Хусусан, суд идораларини ихтисослаштириш, судьяларни лавозимга тайинлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий мақомини янада ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилди. Булар эса судьялар ишининг сифати ва тезкорлигини таъминлаш имкониятини бермоқда. Натижада суд хатоларининг сони, ишларни кўриш муддатларини бузиш ҳоллари сезиларли даражада қисқариб бормоқда.
Президентимиз томонидан қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашда, одил судловга эришишда, қолаверса, қонуний суд қарорларини қабул қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Маълумки, 2021 йил 1 январдан мамлакатимизда вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар бирлаштирилиб, ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилди. Назорат инстанциясининг тугатилиши муносабати билан 2021 йил 12 январь куни қабул қилинган қонунларга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига суд қарорларини қайта кўриш институтини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди.
Айни мавзуга бағишлаб Наманган вилоят суди, вилоят Маъмурий суд ҳамда туман, шаҳар ва туманлараро суди судьялари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига киритилган ўзгаришларни ўрганиш ва уларни қўллашнинг бир хиллигини таъминлаш бўйича ўқув-семинар ўтказилди. Унда Олий суд судьялари А.Тўхташев, И.Таджиев ва Ф.Турсуновлар қатнашиб, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар юзасидан судьяларга тегишли тушунтиришлар беришди. Жумладан, «Бир суд – бир инстанция» тамойили асосида туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят даражасидаги судлар томонидан апелляция тартибида, апелляция тартибида кўрилган суд қарорларини эса Олий суд томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ва бу бўйича суд қарорларини эса Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш белгиланганлигига тўхталинди.
Семинарда «Бир суд – бир инстанция» тамойил бўйича биринчи инстанция суди қарори устидан апелляция шикояти бериш, апелляция инстанцияси қарори устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди кассация инстанциясига мурожаат қилиш тартибининг жорий этилгани инсон ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилиниши, вилоят суди томонидан биринчи инстанцияда кўрилган суд ишлари юзасидан берилган шикоятларни шу суднинг ўзи томонидан юқори инстанция суди сифатида кўрилиши амалиётига барҳам берилгани, натижада мазкур жараёндаги коррупциявий омиллар бартараф этилиб, шикоят қилиш институтининг самарадорлиги ошиши, ўрта бўғиндаги судлар асосан апелляция инстанцияси суди сифатида ихтисослашгач, уларнинг масъулияти кучайтирилиб, барча эътибор суд қарорларининг сифатига қаратилиши ҳамда биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар ўз вақтида бартараф қилиниши, бунда фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини ўз вақтида тиклаш ва одил судловни амалга ошириш сифатини янада яхшилашига имконияти яратгани, биринчи инстанция судида кўрилган ишни бир-икки ой ичида апелляция тартибида, уч-тўрт ой ичида иш Олий судда кўрилишига эришиш имконини бергани, ўз навбатида, судма-суд сарсон бўлишнинг олдини олиши ҳамда қисқа муддатларда жабрланувчи, даъвогар ва ишдаги бошқа тарафларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш имконини бериши ушбу тамойилнинг афзалликлари эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, семинарда суд қарорлари қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш асосида қуйидаги тартиб, яъни Жиноят-процессуал кодексида биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш муддати 10 кундан
20 кунга, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича апелляция шикоятларини бериш муддатлари 20 кундан 1 ойга қадар узайтирилгани, апелляция тартибида шикоят беришнинг ўтказиб юборилган муддатларини тиклаш асослари кенгайтирилгани, қолаверса, кассация тартибида шикоят бериш муддатлари 6 ойдан фарқли равишда 1 йил этиб белгилангани фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоясини таъминлашга кенг асос экани ҳам қайд этилди. Семинар сўнгида судьялар иш кўриш вақтида юзага келаётган муаммоларга ҳам савол-жавоб олиш орқали, «Бир суд – бир инстанция» тамойили бўйича ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.