Президентимиз Шавкат Мирзиёев миллий кино санъати ва киноиндустриямизни ривожлантириш борасидаги маърузаларидан бирида шундай деган эди: “Биз буюк халқимизни улуғламоқчи, Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этмоқчи эканмиз, бу ишни биринчи навбатда кино санъати ёрдамида амалга оширишимиз керак. Айнан кино санъати орқали жаҳон экранларини забт этишимиз, шу йўл билан дунё аҳлининг диққат-эътиборини қозонишимиз мумкин. Бунинг учун яна бир бор куч ва имкониятлар, ижодий салоҳиятни ишга солишимиз керак”.

Бугунги кунда катта тайёргарлик билан яратилаётган миллий фильмларимизнинг барчаси ҳам кўнглимизни тўлдиряптими? Ўзбек кинематографиясидаги мавжуд ижодий куч ва салоҳиятни янада ошириш учун нималар қилмоқ лозим? Республикамиз бўйлаб “Ўзбеккино” МА томонидан ўтказилаётган киноҳафталикда айни саволлар атрофида жиддий мулоҳазалар ўртага ташланмоқда. Муҳокамалар чоғида тадбиркор, кинопродюсер Зафар ЙЎЛДОШЕВ билан суҳбатлашдик.

— Фильмографиянгизга назар ташласак, эътиборимиз ва меҳримизни қозонган фильмлар анчагина экан. Бу, албатта, сизнинг ютуғингиз. Шу кунгача ўн бешдан ортиқ киноасарга продюсерлик қилдингиз. Фильм сценарийси ва ижодий жамоа ни танлашда нималарга эътибор берасиз?

Фильм муваффақияти бу бир кишининг ютуғи эмас, албатта. Ютуқ ҳам, мағлубият ҳам бутун ижодий жамоаники бўлади. Кино — жамоа бўлиб ижод қилинадиган санъат тури. Бунда бирдамлик муҳим хусусият ҳисобланади. Продюсер ижодий жамоага барча шарт­шароитни яратиб беришга масъул. Кино соҳасида фаолият бош лаганимга ўн йилдан ошди. Бу кўп муддат эмас, лекин минг шукрки, шу қисқа вақт ичида халқимиз қалбидан жой олган кўплаб фильмларни яратишга муваффақ бўлдик. Сценарий танлаётганда асосий эътиборни — халқимизга ёқадиган, тарбиявий аҳамиятга эга, ғояси кучли, санъат нуқтаи назаридан ҳам савияли сценарийларга қаратаман. Кейинги жараёнда шу сценарийни фильмга айлантириш учун бор кучим билан ҳаракат қиламан. Ижодий жамоани асосан режиссёр шакллантиради. Ҳозирда биз тарихий фильмлар ишлаш мобайнида катта бир ижодий жамоа йиғдик. Жамоамизда асосан ёш кадрлар кўп. Чунки ёшлар эртанги кинонинг эгалари. Уларнинг тажрибаси ошиб бораверса, яқин вақт ичида Голливуд фильмларидан қолишмайдиган асарлар бизда ҳам яратилишига ишонаман.

– Продюсер ҳақида гап кетганида фақат фильм ортидан келадиган даромад ҳақида қайғурадиган инсон гавдаланади кўз ўнгимизда. Лекин ижтимоий тармоқдаги саҳифангизни кузатиб сиз “ижодкор продюсер” эканлигингизга гувоҳ бўлдим. Айниқса, тарихий фильмлар яратиш борасида куюнчаклик билан билдирган мулоҳазаларингиз эътиборимни тортди. “Исломхўжа”, “Илҳақ”, “Элпарвар” ва “Ибрат” фильмларидан ўзингиз кутган маънавий ва моддий натижани олдингизми?

Продюсерликнинг моҳияти гўёки бирор ишга пул тикиб, ундан фойда кўриш бўлиб туюлади. Лекин бу жараён фақат шахсий манфаатлар устига қурилмайди. Шахсан ўзим кино жараёнининг ичида юриб, ундаги муаммоларни, ютуқларни кузатаман, таҳлил қиламан. Бу борадаги фикрларимни ижтимоий тармоқларда улашиб боришим керак, деган фикрга келдим ва ўз мулоҳазаларимни вақти­вақти билан саҳифамда бериб боряпман. Чет эллик машҳур продюсерлар шунчаки тадбиркор ёки юқори даромадли инсонлар эмас. Улар кинони ниҳоятда чуқур тушунадиган, фильмнинг муваффақияти, томошабин эътиборини қозониши учун қандай йўл тутиш кераклигини таҳлил қила оладиган инсонлар. Қолаверса, гигант кинокомпаниялар сони кўпайиб бормоқда ва бу жараён кучли рақобат муҳитини келтириб чиқаради. Продюсерлар режиссёрнинг ижодий маҳсулотини шу рақобат муҳитида етакчиликка чиқариш учун ҳаракат қилишади. Улар муттасил ўз устида ишлашади. Бизда бу жараён энди бошланган. Шуни унутмаслик керакки, бирданига Голливуд даражасига чиқиб бўлмайди. Биз фильмларимиз орқали бутун дунёга ўзбек деган халқнинг ўтмишини, аждодларини, миллий ўзига хослигини кўрсатишимиз керак. Асосий мақсадимиз деб шуни биламан. Қолаверса, ёш ижодкорларни кўпроқ қўллаб­қувватлашга ҳаракат қиламан. Чунки ёшлар — эртанги келажагимиз. Ёш режиссёрларни юзага чиқариш, уларга кўмак беришни продюсер сифатида бурчим деб биламан.

— 2018 йили ижодий жамоангиз билан Голливуднинг Paramount picture, Los Angelas film school, New York film academy каби гигант кинокомпаниялари, киноа кадемияларида бўлиб, уларнинг тажрибасини, ишлаш жараёнларини ўрганган экансиз. Бу кинокомпанияларнинг ўзбек кинематографиясидан фарқ қилувчи қайси жиҳатларини айтиб ўта оласиз? Келгусидаги маҳорат алмашинуви қайси давлатларда бўлиб ўтади?

– Бу кинокомпанияларга нафақат тажриба алмашиш, балки, улар билан ҳамкорлик қилиш мақсадида ҳам боргандик. Ижодий жамоамизда кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов, кинооператор Жаҳонгир Ибрагимов ва бошқа ижодкорлар бор эди. Голливуд бу даражага бирданига чиқиб қолгани йўқ. Йиллар сайин тўпланган тажрибалар бунинг бош омили деб биламан. Кадрлар масаласи ҳақида айтсам, бизда ҳам кучли мутахассислар бор. Америка кинокомпания ларининг энг катта ютуғи улар фильмга катта маблағ тикишади. Хоҳлаймизми­йўқми, яхши фильм катта маблағ талаб қилади. Биз улар билан ҳамкорлик масалаларини келишиб олдик. Режамизга кўра, буюк аждодларимиз, жадидл аримиз, тарихий қаҳрамонларимиз ҳақида бадиий­публицист ик фильмлар олмоқчи эдик. Пандемия туфайли бу режаларимиз бироз кечикди. Келгусида ушбу ниятни амалга оширмоқчимиз.

— Сиз тадбиркор, продюсер бўлиш билан бирга Халқ депутатлари Бектемир туман кенгаши депутатисиз. Жорий йилда Президентимиз томонидан “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан ҳам тақдирландингиз. Зиммангиздаги ижодий жараён масъулиятидан ортиб одамларни рози қила оладиган депутат бўлишга ҳаракат қилаётганингиздан хурсандмиз. Келгусида яна қандай лойиҳаларни амалга ошириш ниятидасиз?

 — Халқ менга ишонч билдириб, депутатликка сайлаган. Албатта, уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиляпман. Бу менинг халқимиз олдида, давлатимиз олдидаги бурчим. Ҳали муаммолар кўп, тан оламан. Бектемир туманида жойлашган сайлгоҳ ҳамда туман маданият саройи тўлиқ қайта таъмирланишига қўлимдан келганича моддий кўмак бердим. Чунки халқнинг иқтисодий тўқлиги ўз йўлига, аввал, маънан тўқ бўлиши керак деб ҳисоблайман. Шу билан бирга туманда истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларга беғараз ёрдам қилишга ҳаракат қиламан. Ўзим депутатлик қилаётган маҳаллада фуқаролар қабулларини ўтказиб, маҳалладаги муаммолар ва мурожаатларнинг ижобий ҳал қилинишига ҳаракат қиляпман. Ҳамиша менга овоз берганларнинг ишончи олдида катта масъулиятни сезиб тураман.

  Бугун атроф­муҳитни, табиатни асраб­ авайлаш нечоғлик муҳим эканини пандемия ҳам бизга яна бир эслатди. Яқинда “Юртимизни яшил ҳудудга айлантирайлик!” шиори остида кўчатлар экиш акцияси ўтказилди. Биз шу каби эзгу ишларни амалга оширсак, жойлардаги муаммоларга бефарқ қарамасак, уларни ечишга уринсак, шундагина депутат сифатида бизга ишонч билдирган инсонларнинг олдидаги бурчни бажарган бўламиз.

— Пандемия барча соҳалар сингари кинематография учун ҳам қатор ноқулайликларни туғдирди. Бутун дунёда кинотеатрлар маълум муддат ёпиб қўйилди, кино ишлаш жараёнлари ҳам тўхтатилди. Келгусида кинотеатрларнинг тақдири нима бўлади, бу борада аниқ бир фикр айтиш қийин. Лекин барибир онлайн платформалар кўпроқ харидоргир бўлиши ҳақиқатга айланиб бормоқда. Фильмларнинг муаллифлик ҳуқуқини мустаҳкамлаш ва ўзимизда ҳам онлайн-кинотеатрларни яратиш учун нималар қилиш зарур деб биласиз?

– Тўғри, пандемия ҳамма соҳага ўз таъсирини ўтказди, жумладан, кинематография соҳаси ҳам бундан четда қолгани йўқ. Фақат Ўзбекистонда эмас, бутун дунёда кино ишлаб чиқариш жараёни тўхтаб қолди, кинотеатрлар ёпилди. Лекин бундан онлайн­кинотеатрлар ва стриминг хизматлари кўпроқ фойда қилди. Бизда эса, афсуски, стриминг хизматлари ҳали ташкил қилинмаган. Дунё да ҳам стриминг хизматлари кўп эмас. МДҲ мамлакатлари эса асосан KinoPoisk.ru, Ivi.ru каби платформалар орқали фильмларни томоша қилишади. Бизда бу каби платформалар ҳам яхши шакллантирилмаган. Фильмларнинг муаллифлик ҳуқуқи масаласи энг оғир муаммоларимиздан бири. Телеканаллар ҳам муаллифлик ҳуқуқига эътибор беравермайди. Шу ва бошқа сабаблар ўзи оғир аҳволда бўлган кинотеатрларимизни янада қийин вазиятга солиб қўйди. Бугун кинони кинотеатрдан эмас, онлайн­кинотеатрлардан кўриш қулайроқ бўлиб қолди. Бизда эса онлайн­кинотеатрлар йўқ. Ўзимизнинг фильмлар учун You Tube тармоғи бор, холос. Лекин дунё тажрибасига қарасак, улар фильмларни You Tube тармоғига жойламайди. Чунки прокат масаласи бор. Юртимизда ҳам онлайн­кинотеатрлар, стриминг хизматларини йўлга қўйиш керак. Ҳозирги пайтда Netflix, Disney+, Amazon Prime Video, Hulu, Apple TV+, Peacock каби стриминг хизматлари ниҳоятда катта аудиторияга эга бўлиб бормоқда. Уларнинг тажрибасини ўрганишимиз ва ўзимизнинг онлайн­кинотеатрларимизни яратишимиз лозим.

— Кино соҳасида муваффақиятни олдиндан кўра олиш мумкинми? Сценарийни ўқиган чоғингиздаёқ ўша асарнинг қиймати, савияси, томошабоплиги аён бўладими? “Шабнам”, “Жаноб ҳеч ким”, “Фаришта”, “Ўзимдан ўзимгача”, “Исломхўжа”, “Элпарвар”, “Ибрат”, “Илҳақ” каби фильмлар халқимизга маъқул бўлишининг асосий сабаблари нимада деб биласиз?

– Албатта, ҳар битта продюсер деймизми, режиссёр деймизми, қилган иши муваффақиятли чиқишини хоҳлайди. Кино соҳасида муваффақиятни олдиндан кўра олиш жуда қийин. Лекин сценарийни ўқиганда ўша асарнинг қиймати, савияси, томошабоплиги бирдан билинади. Кейинги жараён эса бевосита ижодий жамоага боғлиқ. Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, сценарий ҳар томонлама яхши бўлиши, лекин киноасар муваффақиятли чиқмаслиги мумкин. Театрда ўша асар саҳналаштирилса, зўр чиқади, лекин киноасарга айлантирилса, ўхшамай қолади. Ёки аксинча, сценарий ҳолатида бўшроқ кўринган асар кино жараёнида очилиши мумкин.

   Тарихий фильмларни халқимиз жуда узоқ кутди. Чунки узоқ йиллар тарихий мавзуга ҳеч ким қўл урмади, бунга шароит ҳам йўқ эди. Аммо 2017 йилдан бош лаб бирданига ўнга яқин тарихий фильмлар суратга олиш учун имконият берилди. Биз бу имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилдик. Шу маънода тарихий фильмларимиз халқимизга манзур келди, деб ўйлайман. Айниқса, “Илҳақ” фильми халқимиз томонидан илиқ кутиб олинди, Президентимиз томонидан ҳам эътироф этилди. Бу бизга чексиз қувонч бағишлади, десам адашмаган бўламан.

— Ўзбек адабиётида фильм қилиб ишланиши мумкин бўлган ноёб асарлар талайгина. Келгусида ўзингиз яхши кўриб ўқиган қайси асарни экранлаштириш ниятингиз бор?

— Албатта, фикрингизда жон бор. Ўзбек адабиётида кучли асарлар кўп. Лекин бугунги замонавий адабиётда мен бирор яхши асарни ўқиганим йўқ. Сўнгги йилларда тарихий мавзуда ёзилган асарларни ўқиб кўрдим, лекин қониқдим деб айта олмайман. Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”, Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”, Пиримқул Қодировнинг “Она лочин видоси”, Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” романлари, Шукур Холмирзаев ҳикояларини фильм қилса бўлади деб ўйлайман. Насиб қилса, келгусида шу асарларни экранга олиб чиқиш ниятим бор.

— Хорижда ҳужжатли фильмларга бўлган қизиқиш жуда кучли. Ахир улар ҳаётий асосларга таянган ҳолда суратга олинади. Сенсация бўладиган маълум бир мавзуларга таянган ҳолда ҳужжатли фильм ишлаш фикри хаёлингизга келганми?

 — Юқорида айтиб ўтдим, Америка кинокомпаниялари билан тарихимиз ҳақида туркум бадиий­публицистик фильмлар олишни режалаштирганмиз. Ҳужжатли фильмлардан кўра, бадиий­публицистик фильмларга у ерда талаб юқори. Тарихимиз жуда бой, буюк алломаларимиз, саркардалару хонларимиз, жадидларимиз ҳақида қанча кўп фильм олсак, халқимиз учун шунчалик фойдали. Ёшларимиз хориж қаҳрамонларига ҳавас қилиб юради, уларга ўхшашга интилади. Чунки биз ҳали ҳам ўзимизнинг аждодларимизни уларга экранда кўрсата олмадик. Менинг бирдан­бир ниятим — Имом ал­Бухорий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби алломаларимиз, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбек каби боболаримиз, маърифатпарварлар ва жадидларимиз ҳақида кўпроқ фильмлар яратиш. Биз бу фильмларимиз билан ёшларга тарихни, тарихда ўтган буюк инсонларни таништирамиз, уларда фахр туйғусини шакл лантирамиз, шу билан бирга бутун дун ёга ўзбек халқининг куч­қудратини, маърифатини намойиш этган бўламиз. Ижодий янгиликлар ҳақида гапирсам, кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов билан 1916 йилда бўлиб ўтган Жиззах қўзғолони ҳақида янги тарихий фильм устида ишлаяпм из. Насиб этса, келаси йил суратга олиш ишлари бошланади. Шунингдек, Жаҳонгир Аҳмедов ҳамда Ҳасан Тошхўжаевнинг Бибихоним ҳақида ёзган кино сценарийси ҳам тайёр. Халқимизга манзур келадиган яхши киноасарлар яратсак, биз учун энг катта бахт — шу.

— Ижодингизга барака берсин. Суҳбат учун ташаккур.

“Янги Ўзбекистон” мухбири Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА  суҳбатлашди