.